Савицкий коллекцияси директори Мариника Бабаназарова: "Одамлар Савицкийдек буюк шахс ҳақида билишлари керак"

Image caption Савицкийга содиқлиги туфайли Бабаназарова хоним асарларнинг Нукусдан ўзга музейга олиб кетилишига йўл қўймай келади

Жаҳон бўйлаб "Савицкий коллекцияси" дея танилган Нукусдаги Қорақалпоқ Давлат Санъат Музейи директори Мариника Бабаназарова Лондонда ўз устози Игорь Савицкий ҳақида китобини тақдим қилди. "Игорь Савицкий: рассом, коллектор, музей асосчиси" дея номланган китобида у Сталин даврида қатағонга учраган ва отилган рассомларнинг минглаб асарларини сақлаб қолиб Нукусдаги музей ертўласида сақлаган Игорь Савицкийнинг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади.

Асли аслзодалардан бўлган Савицкий Иккинчи Жаҳон Урушидан аввал Ўзбекистонга кўчиб ўтган ва ўз коллекторлик фаолиятини қорақалпоқ осори-атиқаларини йиғишдан бошлаган. У сўнгра йиллар давомида Россия ва Ўзбекистонда совет тарғиботи ва совет реализмига тўғри келмайдиган авангард асарларни тўплай бошлаган. Унинг ёрдами билан совет ҳукумати қора рўйхатига тушган рассомларнинг кўргазмалари уюштирилган. Рассомликдан воз кечиб, ўзга рассомларга ёрдам беришга ўз умрини бағишлаган Савицкий кўпларга ҳали ҳам нотаниш. Ҳўш, нима учун у ҳақида китоб ёзиш зарурати туғилди? Биз бу савол билан Лондонда Бабаназарова хоним билан суҳбат қурдик.

Савицкий коллекциясидаги асарлардан намуналарни мана бу фотогалереямизда томоша қилинг

Бабаназарова: Одамлар бу буюк шахс ҳақида билимга эга бўлишлари керак деб ўйлайман. У шундай бир музейни яратганки, у ҳақида бугунда кўп одамлар, санъат шинавандалари гапиришмоқда, унга рус авангард санъатининг оврўподаги тадқиқотчилари ҳам юксак баҳо беришган. Шундай бир ҳолат юзага келганки, у йиққан асарлар ҳақида жуда кўп гапирилади ва олқишланадию, лекин Савицкийнинг ўзи ҳақида нотўғри маълумот ва афсоналар юзага келган. Лекин, китобни фақат шу сабабдан ёзганим йўқ. Уни барибир ёзиш керак эди. Чунки мен совет даврида яшаб туриб, шундай асарлар тўпламини йиға олган бошқа шахсни билмайман. Унинг босиб ўтган ҳаётий йўли уникалдир.

Би-би-си: Сиз музейга раҳбарликни ундан мерос қилиб олганингизда атиги 23 ёшда бўлгансиз. Ва авваллари ўзингиз айтгансиз, фаолиятингиз бошларида музейни ҳимоя қиламан деб кўп жанжал ва можаролар ичида қолгансиз ва "йиғлаш менинг қуролимга айланди" деб айтгансиз. Қандай қийинчиликлар бўлган?

Бабаназарова: Игорь Витальевич мени музейга ишга таклиф қилганида лавозимни ундан бир кун келиб қабул қилиб олишимни айтган бўлсада, мен бу юкни, тўғрисини айтсам, ўз елкамга олгим келмаган. У тўсатдан оламдан ўтганида, мени раҳбар қилиб тайинлашади деб ўйламагандим. Мен руҳий жиҳатдан бундай вазифага тайёр эмасдим. Муаммолар бирданига бошланди. Мен 1984 йилда Савицкий оламдан ўтишидан кейинги илк дақиқаларданоқ коллекцияни ҳимоя қилиб бошлашимга тўғри келди. Уни ҳали кўмиб ҳам улгурмагандик. Балки бу тасодиф бўлгандир. Лекин улар мени синовдан ўтказаётгандек ва чиниқтираётгандек эди... Балки бу баландпарвоз гапдек туюлар, лекин мени кучлантирган нарса Игор Витальевич олдидаги бурч ва садоқат ҳисси бўлди. Бизга шундай тарбия беришган. У оламдан ўтиши биланоқ музейдан ниманидир қўлдан бой бериб қўйиш мен учун даҳшат эди. Босимлар бошланганда мен учун фожеали давр эди. У ё бу асарни берасан деб туриб олишди. Коллективимиз жуда садоқатли. Ҳар ҳил усулларни қўллаб, асарларни сақлаб қолдик.

Би-би-си: Масалан қандай босимлар бўлган, ким талаб қилган асарларни беришингизни?

Бабаназарова: Масалан, Москвадаги машҳур Третьяков галереясининг марҳум директори Королёв рассом Ўрол Тансиқбоевнинг бешта илк асарларини Третьяковкага беришимизни сўраган. У Тансиқбоевнинг беваси Елизавета Яковлевнани бу асарлар бизда бўлиши керак деб ишонтирган. Елизавета Яковлевна бизга боғланиб, эримнинг асарлари Третьяковкада бўлиши мен учун шараф, беринглар деб ишонтирмоқчи бўлган. Аммо, мен учун бу шараф эмасди. Мен Савицкий Нукусда йиққан асарларни бошқа жойга берилишини ўзим учун шараф деб билмаганман. Бева билан урушиб қолганмиз, ва у ҳафа бўлган, мен йиғлаганман... Лекин бошқа йўл йўқ эди.

