Самарқандда электр таъминотидаги узилишлар аҳоли норозилигини уйғотмоқда

Регистон
Image caption Электр таъминотидаги узилишлар Самарқанд шаҳрида ҳам кузатилмоқда

Самарқанд вилоятида электр энергияси таъминотидаги узилишлар одамларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Совуқ кунлар тушиши билан Самарқанд шаҳрида ҳам электр таъминотида бот-бот узилишлар кузатила бошлаган.

Самарқанд вилояти ва шаҳрида электр тармоғида узилишлар тез-тез қайтарилгач, шаҳар марказидан бир гуруҳ норози аёллар вилоят ҳокимиятига йиғилган.

Самарқандлик мухолифат фаоли Ҳолиқназар Ғаниевнинг айтишича, аёлларнинг ушбу чиқишидан кейин айрим туманларда чироқ пайдо бўлган.

"Шу чиқишнинг таъсири бўлса керак, кеча ва бугун сал ифоқага келиб қолди. Олдингидек бетартиб истаган вақти ўчиш бўлмай қолди", дейди Ҳолиқназар Ғаниев.

Самарқанд вилоятидаги фаолларга кўра, куз ойларининг совуқ кунлари бошланиши билан электр тармоғида узилишлар тез-тез рўй бера бошлаган.

Жомбойлик уй бекаси узилишларни газ танқислиги сабаб одамларнинг қўшимча иситиш ускуналаридан фойдалана бошлагани билан изоҳлайди.

"Ҳозирча биз яшаб турган жойда электр чироғи бор. Фақат ўйнайди. Мисол учун, эрталаб ўчган бўлса, кечга келиб ёнди. Ноябр ойидан бери электр таъминоти яхши эмас. Совуқ бўлгандан кейин газ унча яхшимас, балки ток печка қўшгани учун қўшимча оғирлик бўлиб кетаётгандир," дейди жомбойлик уй бекаси.

Қўшробот туманида бир суткада фақат 5-6 соатгина электр энергияси келиб туради. Қолган вақтни туман ахолиси газсиз ва чироқсиз ўтказади.

"Кундузи чироқ ўчади, кечги пайт озроқ ёниб яна ўчиб қолади. Бир кунда 5-6 соат ёниб туради," дейди қўшроботлик Бахтиёр.

Пайариқ туманида ҳам чироқни тез-тез ўчиришади ва газни ҳам узиб қўйишади.

Пайариқлик Жавлоннинг айтишича, совуқ тушиб қолган айни кунларда туман аҳолиси уйларни ўтин билан иситишга мажбур бўлаяпти.

"Чироқ, шам билан кунни ўтказаяпмиз. Газ ҳам йўқ. Уйни ўтин билан иситаяпмиз," дейди Жавлон.

Вилоят энергия назорат бўлими ходими электр энергиясидаги узилишлар борасида вилоят электр тармоғига мурожаат қилиш кераклигини айтади.

Унга кўра, ушбу ташкилотга узилишлар борасида ҳали бирорта ҳам шикоят келиб тушмаган.

"Бизга бирорта ҳам шикоят келиб тушгани йўқ. Агар расмий шикоят келиб тушса, биз бориб текширамиз," дейди вилоят энергия назорати ходими.

Самарқанд вилояти электр тармоқлари ташкилотидаги бирорта масъулдан бу борада изоҳ олишнинг имкони бўлмади.