Лондонда Ўзбек-Британия Савдо ва Инвестициялар Кенгашининг йиллик анжумани очилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ўзбек-Британия Савдо ва Инвестициялар кенгашининг Лондонда бўлиб ўтаётган йиллик анжумани кун тартибида айнан қандай масалалар кўрилаётгани маълум эмас.

Ўзбекистондаги Британия элчихонаси маълумотига кўра, Ўзбек-Британия Савдо ва Инвестиция Кенгашининг навбатдаги йиллик анжумани Лондонда очилди.

Лондонда бўлиб ўтаётган учрашув тафсилотлари ва умуман ушбу Кенгашнинг фаолияти ҳақида кўп нарса маълум эмас.

Британия элчихонаси томонидан тақдим қилинган маълумотга кўра, бу галги йиллик учрашув 18 чиси ва Ўзбекистон томонидан 16 кишидан иборат ҳайъат Лондонга етиб келган.

Ҳайъатга Ўзбекистон Ташқи Иқтисодий Алоқалар вазири Галина Саидова раҳбарлик қилмоқда.

Ҳайъат таркибида Олий ва Ўрта Таълим вазири ўринбосари ва "Узбекнефтегаз" Миллий Холдинг ширкати раиси ўринбосарлари ҳам бор.

Ўтган йилги Кенгашнинг йиллик анжумани Тошкентда ўтказилганди.

Ўшанда Британия томони ҳайъатига Британия Қироллиги оиласи аъзоси, шаҳзода Майкл раҳбарлик қилган бўлиб, 38 ширкат вакилларини ўз ичига олган.

Яна Британия элчихонаси маълумотларига биноан, бу йилги анжуманда "ExxonMobil International", "British American Tobacco", "Rio Tinto" ва "Tethys Petroleum" вакиллари дохил 55 ширкат вакиллари иштирок этмоқдалар. Ўзбек-Британия Савдо ва Инвестициялар Кенгашининг асоcий мақсади икки мамлакат ўртасидаги савдо ва бизнес алоқалари имкониятларни мубоҳаса этиб, ривожлантириш, дея айтилган.

Кенгашга 1992 йили асос солинган.

Лекин унинг фаолияти, савдо ва инвестициялар соҳасида не қадар илгари қадамлар қўйилганлиги борасида маълумот жуда оз.

Кенгаш томонидан чиқарилган баёнотларда икки томон ўртасидаги савдо ва инвестияциялар ҳажми ҳақида ҳеч қандай маълумотлар берилмайди.

Кўплаб кузатувчиларга кўра, бу Кенгашнинг мавжудлиги бир маънода рамзийдир, чунки амалда тижорат ва сармоя ётқизишда ўсиш деярли кўзга ташланмайди.

Британиянинг "Oxus-Gold" ва Американинг "Newmont" ширкатлари билан тузилган қўшма корхонлар Ўзбекистон солиқ қонунчилигини бузишда айбланиб, фаолиятлари тўхтатилганидан сўнг хорижий ширкатлар сармоя ётқизишда анчайин эҳтиётокор эканликлари айтилади.