Би-би-си: Сизга аёл бўла туриб, эркаклар устунлик қиладиган анъанавий мусулмон жамиятда шундай фаолият юритиш қанчалар қийин?

Бабаназарова: Кўриб турганингиздек, ҳозирча эплаяпман. Албатта, қийинчиликлар бўлади... Аёл деб камситишганини сезмаганман, фақат маиший алоқаларда бўлиб туради. Лекин, мен маҳаллий менталитни ҳурмат қилиб, уни ҳисобга оламан. Ноанъанавий йўлларга боришимига ҳам тўғри келади, лекин ўзим учун эмас, музей учун. Менимча, мен ҳақимда муайян фикр шаклланиб бўлган, шунинг учун ҳам мени ўз ҳолимга қўйишади.

Би-би-си: Аммо, сиз раҳбарлик қилаётган коллекция ахир миллионлаб долларга сотилиши мумкин. Уни қўриқлаш осон бўлмаса керак?

Бабаназарова: Албатта, мутлақо тўғри. Савицкий коллекцияси умуман қабул қилинмаган бир даврдан бирданига модага кирди. Бу ўзгаришлар кўз ўнгимизда юз берди. Музейимиздаги рассомлар асарлари учун халқаро аукционларда қанча пул тўлаётганларини жуда яхши биламиз. Четдан келадиган меҳмонлар "Мана бу асарингиз қанча туришини биласизми ўзи?" деб сўраб қолишади. Биламиз. Шунинг учун ҳам бу коллекцияни ҳимоя қилиш осон эмас. Мен занжирдаги қўриқчи итдекман.

Би-би-си: Оилангиз ҳақида сўзлаб беринг. Сиз Қорақалпоғистоннинг илк президентининг неварасисиз, шундай эмасми?

Бабаназарова: Мен олим одамнинг оиласида туғилганман. Отам Марат Нурмуҳаммедов Қорақалпоғистоннинг биринчи академиги эди. Унинг отаси эса Қорақалпоғистон мухтор республикасининг биринчи президенти бўлган, лекин 1938 йилда советлар қатағонига учраган. Отам машаққатли умрни бошидан кечирган, чунки у ватан душманининг боласи эди. Бу тамға туфайли ҳатто илм-фан соҳасида ҳам илгари силжишга қийналган. Отам қайта қуриш йилларида оламдан ўтди... Унга оиламиз ўтмиши ҳақида жуда кўп саволларим бор, лекин энди уларга ҳеч қачон жавоб ола олмасам керак. У бизни ўтмишимиздан ҳимоя қилишга уринарди. Эслайман, бир марта мен мактабда бобом ҳақида иншо ёзгандим. Муаллима ўқиб кўриб, "Мен сенга беш баҳо қўяман, лекин бу иншони ҳеч кимга бошқа кўрсатма" деб айтганди. Мен бобом республика учун жуда кўп иш қилган деб ўйлаганман, лекин Сталин қатағонлари ҳақида Брежнев даврида ҳам очиқча гапира олмаганмиз.

Би-би-си: Игорь Савицкий билан қандай танишгансиз?

Бабаназарова: Менинг отам Қорақалпоғистон Фанлар Академияси раиси бўлганида ўзига ўхшаган ўтмишга эга бўлган Савицкийни ишга олган. Савицкий ҳам қатағонларга учраган одамларнинг невараси ва ўғли бўлган, бобоси отилган, совет ташқи ишлар вазирлигида нуфузли лавозимда бўлган тоғаси 1934 йилда қатағон қилинган. Мана шу ўхшашликлар отам ва Савицкийни бир-бирига яқинлаштирган. Уларнинг ўзаро суҳбатларини эшитиб катта бўлганман. Дадам у билан кўп ҳазиллашарди ва аксил-совет кўп гапларни айтмасликни тавсия қиларди. Лекин, Савицкий ҳар доим дадамнинг олдида ўзини эркин ҳис қилган ва анча либерал баёнотларни қилган. Мен бу гапларни кўпини эшитганман, лекин асл мағзини тушуниб етганимда уларнинг иккови ҳам оламдан ўтганди.

Би-би-си: Савицкий коллекцияси йирик экологик муаммолардан жабр чекаётган Орол денгизи яқинида жойлашган. Бу шароит музейга таъсир қиладими? Ўзингиз учун ҳам у ерда яшаш қандай?

Бабаназарова: Албатта, бу вазият асарларнинг хавфсизлигига таъсир қилмай қолмайди, лекин биз экологик инқирознинг оқибатлари таъсирини юмшатиш йўлида қўлимиздан келганини қилаяпмиз. Сувда тузнинг миқдори катта, ҳаво жуда қуруқ, ҳарорат юқори бўлади. Биз сувни, ҳавони тозаловчи ускуналарни ишга солаяпмиз, ҳароратни маромда ушлашга уринаяпмиз. Қорақалпоғистон, албатта, жаҳондаги энг яхши жой эмас. Иқлим жуда бераҳм. Лекин, менимча, мен у ерда музей ушлаб турибди. Усиз қаерга ҳам борардик. Яшаяпмиз. Тақдиримиз шу.