Тергов даври зўрланганини даъво қилган қиз иши ёпиқлигича қолмоқда

Image caption Райҳон Соатова тергов давридаги зўрланиши ортидан ҳомиладор бўлгани ва фарзанд кўрганини айтсада, анализлар бирон натижа бермади

Ўзбекистонда прокуратура ҳибсхонасида зўрлангани иддао қилинган маҳбус Райҳон Соатова Тошкент вилоятидаги Зангиота туман аёллар қамоқхонасидан Жиззах шаҳридаги манзил колониясига ўтказилган.

Манзил колонияларида маҳбуслар қўриқчилар эмас, фақат колония маъмурияти назорати остида бўладилар. Улар колония ичида мустақил тарзда, ҳамда маъмурият рухсати билан колония ташқарисида ҳам ҳаракат қилишлари мумкин.

28 ёшли Райҳон Соатова икки йил муқаддам босқинчиликда айбланиб, етти йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Бироқ, у тергов пайтида 12 милиция ходими томонидан зўрланганини даъво қилиши ортидан Ўзбекистон Бош прокуратураси текширув ўтказилгани, аммо мазкур даъво тасдиқланмаганини айтган.

Райҳон Соатова сўнгра қамоқхонада фарзанд кўрган.

Ўзбекистонда фаолият юритувчи "Эзгулик" жамияти Райҳон Соатова иши юзасидан экспертиза ўтказиш ва жиноий иш қўзғатишни талаб қилган ташкилотлардан биридир.

Жамият Райҳон Соатованинг қамоқдан манзил колониясига ўтказилишини ижобий ҳодиса сифатида эътироф этган.

Аммо, "Эзгулик" жамияти сўзчиси Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, Райҳон Соатованинг жинсий зўрланиши даъвосига боғлиқ вазият ҳали ҳам натижасиз қолмоқда.

"БМТ махсус маърузачиси талабларидан кейин кўплаб шахслардан ДНК анализлари олинди, лекин шунга қарамай, жиноят иши охирига етмасдан ёпилди. Сабаби шуки, бу ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг бошига келиб тушадиган калтакнинг олдини олди. Агар у тергов пайтида зўрлангани исботланадиган бўлса, Ўзбекистон ҳукумати халқаро доираларда "бизда қийноқлар йўқ, систематик зўрлаш йўқ" деган мавқеини асослаб беролмаган бўларди", дейди жаноб Ташанов.

Унинг айтишича, ўз жамияти кичик бўлишига қарамай, аёл маҳбусларга ёки тергов остида бўлган аёлларга нисбатан жинсий тажовуз борасида ўнлаб шикоятлар олган.

"Зангиота туманида жойлашган аёллар колониясида зўравонлик қурбони бўлган, жинсий тажовузлар қурбони бўлиб, туққан аёллар исмларини ўз чиқишларимизда келтирганмиз. Жинсий зўрлаш билан тергов даврида қўрқитилиб, иқрорнома олинган ҳолларни ҳам келтирганмиз. Масалан, Қашқадарё, Хоразм, Сурхонарёда содир бўлган ишлар бор".

"Эзгулик" жамиятига кўра, шу давргача қилинган мурожаатномаларга ҳуқуқ органларидан бирон жавоб бўлмагани ва ё текширувлар ўтказилмаганини Ўзбекистон ҳукумат идоралари тарафидан мазкур муаммога жиддий ёндошув йўқлигидан дарак беради.