Владимир Путиннинг қудратга қайтишига ўзбекистонликлар қандай қарашади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россия аҳолисининг ярмига яқинига кўра, Владимир Путиннинг президентлик курсисига қайтиши мамлакат тараққиётида ҳеч нарсани ўзгартирмайди.

Жаноб Путин Россиянинг ривожига янада туртки беради, дегувчилар эса бундан сал камроқ экан (38%).

Ўн фоизга ҳам етиб-етмаганиннг наздида эса, бу – турғунликка етаклайди.

Ижобий фикрдагиларнинг аксарияти жаноб Путиннинг “Ягона Россия” партияси тарафдорлари ва ёшлар бўлиб чиқишган.

Қарши мавқеъдагиларни эса, Россия Либерал Демократик Партияси тарафдорлари ташкил этишган.

Бу каби маълумотлар Бутунроссия омма фикрини ўрганиш маркази томонидан олиб борилган сўнгги сўров натижаларидан маълум бўлган.

Сўров иштирокчиларидан бир эмас, уч масала хусусида фикрлари сўралган.

Саволлар эса, сиз қайси даврда яшашни истаган бўлардингиз, Брежнев пайтларини “турғунлик”, деб баҳолаш адолатданми ва Владимир Путиннинг учинчи бор қудратга қайтиши Россияга қай томонлама таъсир қилади, қабилида қўйилган.

Аксарият аҳоли ҳалиям замонавий Россияда яшашни маъқул кўришлари аён бўлса-да, ўтган беш йили ичида бу каби фикрда бўлганларнинг сони бироз камайибди(52% дан 47% га тушибди).

Ўз ўрнида, Леонид Брежнев даврида яшашни қумсаётганлар сони ҳам анчагина пасайибди. Яъни ўтган 6 йил ичида 31 фоиздан 24 фоизга тушиб кетибди.

Янги сўров натижаларидан маълум бўлишича, Борис Ельцин пайтида яшашни хоҳловчиларнинг сони, ҳатто, инқилобдан аввалги (5 %) ёки Иосиф Сталин(5%) давридагисидан ҳам камроқ экан(бор-йўғи 2 %).

Замонавий Россияда яшаш эса, кўпроқ жаноб Путиннинг “Ягона Россия” (62%) ва ёшларга(66%) га ёқаркан.

Сталин ва Брежнев даврига қайтсак, қанийди, дегувчилар аксаран Коммунистик партия издошлари ва кекса фуқаролар бўлиб чиқишибди.

Бошқа томондан, ҳозирга келиб, кўпчилик россияликлар Брежнев даврини яхши хотиралар билан эслашаркан.

Уларнинг наздларида, ўша пайтда барқарорлик ҳукм сурган, нарх-наво ва ҳар хил хизматларни одамларнинг чўнтаклари кўтарган, ишсизлик бўлмаган, СССР гуллаб-яшнаган, миллатлар бирлиги бўлган...

Салбий фикр эса, кам учраган. Брежнев даврини товарлар тақчиллиги, узундан-узоқ навбатлар, тўсиқлар ва мамлакатнинг парокандаликка учраши билан уйғунликда кўрувчиларнинг сони эса, жаъми 5 фоизга ҳам етмаган.

Аммо ўша пайтларни турғунлик йиллари, деб аташ қанчалик адолатдан эканига оид савол Россия аҳолиси орасида зиддиятга сабаб бўлган. Ёқловчи ва қораловчи фикрдагиларнинг сони қарийб тенг (37-38% дан) бўлиб чиққан.

Сўров Россиянинг 46 та вилоят, ўлка ва республикаларида 1.600 та киши орасида олиб борилган.

Ўзбекистонликлар қандай фикрда?

Ўзбекистондаги "Эксперт" ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоиловнинг айтишича, Путин номи Ўзбекистонда анча машҳур:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Айниқса, давлат хизматчилари орасида Владимир Путин жудаям таниқли, кўпчилигининг ҳурмат-эътиборига сазовор. Кўп ҳолларда бу каби инсонлар ўзларининг уяли телефонлари, шахсий компьютерлари, иш столларида Путиннинг портретларини олиб юришади, ардоқлаб,.." дейди у.

Таҳлилчининг айтишича, Россия Бош вазири ҳақида ижобий фикрда бўлганларнинг иккинчи аҳоли гуруҳи ҳаёти бевосита Россиядаги муҳожирлик билан боғлиқ бўлган ўзбекистонликлардир.

"Уларнинг наздларида ҳам, Владимир Путин Борис Ельцин даврида обрўйи ва иқтисодиёти инқирозга учраган Россияни тиззасидан туриб, оёққа қалқишга мажбур қилган бир сиёсатчи сифатида кўрилади", дейди у.

Суҳроб Исмоиловга кўра, бу каби инсонларнинг ўлчовларида Ўзбекистондаги ҳаёт билан солиштирганда, Россияда пул топиш имкониятлари кўпроқ бўлгани учун Владимир Путин мамлакатдагиларига нисбатан муваффақиятлироқ, омадлироқ, профессионалроқ сиёсатчи сифатида қабул қилиниши мумкин.

Таҳлилчи ўз кузатувларидан келиб чиқиб ва Ўзбекистондаги мавжуд ижтимоий кайфиятга қараб, ўзбекистонликлар орасида умуман олганда собиқ Шўролар Иттифоқи даврини қумсаш кучайиб бораётганини ҳам айтади.

"Ўзбекистон Россия каби ўзини собиқ СССРнинг тўғридан-тўғри вориси сифатида қабул қилмаганлиги туфайли аҳоли орасида Брежнев ёки Сталин даври деб, алоҳида бир ажратиш кайфияти йўқ. Умуман собиқ Шўролар пайтида мавжуд бўлган салгина бўлса ҳам ижтимоий тенглик, турли хил иқтисодий муаммоларнинг нисбатан камлиги шу инсонлар орасида ўша кунларни қумсаш, соғиниш ҳиссини кучайтирмоқда", дейди таҳлилчи.

Унга кўра, Ўзбекистон аҳолиси сайловлар орқали битта раҳбарнинг ўз ўрнида қолавериши жараёнига ҳам анчадан бери кўникиб бўлган.

"Шунинг учун, мана шу фикрдан келиб чиқиб ҳам, улар аниқ ҳис қилишадики ёки шунақа бир кайфият борки, ўзларининг овозлари, ўзларининг позицияларига жудаям кам нарса боғлиқ бўлади. Ҳамма нарса, ҳатто сайловлар ҳам, аввалдан тепадан ечилган бўлади, деган кайфият ҳукмрон. Менимча, шу сабабдан, аҳоли жуда бир лоқайдлик билан, сиёсий жиҳатдан ўта нофаоллик билан бу нарсани қабул қилади", дейди ўзбекистонлик таҳлилчи.