Ўзбекистондаги қиш мавсумида юзага келадиган энергетика тақчиллиги нимага боғлиқ?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Самарқанд вилоятида энергия тақчиллиги бу йил жиддий муаммога айлангани айтилмоқда.

Олдинлари қишлоқлардаги аҳоли қишда айни муаммодан азият чеккан бўлса, бу мавсумда шаҳар типидаги туманларда яшовчилар ҳам қийин шароитда қолганлари хабар қилинади.

Аммо, шаҳарлардаги уй-жойларнинг газ билан иситишга мўлжаллаб қурилгани бошқа энергиядан фойдаланишда муаммолар туғдирмоқда.

Самарқанд туманида яшовчи ҳуқуқ фаоли Равшан Содиқов юзага келган вазиятни шундай таърифлайди:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистонда газ тақчилиги борасида сўз кетаркан, айрим шарҳловчилар мамлакат газини экспорт қилиб, даромад кўраётганини айтишади.

Энергетика хавфсизлиги бўйича мутахассис британиялик эксперт Жон Робертснинг фикрича, Ўзбекистон етарлича йирик газ заҳираларига эга, ҳозирги бутун муаммо газ секторига етарли сармоялар ётқизилмаётгани ва бошқариш услубига бориб тақалади.

Биз ундан Ўзбекистонда қиш мавсумида юзага келган вазият ёқилғи тақчиллигига боғлиқми ёки молиявий етишмовчиликка, деб сўрадик:

Жон Робертс: Ўзбекистон учун газ хорижий алмашувларда даромад келтирадиган муҳим хом ашё. Шу боис, мамлакатда газ етишмовчиликлари пайдо бўлаётганига қарамай, ҳукумат ўз газ экспортларини камайтиришни хоҳламайди. Мен Ўзбекистонда газ заҳиралари камайиб бораётганига ишонмайман. У ердаги муаммо газ секторига сармоялар жалб этиши билан янги энергия манбаларини ривожлантириш кераклигида. Акс ҳолда, Ўзбекистон Россия ва Қозоғистонга экспорт қилаётган газ ҳажмини кўпайтириши мумкин. Баъзи ўзбек мулозимларининг айтишларича, улар ҳозирда экспорт қилинаётган газ ҳажмини келаси 6 ёки 7 йил мобайнида икки баробар кўпайтиришларига имкониятлар мавжуд. Назаримда, токи улар жуда йирик сармояларни етқизмагунларича, бундай башорталарга эришиш жуда қийин.

Би-би-си: Яқинда чиққан хабарларга кўра, Ўзбекистон Қирғизистонга газини сотаётгани сабаб, Қозоғистон жанубига газ таъминоти камайган ва Олма ота шаҳри ҳокимига кўра, бутун шаҳар табиий газга боғлиқ бўлган нон заводлари ишламаса, нонсиз қолиши мумкин. Нима учун Қозоғистон жануби ўзбек газига шу қадар қарам?

Жон Робертс: Бу қувурларининг маълум вақт ичида қанча газ ҳажмини узата олиши имкониятларига боғлиқ бўлиши мумкин. Лекин, Ўзбекистон учун шарққа мўлжаланган газ квоталарини нима асосда қабул қилгани борасидаги савол очиқ қолмоқда. Қозоғистон жанубидаги газ танқислиги қозоқ иқтисодининг жуда шиддатли сурат билан ривожланиб келишига боғлиқ. Чунки ривожланаётган иқтисод кўпроқ энергия заҳираларини истеъмол қилади. Қозоғистон ўз ички тармоғини ривожлантиришни битирса, яъни мамлакат шарқидан Чимкентга олиб борувчи қувурни бир икки йил ичида қуриб битказмаса, Чимкент билан Олма ота ҳудудларида доимий газ узилишлари кузатилиши аниқ. Газ қувури битказилса, унда Қозоғистон ўз ички эҳтиёжларини қоплаб олишга қодир бўлади ва бундан ортган унча-мунча газни Хитойга ҳам жўнатиши мумкин бўлади.

Би-би-си: Қозоғистонга газ экспорти чекланадиган бўлса, Ўзбекистон ҳам ўз ички эҳтиёжларини қондиришга қодир бўлади, ўйламайсизми?

Жон Робертс: Ўзбекистон ҳозирнинг ўзида ҳам ўз эҳтиёжларини қодиришга қодир. Мамлакатга газ экспортлари олиб келадиган хорижий валюта керак. Муаммо газ заҳираларининг бошқарувида. Энергия соҳаси, жумладан, газ сектори қандай ривожлангани ҳам катта таъсир қилмоқда. Ўзбекистонда йирик имкониятлар бор, бошқариш услубини ривожлантириш керак, улар ўз иқтисодини бироз бўлса-да, ташқи дунёга очишлари ва хорижий сармояларни фаолроқ жалб этишлари керак.

Би-би-си: Икки йил олдин туркман газини Ўзбекистон худуди бўйлаб Хитойга олиб борувчи газ қувурлари тантаналар билан очилди. Бу лойиҳанинг минтақага таъсири қандай бўлган?

Жон Робертс: Бошида қувурларнинг газ ўтказиш ҳажми Туркманистон заҳираларидан 30 миллиард кубометр ва қолган 30 миллиард - Қозоғистон ва Ўзбекистондан бўлиши белгиланганди. Қозоғистон кейин ўз сиёсатини ўзгартириб, қозоқ гази ички эҳтиёжларини қоплаши кераклигини айтиб, битимдан чиқиб кетган. Улар ҳозирда газ экпорти билан боғлиқ янги лойиҳани ривожлантиришга ўта муҳтож эмаслар. Ўзбекистонда эса, аҳвол бошқача. Йигирма йил олдин Ўзбекистон минтақада саноати энг ривожланган йирик мамлакат эди. Ҳозирда эса, кўриниб турибдики, қўшни Қозоғистон ва Туркманистон энергетика заҳиралари эспортидан жуда катта даромад олмоқдалар. Ўзбекистон ёқилғи табиий заҳиралари экспорти бозорига жуда кечикиб келган ва ўзбек расмийлари бундан даромад олиш учун газ соҳасини ривожлантиришига кўпроқ сармоя ётқизиш кераклигини жуда кеч англаб олишган. Улар ўз кучи билан хорижий ширкатлар иштирокисиз соҳани такомиллаштиришларига ишонч кам. Ҳозирда ўзбек гази Хитойга экспорт қилинмайди. Шунинг учун, мамалкатда хақиқатдан ҳам газ етишмовчилиги рўй бераяптими ёки газ тармоқининг бошқаруви газ танқислигига олиб келганми, деган савол эса, очиқ қолмоқда.