Бразилия 2014: Ўзбекистон Тожикистонга қарши майдонга тушди, якуний ҳисоб 3:0

Осиё қитъасидан 2014 йилги Жаҳон чемпионатининг навбатдаги саралаш босқич учрашувларига муддатидан илгари йўлланмани қўлга киритган Ўзбекистон бугун ўз майдонида қўшни Тожикистонни 3:0 ҳисобида мағлуб этди.

Учрашувнинг биринчи қисми ўз поёнига етиб бораркан, 35-дақиқада Санжар Турсунов томонидан киритилган тўп Ўзбекистон миллий терма жамоасини олдинга олиб чиқди.

Ўйиннинг 60-дақиқасида Одил Аҳмедов тожикистонликлар дарвозасини аниқ нишонга олишга муваффақ бўлди. Ҳисоб 2:0.

Аммо орадан 12 дақиқа ўтиб, Александр Гейнрих томонидан киритилган яна бир тўп ҳисобни 3:0 га етказди. Шу билан ўйинда ҳисоб ўзгармади.

Шундай қилиб, 5 та ўйиндан 13 очко тўплашга муваффақ бўлган Ўзбекистон миллий терма жамоаси "С" гуруҳида етакчи ўринга чиқиб олди.

"С" гуруҳининг бугун бўлиб ўтган бошқа бир учрашувида сафарда Шимолий Кореяга 1:0 ҳисобида ютқазиб қўйган Япония эса, бир поғона пастлашга мажбур бўлди.

Икки рақиб миллий терма жамоа ўртасидаги ўйин “Пахтакор” марказий стадионида маҳаллий вақт билан соат 18:00 да бошланди.

Бу – Ўзбекистон миллий терма жамоасининг учинчи босқич саралаш учрашувлари доирасида ўтказиши шарт бўлган навбатдаги жавоб учрашувидир.

Аммо “С” гуруҳидан кейиги босқичга йўлланма олган икки миллий терма жамоа тақдири аллақачон маълум экани боис, бу ва Японияга қарши сафарда бўлиб ўтажак ўйин натижалари ўзбекистонлик футболчилар учун у қадар муҳим аҳамият касб этмайди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўтган жума куни ўз майдонида шимолий кореялик рақибларини 1:0, тўрт карра Осиё чемпиони Япония эса, Тожикистонни 4:0 ҳисобида мағлуб этиб, ўз олдиларига қўйилган навбатдаги вазифани қойилмақом қилиб уддалашганди.

Ҳар икки миллий терма жамоа тўрт учрашувдан кейинги босқичга чиқишлари учун етарли бўлган миқдорда, яъни 10 тадан очко тўплашга муваффақ бўлишган.

Лекин, шунга қарамай, Япония тўплар ҳисобидаги фарқ билан “С” гуруҳида пешқадамлик қилмоқда.

Имконият

Бўлажак учрашувларида рақибларини йирик ҳисоб билан мағлуб этишлари ўзбекистонлик футболчиларнинг гуруҳда етакчи мавқеъга чиқиб олишларига имкон бериши мумкин.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийси Вадим Абрамов ҳам бугунги учрашув олдидан берган матбуот анжуманида биринчи ўрин учун албатта кураш олиб боражакларини айтганди.

Вадим Абрамов олдиларида турган вазифа осон эса-да, ниҳоятда муҳим экани, яъни бунинг учун майдонга чиқиб, ғалаба қозонишлари шарт эканини таъкидлади.

Аммо Шимолий Кореяга қарши ўйинда кетма-кет ёққан қор туфайли “Пахтакор” стадионининг аҳволи бош мураббийнинг ташвишларига сабаб бўлган бўлса, бу гал давомий ёмғирлар яна худди шундай хавотирларни пайдо қилган.

Бугунги учрашув осон бўлмаслигини эътироф этган Тожикистон томони эса, ўзбекистонлик рақибларига муносиб қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилишларини айтмоқда.

Аммо Тожикистон миллий терма жамоаси бош мураббийси Олимжон Рафиқов “Ўлим” гуруҳида ҳозирча ўқувчи эканликлари, вақти келиб қолган жамоаларга муносиб рақиб бўлишларига умид қилишларини ҳам яширмади.

Шу пайтга қадар учинчи босқич доирасида ўтказган барча учрашувларини бой берган тожикистонлик футболчилар бирор бир очкосиз “С” гуруҳида сўнгги ўринни эгаллаб туришибди.

Дастлабки учрашув

Ўзбекистон учинчи босқич саралаш беллашувларининг илк учрашувини айнан Тожикистонга қарши ўтказиб, рақибларини ўз уйларида енгишга муваффақ бўлганди.

Тожикистоннинг Турсунзода шаҳрида бўлиб ўтган учрашувнинг 72-дақиқасида Максим Шацких томонидан моҳирона адо этилган 11 метрлик жарима тўпи ўйиннинг тақдирини ҳал қилганди.

Ўзбекистон ва Тожикистон орасидаги дастлабки учрашув Тошкентга бевосита трансляция этилмаган, ўзбекистонлик футбол мухлислари ҳам Тожикистонга боришмаганди.

Ҳар иккала жамоа ўртасидаги 2014 йилги Жаҳон чемпионатининг саралаш босқич учрашувлари расмий Душанбе қуриш ҳаракатида бўлган Роғун ГЭСи сабаб давлатлар орасидаги муносабатлар анчайин совуқлашган бир манзарада бўлиб ўтмоқда.

Тожикистон томонига кўра, Тошкентда бўлиб ўтажак бугунги учрашувни ҳам Ўзбекистондан тўғридан-тўғри трансляция этиш режаларида йўқ.

Аммо Ўзбекистондаги футбол доираларига кўра, ўйинни томоша қилиш учун тожикистонлик мухлислар ҳам ташриф буюришган.

Кўрсаткичлар

Осиё қитъасидан 2014 йилги Жаҳон чемпионатининг учинчи босқич саралаш беллашувларида Марказий Осиё минтақасини фақат Ўзбекистон ва Тожикистон намоён этишмоқда.

Аммо, айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш керакки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси футбол бўйича бутун Марказий Осиё минтақасида энг пешқадам мавқеъда.

Ўзбекистондан ташқари ҳали бирор бир минтақа давлатига Осиё Ўйинларида ғолиб чиқиш насиб этмаган.

Ўзбекистонлик футболчилар Осиё ва халқаро миқёсда эришган ютуқларга ҳам ҳалича бирор бир қўшнилари эришишмаган.