Лариса Москалёва: "Менимча, энди юқорироқ даражага чиқиш пайти келди"

Лариса Москалёва
Image caption Лариса Москалёва қўшиқлари Ўзбекистонда катта шуҳратга эга

Ўзбекистонда энг кўзга кўринган санъаткорлардан бири Лариса Москалёва bbcuzbek.co ўқувчилари ва тингловчиларимизнинг саволларига жавоб берди.

Хонанда санъат мухлислари орасида "Марварид" тахаллуси билан танилган.

Лариса Москалёва 1974 йилнинг 28-сентябрида Тошкент шаҳрида таваллуд топди.

У аввалига мусиқа мактаби ва Ботир Зокиров номидаги касб-ҳунар билим юртининг вокал бўлимида таълим олди.

Кейинчалик Тошкент Давлат Маданият Институтининг режиссёрлик бўлимини аъло баҳолар билан битирди.

Лариса Москалёва санъат оламига 1990-йиллар бошида кириб келди.

Санъаткор ижросидаги "Йўл олай", "Ёримга", "Поппури", "Райҳон" каби ўнлаб ўзбек қўшиқларни кўпчилик севиб тинглайди.

Ўтган вақт давомида у "Ўзбекистон - ватаним маним", "Славянский Базар", "Шарқ Тароналари", "Discovery" номли кўплаб халқаро мусиқий фестиваллар лауриатига айланди.

Ўзбек, рус ва инглиз тилида ижод қилувчи "Марварид" Араб Амирликлари, Покистон, Хитой, Озарбайжон, Олмония, АҚШ, Россия сингари дунёнинг кўплаб мамлакатларида ижодий сафарларда бўлди.

Лариса Москалёва ўтган йигирма йил давомида 5 мусиқий албом чиқарди, икки мусиқий филмда суратга тушди.

Унинг Фаррух Зокировнинг "Майсара - Супер Юлдуз" мюзиклида ижро этган Ойхон роли кўплар хотирасида яхши сақланган.

Лариса Москалёва таниқли санъаткор бўлиш билан бирга, таэквондо бўйича қора белбоғни қўлга киритган илк ўзбекистонлик аёлдир.

Турмушга чиққан ва икки фарзандни тарбияламоқда. Оила қурганини ҳаётидаги энг катта ютуғи деб ҳисоблайди.

Муҳожир: Салом Лариса опа, сизни асли жиззахлик деб эшитгандим, лекин ҳозир Би-би-сида сизни Тошкентда туғилган ва ўқиган деб ёзишибди, қайси фикр тўғри?

Лариса Москалёва: Бу саволни Тошкентда ва мен бўлган дунёнинг кўплаб шаҳарларида менга кўп беришади. Ҳақиқатдан ҳам, кўплар мени Жиззахда туғилиб, ўсган деб ҳисоблашади. Аслида мен Тошкентда туғилганман ва таълим олганман. Аммо мени Жиззах билан кўплаб ришталар боғлаб туради. Катта саҳнада ижодий йўлимни бошлар эканман Жиззах вилояти ҳокими таклифи билан у ерда бир неча йил ишладим ва таълим олдим. Жиззах вилоятининг барча туманларида бўлдим, концертлар бердим. Мен, ҳаттоки, Ялтада бўлиб ўтган халқаро конкурсда Жиззах вакили сифатида иштирок этганман. Ўшанда дунёнинг 40 мамлакатидан келган санъаткорлар орасида иккинчи ўринни эгаллаган эдим. Мен Жиззахни жуда севаман ва ҳозирда ҳам у ерга бориб тураман. Ҳаттоки бу шаҳарга атаб қўшиқ ҳам ёзганман. Мен ҳар доим Наврўз ва Мустақиллик байрамлари пайти Жиззахга бориб, бу қўшиқни куйлайман.

Елизавета, Тошкент: Ҳурматли Лариса! Шеър ёзиб туришингиздан хабарим бор. Улар Даната Давронованинг “Шеърий акварель” лойиҳасида Classic FM орқали янграган. Ушбу лойиҳа ҳақида нима деб ўйлайсиз? Сизнинг янги шеърларингиз яна эфирда янграйдими? Сиз уларни бирор марта бўлсин, нашр этганмисиз?

