Standard&Poor's Ўзбекистон банкларининг кредит рейтингини кўтарди

Image caption Ўтган ой Moody's "Агробанк"нинг кредит рейтингини пасайтириши мумкинлигини айтган эди

Uzdaily.uz нашрининг хабар беришича, Standard & Poor’s халқаро кредит агентлиги Ўзбекистон банк тизимининг ишончлилик даражасини бир поғонага кўтарган.

Агентлик мамлакатлар ва соҳаларга доир рисклар баҳоси бўйича Ўзбекистонни 9-гуруҳдан 8-гуруҳга ўтказган.

Иқтисодий янгиликларга ихтисослашган нашрнинг Standard & Poor’s дан иқтибос келтиришича, агентлик Ўзбекистоннинг банк тизимини янги услуб бўйича баҳолаган.

Унга мувофиқ, мамлакатлар банк тизимидаги рискларга кўра, 1 дан 10 гача бўлган гуруҳларга бўлинади.

1-гуруҳ давлатларда риск кам, 10-гуруҳда эса давлатлар иқтисоди ва банк тизими энг кўп риск остида бўлади.

Агентликнинг изоҳ беришича, Ўзбекистонда иқтисодий барқарорликнинг бузилиш хавфи юксак, иқтисодда мувозанат бузилиши хавфи ўртача, кредит риски эса катта.

Агентлик ушбу гуруҳга Ўзбекистон билан бир қаторда собиқ шўро давлатларидан Қозоғистон, Гуржистон ва Латвияни ҳам киритган.

Ҳукумат дастаги

Standard & Poor’s Ўзбекистон ҳукуматининг банк тизимини дастаклаш эҳтимоли жуда юксак, деб ҳисоблайди.

"Ҳукумат молиявий-иқтисодий инқирозлар чоғида банкларга сезиларли дастак берган", - дейилади агентлик хабарида.

Ўтган ой бошқа бир халқаро кредит агентлиги -Moody's Ўзбекистоннинг "Агробанк"и кредит рейтингини пасайтириши мумкинлигини айтган эди.

Бунга банкнинг ўтган йилдаги молиявий амалиётларига доир ҳисоботнинг йўқлиги ва айрим маълумотларнинг шаффоф эмаслиги сабаб бўлган.

Шу йилнинг августида Moody's Ўзбекистон банк тизимининг "барқарор" даражадаги рейтинг баҳосини "қайта тасдиқлагани" хабар қилинганди.

Ўзбекистон ҳукумати бундан уч йил муқаддам дунёни ўз забтига олган ва ҳозирда қайтадан бўй кўрсата бошлаган жаҳондаги молиявий инқироз мамлакатни четлаб ўтганини айтиб келади.

Мутахассисларга кўра, бунга Ўзбекистондаги ислоҳотлар эмас, балки қисман мамлакат банк тизимининг халқаро молия бозорига унчалик интеграция бўлмагани сабаб.

Сешанба куни Ўзбекистон парламенти қонунчилик палатасининг бюджет қўмитаси бу йил мамлакат ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўсиши 8.4 фоизни ташкил этишини айтган.

Мустақил таҳлилчилар ҳукуматнинг иқтисодий ва бошқа соҳалардаги расмий кўрсаткичларини савол остига олишади.

Уларга кўра, сўнгги йилларда Россияда меҳнат қилаётган миллионлаб ўзбекистонликлар уйларига юборган маблағлар ўзбек сўмини бутунлай барбод бўлишдан асраб қолган.