Пропагандастон ёки Пентагон нега Марказий Осиё диктаторликларини оқлашга миллионлаб пул сарфлайди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Вашингтонда нашр этиладиган "Foreign Policy" - "Ташқи сиёсат" журнали Пропагандастон деб номланган мақола эълон қилган. Мақола муаллифи Дэвид Триллинг Пентагон нима учун ақшлик солиқ тўловчиларнинг миллионлаб пулларини Марказий Осиёдаги дикторликлар қиёфасини оқлаб кўрсатишга сарфлайди, деган саволга жавоб қидиради.

"Одамлар вебсаҳифаларни ўқишар экан, улар йирик ҳажмда қирувчи учоқлар ва аниқ нишонга урувчи бомбалар ишлаб чиқарувчи томонидан назорат қилинаётгани одатда хаёлларига келмайди. Аммо, Пентагон ўз тасаввуридаги ташқи сиёсатини тарғиб қилиш учун 23 миллиард доллар ажратиши мумкин", дея бошланади мақола.

Унда ёзилишича, айни маблағ террорга қарши урушни ёритиб борадаган ўзига хос соҳага сарфланади. Мақола муаллифига кўра, охирги 3 йил мобайнида Мудофаа вазирлиги томонидан молияланадиган 8та "таъсир кўрсатувчи вебсаҳифа" ташкил этилган. Мазкур вебсаҳифалар учун солиқлар ҳисобида тўпланган 120 миллион доллардан ортиқ пул сарфланган.

Вебсаҳифалар Қўшма Штатлар ҳарбий қўмондонликлари, жумладан, АҚШ Марказий Қўмондонлиги қизиқиши остидаги жўғрофий ҳудудларга диққат қаратади.

"Марказий Осиё Онлайн деб номланган вебсаҳифа Американинг Афғонистондаги ҳарбий мақсадлари учун муҳим аҳамият касб этиб бораётган репрессив диктаторлик - Ўзбекистонни ёритар экан - , дейди мақола муаллифи, - авторитар тузумнинг инсон ҳуқуқларини оёқости қилиш ва бу амалларини террор таҳдиди даъволари остига яшириш ҳаракатлари аҳамиятини пасайтириб кўрсатишга уринади".

Марказий Осиё Онлайн 2008 йил Вашингтоннинг Афғонистондаги АҚШ етакчилигидаги амалиётларга Покистон билан ҳамкорлиги аста-секин тангликка юз тута бошлаётган бир пайтда ташкил этилган.

"Афғонистондаги қўшинларига таъминот юкларини етказиш йўлларини излаётган Қўшма Штатлар учун Ўзбекистон, афтидан, энг яхши имконият эди", дейилади мақолада.

"Бугунда АҚШ ҳарбийлиги Ўзбекистон орқали йирик ҳажмдаги юкларини олиб ўтмоқда. Газга бой Ўзбекистон Марказий Осиёдаги собиқ Шўро давлатлари ичида энг аҳоли кўп мамлакат. 1991 йил мустақилликка эришганидан бери қаттиққўл Ислом Каримов томонидан бошқариб келинади. У Ғарбда мунтазам равишда энг репрессив ва порахўр тузумини бошқараётган раҳбар сифатида мунтазам танқид қилинади".

"Аммо, - дейилади мақолада, - Покистон-Америка муносабатлари ўта қуйи даражада қоларкан, Вашингтон Тошкент билан алоқаларни ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ илиқлаштириш ҳаракатида. 22 октябр куни Тошкентга сафари чоғи АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон Ўзбекистон раҳбарига ҳамкорлиги учун шахсан миннатдорчилик билдирди". Мақола муаллифи айни мана шу манфаатлар манзарасида Марказий Осиё Онлайн вебсаҳифаси минтақадаги диктаторлик тузумлари, айниқса, Ўзбекистонни оҳаклашда жонбозлик кўрсатаётганини урғулайди.

"Ўтган март ойида Тошкентнинг диний гуруҳларни рўйхатга олиш саъй-ҳаракатларини олқишловчи мақола эълон қилинганди. Унда нуфузли ташкилотларнинг рўйхатга олинмаган гуруҳларга аъзо насронийлар ва мусулмонлар асоссиз ҳибсга олинаётгани борасидаги даъволари тилга ҳам олинмайди. Аксинча, ҳукуматпараст уламонинг мамлакатдаги диний эркинликлар ва хавфсизлик хизматлари қонун доирасида ишлаётганлари борасидаги мақтовлари акс этган", дея эслатади муаллиф.

"Мақола: "Ўзбекистон ўз фуқаролари диний эркинликлардан фойдаланишлари учун имкон қадар барча зарурий шароитларни яратмоқда", деган жумла билан якунланади, дейди Дэвид Триллинг.

У мақола сўнггида қароргоҳи Ослода жойлашган, диний эркинликларни тарғиб қилувчи "Форум-18" ташкилотидан Жон Кинаҳаннинг сўзларини келтиради.

"Аммо, бундай эмаслиги аниқ, Ўзбекистонда уйғун бўлган биргина нарса бу инсонларнинг номлашингиз мумкин бўлган ҳар бир ҳақ-ҳуқуқи муттасил топталишидир".