Тошкент вилоятида ваҳҳобийликда айбланган 16 нафар диндорга ҳукм ўқилди

Image caption Айбланувчиларнинг яқинлари Ўзбекистон раҳбарияти ва адлия тизимини 'қарғашган'

Тошкент вилоятида ўтган ёпиқ маҳкамада ваҳҳобийликда айбланган 16 нафар диндор 6 йилдан 12 йилгача қамоқ жазоларига маҳкум этилган.

Бу ҳақда хабар берган норасмий Ўзбекистон Инсон мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳига кўра, Янгибозор шаҳрида ўтган маҳкамада Янгийўл тумани яшовчилари бўлган 16 нафар шахс диний-эктремистик ташкилот тузиш, конституциявий тузумга тажовуз ҳамда давлат чегарасини бузишда айбдор, деб топилган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Юқори Чирчиқ туман маҳкамасида, фавқулодда хавфсизлик чоралари остида ўтган жараён ҳақида маҳкама бошланганидан бир неча кун ўтиб, айбланувчиларнинг яқинлари орқали хабар топишган.

Ташаббус гуруҳининг айбланувчилар яқинларига иқтибосан билдиришича, шу йил ёзида янгийўл туман милицияси томонидан ҳибсга олинган айбланувчилар дастлабки тергов даврида қийноққа солинган ва иқрорлик кўрсатмалари беришга мажбурланган.

"Терговчи маҳбусларни шафқатсиз қийноқлар остида оқ қоғозга имзо чекишга мажбурлаган", дейилади хабарда.

'Қарғиш'

Маҳкамани кузатган инсон ҳуқуқлари фаоли Суръат Икромовнинг айтишича, ҳукм эълон қилинганидан сўнг, ундан ларзага келган айбланувчиларнинг яқинлари йиғлаб, дод-фарёд солишган ва "репрессия қилинган диндорларнинг қаровчисиз қолган аёллари, болалари ва кекса ота-оналари учун мамлакат раҳбарияти ва адлия тизимини Аллоҳ номи билан қарғаганлар".

Маҳкама биноси автомат билан қуролланган махсус кучлар томонидан ўраб олинган ва теварак-атрофдаги уйларнинг томларига мерганлар қўйилган.

Маҳкаманинг сўнгги мажлисида қўрқитилган айбланувчилар айблари исботланмаганига қарамай, кечирим сўрашган.

Суръат Икромовга кўра, айбланувчиларнинг ҳимоячилари ва яқинлари маҳкама ҳукмини асоссиз ва буюртма, деб билишади.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, Ўзбекистонда минглаб диндорлар Исломга мустақил равишда амал қилганлари учун маҳкум этилганликлар.

Мамлакат қамоқхоналарида кенг қўлланилиши айтиладиган қийноқларнинг асосий қурбонлари ҳам диний эътиқоди учун қамалганлар, деб ишонилади.