Лариса Москалёва: Жуда яхши савол. Бу лойиҳа ҳақида эшитганлари мени жуда хурсанд қилди. Мен бу ажойиб лойиҳа ҳали кўп яшаши керак деб ҳисоблайман. Лойиҳа муаллифи Даната Давроновадан жуда ҳам миннатдорман, чунки у мени менда шоирлик қобилияти борлигига ишонтира билди. Шу пайтгача ўзимни шоир деб ҳисобламас эдим, фақат варақ қоралаб турардим. Чунки, шеърият ички кечинма ва бу фақат қоғозларда қолиб кетади, деб ҳисоблар эдим. Шунда мени ўз шеърларимни ўқишга чақиришди ва бу менга жуда ёқиб тушди. Шеърларим яна янграйдими? Умидларим йўқ эмас. Аммо ҳозир ҳаётимда мен ҳақиқатдан узоқлашиб, шеъриятга вақт ажрата олмайдиган даврни бошдан кечираяпман. Шеърларимни нашр этмаганман, чунки мен одамларнинг бунга эътибор қаратишларига ишонмаганман. Аммо, билдимки, инсонлар шеъриятга катта эътибор қаратишар экан. Хуллас, келажакда шеърларимни чоп қиламан деган умиддаман.

Даната Давронова, Тошкент: Қимматли Лариса! Иккита саволим бор:

1. Ҳаётингиздаги энг муваффақиятли лойиҳа қайси?

Лариса Москалёва: Данатахон, шундай бахтли кунда ёнимда турганингдан жуда хурсандман. Санъаткор учун ҳаётидаги энг бахтли лойиҳа бу оила қуришдир, деб ҳисоблайман. Бизнинг телба суръатли ҳаётимизда бунга эришиш, албатта, осон эмас. Ҳаётда санъаткорни ҳамма ҳам яхши тушунавермайди. Мен учун катта ютуқ - узоқ йиллардан буён оилали эканим, фарзандларим борлиги. Худо хоҳласа, эрим билан танишганимга яқинда 10 йил тўлади. Мен оила мавзусида иложи борича камроқ гапиришга ҳаракат қиламан. Чунки, ҳақиқий ҳислар кўз-кўз қилинмаслиги керак. Менимча, оила ҳақида қанча кам гапирсанг, шунча яхши ва тинчроқ яшайсан.

2. 20 йилдан кейин ўзингиз, оилангиз ва қизларингиз ҳаётини қандай тасаввур қиласиз?

Лариса Москалёва: Мен ҳали шунчалар узоқ даврга қараганимча йўқ. Лекин, албатта, биринчи навбатда, барчамизни соғ-саломат кўришни истардим. Фарзандларимни эса ўз орзуларига етишларини истардим. Ўз севган ишинг билан шуғуллансанг катта бахт. Буни ўз тажрибамдан биламан. Албатта, мен фарзандларимни артист ҳаётини танламаслигини истайман. Лекин, пешаналарида ёзилган бўлса, бунга тўсқинлиқ қилмайман. Агар уларда фавқулодда истеъдодни кўрсам, албатта, ҳар қандай она сингари, қўлимдан келганича ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Катта қизимни шифокор бўлишини истардим. Кичик қизим балки рассом бўлар. Лекин бу ҳалигача менга топишмоқ бўлиб қолаяпти.

Баркамола Мир, Париж: Ҳурматли Лариса! Самимийлигингиз ва меҳрибонлигингиз учун Сизга таъзим қиламан. Бугунги кунларда кам янграйдиган ажойиб қўшиқларингиз билан бизларни мамнун қилаётганингиз учун катта раҳмат.

1. Янги қўшиқларга илҳомни қаердан оласиз?

Лариса Москалёва: Илиқ сўзларингиз учун катта раҳмат. Инсонларнинг санъаткор учун ўз қўшиғини ижро этиш баъзида осон эмаслигини тушунишлари яхши ҳол албатта. Чунки бир қўшиқни куйлаганингда ҳар дам бир кечинмани такрор бошдан кечирасан. Санъаткор сифатида турли образларни ижро этишга тўғри келади. Шеър ва мусиқада ҳам худди шундай. Мен нафақат шеър битаман, балки қўшиқ ҳам ёзаман. Шеър ёзаётган пайтимда, бир вақтнинг ўзида мусиқасини ҳам тасаввур қиламан. Мен илҳомнинг қандай пайдо бўлиши табиатини ҳам билмайман. Баъзида илҳом оний бир кечинма пайти келади. Бу баъзида бахтли сонияларда, баъзида эса оғир онларимда келади. Лекин, менга илҳомни асосан менинг тингловчиларим беради.

2. Мусиқа ва шоу-бизнес оламида муваффақият қозониш учун инсон ўзини қанчалар санъаткор ҳис қилиши керак?

