Ослода 'Ал-Қоида'га алоқадорликда гумон қилинган ўзбекистонлик устидан маҳкама бошланади

Image caption Ўзбекистонлик гумондорнинг полицияга ўзи ихтиёри билан боғлангани ва ҳозир озод этилгани хабар қилинган

Норвегия ҳуқуқ-тартибот органларидан билдиришларича, 15 ноябр куни Осло шаҳрида "Ал-Қоида" тармоғига алоқадорлик ҳамда даниялик карикатурачи рассомни ўлдиришга қасд қилишда айбланаётган уч шахс устидан маҳкама бошланади.

Хитойлик уйғур Микаэл Давуд, ироқлик курд Шавон Содиқ Сайид Бужак ҳамда Норвегияда Давид Якобсен исми билан билинган Ўзбекистон фуқаросига "шимолий Оврўпода террорчилик ҳужумларини содир этишга тил бириктириш" айблови қўйилган.

Ўзбекистонлик айбланувчининг асли тошкентлик собиқ милиция ходими Алишер Абдуллаев экани айтилади, айни пайтда у озодликка чиқарилган.

Уч шахс 2010 йилнинг июл ойида ҳибсга олинган, Норвегия полицияси улардан бирига тегишли бомба ясаш учун етарли моддалар - гидроген пероксид, ацетон топилгани ҳақида хабар тарқатган.

Прокуратурага кўра, уч гумдондор Муҳаммад Пайғамбарнинг ҳажвий суратини нашр қилган Даниянинг Jyllands-Posten рўзномаси ва карикатурачи рассом Курт Вестегардга ҳужум қилишни режалаган.

Курт Вестегарднинг 2005 йилда нашр қилинган ҳажвий расмлари жаҳондаги мусулмонларни ғазаблантирган, кўплаб мамлакатларда намойишчилар билан хавфсизлик кучлари тўқнашишига ва инсонлар ўлимига олиб келган норозилик чиқишларига сабаб бўлган эди.

"Бизнинг исбот-далилларимиз уларнинг бўйнига қўйилган айбловлар қанчалар асосли эканини намойиш этади. Уларга 20 йиллик қамоқ жазоси тайинланиши мумкин", деб айтган прокурор Геир Евангер "Франс Пресс" ахборот агентлигига.

Норвегия жосуслик хизмати асли миллати уйғур, Норвегияда Микаэл Давуд исми-шарифи билан рўйхатдан ўтган шахсни ушбу гуруҳнинг раҳбари ва "Ал-Қоида"га алоқадор деб билади.

Микаэл Давуд "Ал-Қоида"нинг Покистондаги жамлоғида портловчи моддаларни ясаш ва улардан фойдаланишни ўргангани хабар қилинган.

Норвегия расмийлари унинг Осло шаҳридаги Хитой элчихонасини нишонга олганини ҳам айтишган.

Ўзбекистонликнинг ўз ихтиёри билан полицияга боғлангани ва ҳужум режалари учун масъулликни рад этгани хабар қилинган, Норвегия расмийлари унинг қўйиб юборилганини айтишган.

Ушбу маҳкама жараёни Дания рўзномаси карикатурасини кўчириб босган Париждаги журнал таҳририятига ўт қўйилганидан бир неч кун ўтиб бошланмоқда, Тунисдаги парламент сайловлари ҳақидаги махсус сонининг муҳаррири Муҳаммад Пайғамбар деб эълон қилган Charlie Hebdo ҳафталиги биносига ёқилғи бомбалари улоқтирилган эди.