'Ҳамма жиҳатлари билан Ўзбекистон Қаддофийнинг Ливиясига ўхшаб кетади'

Фото муаллифлик ҳуқуқи m

Foreign Policy журнали "Каримов учун бўсалар" деб сарлавҳалан мақола эълон қилган. Мақолада "Араб баҳори" манзарасида АҚШ ва Оврўпонинг Ўзбекистон билан муносабатлари таҳлил этилади.

"Каримов учун бўсалар" мақоласининг қисқа шарҳи:

"Ўзбекистоннинг диктатори навбатдаги Қаддофий. Реализм бир нарса, лекин Қўшма Штатлар иблисни ўзининг номи билан аташдан қўрқмаслиги керак", деб бошлайди ўз мақоласини муаллиф Том Малиновски.

"Сен кучли бўлсанг, сен билан ҳамма яхши муносабатда бўлади. Кучли бўлмасанг - хайр", деб айтганди қудратдан ағдарилган ливиялик автократ Муаммар Қаддофийнинг ўғли Сайфул Ислом, ундан нега Ғарб отасига қарши чиққани ҳақида сўрашганида.

Бу гапи учун ким уни айблаши мумкин? Йиллар давомида Қўшма Штатлар ва Оврўпо Қаддофийнинг кўнглини топиш ва унинг нефти учун унинг шафатсизликларини камайтириб келдилар. 2,7 миллиард доллар учун улар Локерби иши бўйича авфни сотиб олишига изн бердилар. "Ал-Қоида"га қарши курашдаги ёрдами учун дунё бўйлаб қўлган олинган ливиялик жангариларни унинг қўлига топширдилар. Ливиялик жангариларга қўшиб Қаддофийнинг бош хавфсизлик расмийси Муса Куса номига юборилган АҚШ ва Британия жосуслик хизматлари расмийларининг мактублари "Қадрли Муса" деб бошланарди", дейилади "Ташқи сиёсат" журналидаги мақолада. Хўш, мустабидлар ҳокимият тепасида бўлган пайтида улар билан оғиз-бурун ўпишиш тўғрими? Гап Қаддофий ҳақида борганида бу савол баҳсли бўлиши мумкин, лекин қарор қабул қилишга тўғри келганида, ушбу вазият билан америкалик амалдорларнинг ҳар куни рўпара бўлишига тўғри келмоқда - фақат Араб дунёсида эмас, бошқа шафқатсиз ва нодемократик "иттифоқчилар" билан, мисол учун Марказий Осиёда".

"Сиз Араб баҳори келган минтақага ва Марказий Осиёдаги Ўзбекистон мамлакатига бир назар ташланг! Республикачи президентликка номзод Ҳерман Кейн "Убеки-беки-беки-беки-беки-стан-стан" деб машҳур қилишидан олдин бу мамлакат у ердаги диктатура ўз душманларини тириклигича қайнатиб ўлдирадиган жой сифатида танилган эди. Унинг раҳбари, собиқ Совет аппаратчиги Ислом Каримов шафқатсиз, коррупцияга ботган давлатни бошқаради, у ерда демократик муқобил йўлни истаган ҳар қандай кишини қамоқхонага ташлашади ва қийноқларга тутишади. Айтишларича, у кўнглининг тубида ҳокимиятни қизига топшириш ниятини яшириб юрипти, қизини эса АҚШдан сизиб чиққан WikiLeaks маълумотларида мамлакатда энг ёмон кўриладиган шахс деб кўришади. Унинг қўли остидагилар 2005 йилда ғалаён кўтаришга уриниб кўришган, бироқ қирғин қилинган эдилар. Ҳозир улар сустга ўхшайдилар, аммо сатҳ остида сув қайнаётир. Ҳукумат Ғарбга ислоҳотларни ваъда қилган, лекин ҳеч нарса қилаётгани йўқ".

"Ҳамма жиҳатлари билан Ўзбекистон Қаддофийнинг Ливиясига ўхшаб кетади. Лекин Ўзбекистоннинг Қаддофийда бўлмаган бир устунлиги бор: унинг Афғонистон билан чегаралари. Пентагонга Афғонистондаги АҚШ қўшинлари таъминоти учун, у ёққа бориш ва ниҳоят қўшинларни у ердан олиб чиқиш учун транзит йўли керак. Пентагонга Ўзбекистон устидан "парвоз ҳудуди" керак. Уни сотиб олиш учун Обама маъмурияти Конгрессдан охирги марта хавфсизлик кучлари намойишчиларни отганидан кейин жорий этилган ҳарбий кўмакларга чекловларни олиб ташлаш билан инсон ҳуқуқларидан воз кечишни сўради. Икки ҳафта олдин Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон муносабатларни мустаҳкамлаш учун Тошкентга учиб бориб келди".

"Йиллар давомида Оқ Уйда ўзгараётган маъмуриятлар Ўзбекистон ҳукумати ва унинг қамал қилинган мухолифларига айтиб келишган - инсон ҳуқуқлари соҳасида кўзга кўринарли ўзгаришлар ясалмагунича ёрдам берилмайди. Энди эса ўзбекларнинг Қаддофийлар ўйлаган нарсани ўрганадиган хавф вужудга келди: агар сенда америкаликлар хоҳлаган нарса бўлса, қаттиқ тур - улар ўз тамойилларида қатъий бўлмайдилар".

"Нимадир қилишга тўғри келганда, Обама Афғонистондаги юз минг америкалик ҳарбийлар манфаатини Ўзбек диссидентларидан устун қўйиши ҳайратланарли эмас. Бу эса бизга реалистлар айтиб келадиган Америка президентлари танлайдиган танловдир. Бунда мен маъмурият Ўзбекистонга нисбатан қаттиқ туриши мумкин эди, деб ўйлайман. Қўшма Штатларнинг Афғонистондаги муваффақиятига ёрдамлашиши учун Каримовни сотиб олиш шарт эмас эди; у Афғонистондаги барқарорликдан манфаатдор, унинг атрофидагилар Қўшма Штатлар ҳарбий контрактларидан алаққачон мўмай даромад кўрмоқдалар".

"Бунга қўшимча, улар реалист бўлмоқчи бўлсалар, АҚШ расмийлари ҳеч бўлмаганда Ўзбекистонга ўхшаган мамлакатлар билан муҳокама қилаётган пайтларида реалист бўлмоқлари лозим. Унинг ўрнига улар бу мамлакат иқтисодини Марказий Осиёни Оврўпо билан боғлайдиган "Янги Ипак" йўли"га қўшиш ҳақида гапирмоқдалар. Улар Каримовнинг фарзандларига демократик мамлакатни қолдириш ҳақидаги гапларига ишонишларини айтмоқдалар. Худди бундан олдин Қаддофий ёки Сурия Президенти Башар ал-Асад режимлари юмшашига умид қилингани сингари".

"Ҳақиқий реалист ҳодисалар бу тарзда ривожланмаслигини яхши тушунган бўларди. Аксинча, Ўзбекистонда бўлиниш чизиқлари тўла ёрлимагунича депсиниш ва қатағонлар бўлади. Кейин эса АҚШнинг яна ўша қайғули танловни танлашига тўғри келади".

Biz Prezidentimizni hurmat qilamiz va qo'llab quvvatlaymiz. Amerika o'z yo'lida ovroppa o'z yo'lida biz O'zbekona yashaymiz va O'zbekona hayotimizga havasi kelganlar harhil maqolalar yozishni bas qilsinlar.

Ahmad, Toshkent