Лариса Москалёва: Жуда мураккаб савол. Унга жуда узоқ жавоб бериш мумкин. Бироқ, менимча, саҳнага санъаткор чиқиши керак. Фақат томошабингина ким санъаткору ким санъаткор эмаслигини ҳал қилади. Мен барча санъаткорларни ҳурмат қиламан. Чунки саҳнага чиқиш катта бир шижоат талаб қилади. Баъзида сен ўзинга эмас, балки халққа таалуқли бўласан. Санъаткор ким, деган мавзуда кўп гапириш мумкин. Шахсан ўзим ҳақимда гапирадиган бўлсам, бормаган жойим қолмаган ҳисоби: пахта далаларию артистлар қадам босмаган узоқ қишлоқлар, болалар уйию шифохоналар, ҳарбий гарнизонлару жазони ўташ колониялари... Концерт пайтида иссиқдан ҳушимдан кетган пайтларим ҳам бўлган, касал ҳолатида ҳам саҳнага чиққанман. Аммо, томошабинлар ўз энергияси билан мени даволаган. Агар инсон санъаткор бўлмаса, саҳнада тура олмайди, ҳаммасини ташлайдию кетади.

Санжар, Лос Анжелес:Салом Лариса. Сизни табиатан кучли ва ёқимли овозингиз бор. Мен сизни охирги марта Тошкентда бир дўстимни тўйида ашула айтганингизда кўрган эдим. Ҳозир мен чет элдаман. Ўзбекистондаги тўйларда тез-тез иштирок этиб турасизми?

Лариса Москалёва: Санжар, саволингиз учун раҳмат. Ўшандай лаҳзалар хотирангизда қолганидан мамнунман. Биласизми, агар қўшиқчини тўйга таклиф қилишса, бу унга берилган мақтовдир. Мени тўйга таклиф қилишса, жон деб рози бўламан. Лекин лицензия тизими бунга ҳар доим ҳам ижозат беравермайди. Яъни, маълум қонун-қоидалар бор. Агар узоқ вақт хориж сафарида бўлсангиз, Ўзбекистонга қайтгач, яна лицензия олишингиз керак. Ана ундан кейин тўйларга борсангиз бўлади. Лицензиям бўлса, мамнуниятла тўйларга бориб, хизмат қиламан.

Везон: Ўзбек эстрадасидаги бошқа “юлдузлар”дан фарқли Сиз, баъзи гапларга қараганда, фонограммада ашула айтмас экансиз. Нега? Ахир бу ҳозир модадаку!

Лариса Москалёва: Савол жуда ҳам кулгули. Одамлар ким фонограмма билан ким фонограммасиз айтаётганини фарқлай бошлашгани жуда ҳам мамнун этадиган ҳолат. Мен фонограммада айта олмайман, чунки унга ҳеч туша олмайман. Мен ҳар доим жонли мусиқада фонограммасиз айтишни орзу қилиб келганман. Ҳозир фақат жонли ижро этаяпман. Агар имкони бўлса, мен қўшиқларни бир умр жонли ижро этган бўлардим. Албатта, овоз пардалари абадий эмас. Аммо кучим бор экан, фонограммада айтмасликка ҳаракат қиламан. Ҳозирча, кўз тегмасин, бу қўлимдан келаяпти.

Улуғбек Мелиев, Канада: Ассалому алайкум Лариса опа! Нега санъат майдонида кам кўринасиз?

Лариса Москалёва: Бу энди сизнинг қаерда эканлигингизга боғлиқ. Айтишади-ку, қайси маҳаллада кўринишингга боғлиқ, деб. Биласизми, охирги пайтларда кўп ижодий сафарларда бўлганим учунми, билмадим... Биласизми, мен албатта қўлдан келганича ҳаракат қилаяпман. Аммо, сенда оила, фарзандлар бўлса, улар билан кўпроқ бўлгинг келади. Мен ҳақиқий она бўлишни истайман. Мени улар доимо кўриб туришсин, дейман. Кўплар ёшликларида ўз оналарини болаликларида кўрмаганликларини, уларни энагалари қарашганини айтишади. Шунинг учун, мен вақтимни кўпроқ оилам даврасида ўтказишга ҳаракат қилаяпман. Бундан ташқари, яна баъзи жузъий нарсалар борки, улар ҳақида гапира олмайсан. Лекин, мени ўйлашимча, ҳамман нарсанинг ўз вақти бор. Ҳаммаси яхши бўлади ва мен санъат билан шуғулланишни давом эттираман. Менимча, энди юқорироқ даражага чиқиш пайти келди.

Бахром, Тошкент: Салом Лариса! Биз пионерлик пайтимизда 1987 йилда Артекда бирга дам олганмиз. Менинг саволим айнан шунга боғлиқ.

1. Шахсан мен болалигимни муҳаббат билан эсга оламан и бир лаҳза бўлса ҳам Артек даврига қайтгим келади. Сен ўша даврга қайтиб, айнан ўша лагерда бўлишни истаганмисан?

