Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўтган йили тўқсонга яқин аъзосини йўқотган

Image caption Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг ўтган йили ҳалок этилган жангариларининг аксарияти афғонистонлик бўлишган

"Ал-Қоида" тармоғига алоқадорликда кўрилувчи "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати" ўтган йили ўлдирилган қўмондонлари ва жангариларининг рўйхатини эълон қилган.

The Long War Journal веб саҳифаси хабарига кўра, улар Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Россия, Афғонистон, Покистон ва Олмониядан бўлишган.

Ҳаракатнинг бу хусусдаги баёнотидан парчаларни жиҳодий интернет саҳифаларни кузатиб борувчи SITE Intelligence Group эълон қилган.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўз баёнотида ҳалок бўлган аъзоларининг таржимаи ҳоллари, айрим ҳолларда эса, суратларини чоп этган.

Рўйхатга қаралса, улардан аксарияти (64 таси) афғонистонлик бўлишган ва келиб чиқишлари айнан Ўзбекистон билан чегарадош шимолий минтақаларга бориб тақалади.

Қолганларидан 10 нафари Тожикистон, 6 нафари Қирғизистон ва энг ози, яъни 4 нафари Ўзбекистондан эканликлари маълум бўлган.

Афғонистондаги халқаро иттифоқ кучлари Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларининг сўнгги йилларда Афғонистоннинг шимолий Бағлон, Фарёб, Қундуз, Сари-Пул ва Тахор вилоятларида яна фаоллашганини билдиришганди.

Ҳаракат жангарилари Афғонистондаги толиблар билан бир сафда жанг олиб боришади ва уларнинг Толибоннинг шимолдаги соя ҳукумати таркибига кирганликлари ҳам айтилади.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати

Image caption Тоҳир Йўлдошнинг ўлимидан бир йил ўтиб, ўтган сентябр ойида унинг куёви Усмон Одил Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг раҳбари этиб тайинланганди

Гуруҳнинг фаолиятини яқиндан кузатиб келаётган экспертларга кўра, уларнинг бугунги фаолиятларига оид янги ва 100 % ишончли маълумот йўқ.

Аммо уларнинг Покистоннинг қавмлар яшовчи Шимолий Вазиристон минтақасидан Афғонистон шимолига ўтишга уринаётганликларига оид хабарлар бор.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари бундан 10 йил бурун Афғонистоннинг Америка бошчилигидаги ишғоли ортидан Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош ҳудудларига қочиб ўтишга мажбур бўлишганди.

НАТО ҳам ўтган бир неча йил давомида Афғонистоннинг Қундуз дохил шимолий вилоятларида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг аъзоларини ўлдиргани ёки қўлга олганини даъво этиб келади.

Гуруҳнинг Афғонистон шимолидан туриб, Ўзбекистон ва Тожикистондан янги жангарилар ёллаётганига оид хабарлар ҳам бор.

Аммо, шуниси аёнки, йўлбошчиси Тоҳир Йўлдошнинг ўлими ортидан Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг фаолияти анча заифлашган ва ҳужумларининг суръатию кўлами ҳам аввалгидек эмас.

Улар Покистон ва Афғонистонда Толибон ҳаракати ҳамда "Ҳаққоний" жангари гуруҳининг қўллови билан ҳаракат қилишади.

Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, бугун Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангариларининг сонини бир неча юзта дейиш мумкин.