Кондолиза Райс: Андижон масаласида Рамсфельдга ён бермадим

Image caption Шу ой бошида нашрдан чиққан Хотиралари Райс хонимнинг ўз кечмишлари битилган иккинчи китобидир

Президент Жорж Буш маъмуриятининг қудратдан кетишидан бир неча йил ўтиб, собиқ ходимларининг Оқ уйда кечган ҳаётлари ҳақида чоп этаётган хотиралари уларнинг қай асосда сиёсат юритганларини бироз бўлса-да, чуқурроқ англашга имкон беради.

Худди АҚШ собиқ Мудофаа вазири Дональд Рамсфельдга ўхшаб, собиқ Давлат котиби Кондолиза Райс ҳам яқинда чоп этилган Хотираларида 2005 йил 13 май ойидаги Андижон қирғинига қандай муносабат билдириш масаласида ораларида кечган баҳсу мунозараларини ёдга олади.

Чунки ўша пайтда Америка Қўшма Штатлари Хонободда Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари учун ниҳоятда муҳим бўлган ҳаво базасига эга эди.

Жаноб Рамсфельднинг ўзи эса, ўша кунларни хотирларкан, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ хавотирларини стратегик манфаатларидан устун қўйиши - "маъмуриятининг ўз ташқи сиёсатида йўл қўйган энг афсусланарли хатоларидан бири бўлгани"ни айтганди.

Райс хоним ҳам янги Хотираларида айни шу масалага тўхталиб ўтиб, бу борада қандай қилиб президент Жорж Бушни ўз сўзларига ишонтира олганини ҳикоя қилади.

2005 йилги қонли ҳодисалар ортидан АҚШ инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳвол ҳақида ниҳоятда кескин ҳисобот чиқараркан, Ўзбекистон масаласида қарашларимиз жиддий тўқнашди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов бунга жавобан Афғонистон ишғоли пайтида фойдаланишга рухсат берган ҳарбий базасидан чиқариб юбориш билан таҳдид қилди.

Бу каби имтиёз бизга қимматга тушмаганди, аммо у ушбу битимни ҳурмат қилмади ва айтганини қилди, дейди ўша кунларни хотирларкан АҚШ собиқ Давлат котибаси.

Шунда Дон мени чақириб олиб, ён беришимиз кераклиги, "ҳарбийларининг ушбу базага эҳтиёжлари борлиги"ни айтди. "Хавфсизлигимиз хавф остида экани"ни таъкидлади.

Мен Пентагоннинг аҳволини тушуниб турганим, аммо биргина Ўзбекистондаги ҳарбий ҳозирлиги деб, АҚШ инсон ҳуқуқлари масаласида мавқеини юмшата олмаслигини айтиб, жавоб бердим, деб ёзади Райс хоним, - "Устига устак, Ўзбекистон президенти таҳдид қилиб турган бир пайтда, бош эголмаслигимизни тушунтирдим".

Назаримда, Дон буни инсон ҳуқуқлари масаласини хавфсизликдан устун қўйиш деб тушунди ва ўша пайтда Оқ уйнинг Миллий Хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Стив Ҳадлейга ушбу масалани президентга етказишни буюрди.

Президент Жорж Буш, сўзсиз, ҳарбий базани сақлаб қолишни истарди. Бироқ у менга бироз шаштингдан қайт, демади ва мен ҳам бундай қилмадим, Каримов барибир ўз пўписасидан қайтмасди, мен эса база масаласида Қирғизистон билан музокаралар олиб боришим мумкин эди. Яна Тожикистон ҳам ўз ҳудудидан фойдаланишимиз мумкинлигини баён қилганди, дея ўз хотираларида давом этади Райс хоним.

Аммо барча хотираларда бўлгани каби, буларнинг қанчаси рост ва қанчалик ўзини оппоқ қилиб кўрсатиш ҳаракатлари эканини билиш мушкул.