Термиз-Қўрғонтепа темирйўлида портлаш содир бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи railway
Image caption Портлашда темирўл кўпригини ушлаб турган устун қулаб тушгани айтилади

Ўзбекистоннинг Термиз ва Тожикистоннинг Қўрғонтепа шаҳарларини боғловчи темирйўл қатновида содир бўлган портлашни текшириш учун махсус ҳукумат комиссияси тузилган.

Ўзбек томони эълон қилган расмий хабарда айтилишича, Ғалаба-Амузанг ҳудудида юз берган портлашда инсоний талофатлар йўқ.

"Ҳодиса юзасидан жиниоят иши очилган ва Ўзбекистоннинг ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тезкор қидирув ишлари олиб борилмоқда", дейилади "Правда Востока" рўзномасида эълон қилинган расмий хабарда.

Ҳозирда Ўзбекистон томони айни йўналишдаги йўловчи поезди қатновини вақтинча тўхтатган.

Аввалроқ ушбу ҳудуддан ўтувчи Москва-Кўлоб йўловчи поездига чипталар сотишнинг тўхтатилгани хабар қилинганди.

Дастлабки хабарларда чипталар сотишнинг тўхтатилиши Россия ва Тожикистон ўртасида меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ можарога боғланган.

Аммо Россия ширкати кейинроқ буни рад этган ва қатновнинг тўхтатилгани темирйўлнинг Ўзбекистон томонида содир бўлган портлаш билан боғлиқ эканини маълум қилган.

Россия Темир Йўлларининг изоҳ беришича, ҳодисада Ғалаба-Амузанг ҳудудидан ўтган темирйўл кўпригининг устуни қулаб тушган.

"Россия Темир Йўллари" Тожикистон ва Ўзбекистон темир йўлларидан бу борада маълумот беришни сўради", дейилади Россия ширкатининг хабарида.

"Ўзбекистон Темир Йўллари" ширкатининг навбатчи ходими Би-би-сининг ҳодиса тафсилотлари билан боғлиқ сўровини дам олиш куни экани ва масъул мулозимларнинг иш жойида эмаслигин айтиб, жавобсиз қолдирди.

Узметроном нашри ўз манбаъларига таяниб, ҳодисанинг террорчи ҳужум бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фаразлар ўрганилаётганини хабар қилган.

1974 йилда ишга туширилган Термиз-Қўрғонтепа-Ёвон темир йўлининг узунлиги 264 километр бўлиб, ушбу йўл Тожикистон жанубини ташқи дунё билан боғлайди.