"Собиқ жосус" Ўзбекистонга депортация этилиши мумкинми?

Икром Ёқубов
Image caption Икром Ёқубов сохта ҳайдовчилик гувоҳномасидан фойдаланаётган пайтда қўлга олинган

Британиянинг Daily Mail газетаси тарқатган хабарга кўра, Лондондаги Кингстон тумани жиноий маҳкамаси Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг "собиқ жосуси" Икром Ёқубовни сохта ҳайдовчилик гувоҳномасидан фойдаланишда айбдор деб топган.

Ўтган жума куни чиқарилган ҳукмга мувофиқ, 30 ёшли Икром Якубов 8 ойлик шартли қамоқ жазосига ҳукм этилган.

У шунингдек ахлоқ тузатиш ишларига маҳкум этилган.

Кингстон тумани жиноий маҳкамаси ҳукмида таъкидланишича, Икром Ёқубов йўл ҳаракати қоидасини бузганини эътироф этган.

2008 йил сентябрида Британиядан сиёсий бошпана сўраган Икром Ёқубов ўзининг Ўзбекистон Хавфсизлик Хизматининг собиқ зобити эканини даъво қилган.

Би-би-сининг Newsnight дастурига берган интервюсида Икром Ёқубов бегуноҳ инсонларга нисбатан жиноий ишларни сохталаштиришга мажбур бўлгани ва инсонлар қийноққа солинганларининг гувоҳи бўлганини даъво қилган эди.

Daily Mail газетасида таъкидланишича, Кингстон тумани жиноий маҳкамаси Икром Ёқубовнинг ҳайдовчилик гувоҳномасини Португалияга қилган ўта махфий иш сафари чоғида қонунан олганига оид кўрсатмасини рад этган.

Икром Ёқубов ҳайдовчилик гувоҳномасини Ўзбекистон Хавфсизлик Хизмати томонидан Лиссабонга юборилиши ортидан, ҳайдовчилик курсларида таълим олиб, қўлга киритганини айтган.

Бироқ унинг мазкур кўрсатмаси Британия ички ва ташқи жосуслик хизматлари томонидан тасдиқланмаган.

Полиция ҳайдовчилик гувоҳноманинг голограммаси ва шрифтлари нотўғри экани аниқлаган.

Daily Mail чиқарган мақолада ёзилишича, Ўзбекистонда давлатга хиёнат қилишда ҳукм этилганини даъво қилган Икром Ёқубов ҳакамга: "Бу мен учун ҳаёт ва мамот масаласи. Мен бу мамлакатда тоза ном билан яшашни истайман," деб айтган.

Маҳкама ходимининг айтишича, қоралов томони Икром Ёқубовни Британиядан чиқариб юборишни тавсия қилган, аммо ушбу масалада қарор олинмаган.