Лариса Москалёва: Бахром, шунча йил ўтиб топилганимиздан жуда ҳам хурсандман. Ҳақиқатдан ҳам, бу ажойиб давр - мактабда аъло ўқиганим ва фаол бўлганим учун берилган мукофот эди. Ёшим 13 да эди ўшанда. Артек ва Ялта мен учун уйимиздан узоққа қилинган биринчи сафар эди. Денгиз, дунёнинг турли бурчакларидан келган болалар... Ғаройиб макон... Ўшанда мен жуда кўп машҳур шахсларни кўрган эдим. Эсимда бор, ўшанда мен ҳам қўшиқ айтгандим, ҳам рақсга тушгандим. Хуллас, ўзимда бор иқтидорни кўрсатган эдим... Кўплаб мукофотларни олдим. Унутилмас кунлар эди, ҳақиқатдан ҳам. Ҳа, мен Артекда бўлишни хоҳлаган бўлардим.

2. Агар ҳаётингни қайтадан бошласанг, нималарни ўзгартирган бўлардинг?

Лариса Москалёва: Ҳаётимни бирор нарсани ўзгартирмаган бўлардим. Бирор нарсани бузиб қўйишдан ҳам қўрқаман. Мен ўзимни ўзига тўқ ва бахтли инсон деб ҳисоблайман. Ҳаётдан ҳамма нарсани шукр қилиб, қабул қиламан. Ҳаттоки муваффақиятсизликлар ҳам, агар уларга диққат билан қарасам, менга тўғри нарсаларни ўргатишади. Менимча, инсон ҳаётида ҳамма нарсани ўз идроки билан англаб етиши керак. Шунинг учун мен ҳаётимда ҳеч нарсани ўзгартирмаган бўлардим.

Муроджон, Вена: Ҳурматли Лариса, ўзбекчани қанчалар яхши биласиз?

Лариса Москалёва: Буни тингловчи баҳолаши керак. Чунки, мен бирор тилни яхши биламан деб айта олмайман. Ҳатто ўз она тилим - русчани ҳам. Биласизми, мен рус мактабида таълим олганман. Ўзбек тили ўқитувчимиз мени жуда яхши кўрарди. Сабаби, мен ҳар қандай ўзбекча шеърни беш дақиқа ичида ёдлаб олардим ва соф ўзбек тилида ўқиб бера олардим. Лекин ўзбеклар даврасида ўсмаганман. Ҳозир ҳам атрофимдагилар бугун ҳам русча гапиришади. Лекин, мен ўзбекчани жуда яхши тушунаман. Баъзида гапиришга ботина олмайман. Чунки, қандайдир тўсиқ бор. Мен бир нарсани қилсам, уни аъло даражада ижро этишга ўрганганман. Албатта, бозорда ёки дўстлар орасида ўзбекча гапиришим мумкин, лекин тоза гапириш ёки ўзбек тилида шеър ёзиш қўлимдан келмайди. Ҳаракат қилиб кўрдим, албатта. Тез орада бу даражага ҳам етиб қолсам керак. Ҳаракат қилаяпман. Мен кўплаб тилларда куйлайман. Қайси тилда куйламайин, у ердаги ҳар бир сўзнинг маъносини яхши англайман. Ўзбек тилидаги қўшиқларни ҳам, бошдан-оёқ тўлиқ тушунган ҳолда куйлайман.

Сиёвуш, Москва: Ўзим ҳам хонанда бўлганим учун сизни ўзимга устоз деб биламан. Сизнинг қўшиқларингзни севиб тинлгаймиз. Сизни барча қўшиқларингиз халқнинг ишончини йўқотмаган. Сиздан яна шундай қўшиқларни кутиб қоламиз. Илтимос, санъатингизда рўй бераётган янгиликлар ҳақида бизга озгина маълумот бериб ўтсангиз.

Лариса Москалёва: Сиёвуш, айни дамда мен қўшиқ устида ишлаётганим йўқ. Мен бир неча лойиҳани тугатаяпман, лекин улар мусиқага алоқадор эмас. Ҳаётимда кичик ўзгаришлар бўлаяпти ва мен ҳозир кўпроқ адабиёт ва дизайнга боғлиқман. Бир оз бошқачароқ йўналишларда ривожланишга ҳаракат қилаяпман. Аммо, ўтган йили мен янги қўшиқлар тўпламини диск ҳолида чиқардим. Бу диск ўз ичига авваллари чиқарган беш альбомимдаги қўшиқлар ўрин олган. Агар Тошкентда бўлсангиз, уларни мусиқий дўконлардан топишингиз мумкин.