Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистонда ВИЧ юқтириш ҳолларининг олдини олиш учун ҳукумат нима қилмоқда?

Бугун жахон бўйлаб ОИТСга қарши кураш куни. Бирлашган Миллатлар кўрсаткичларига кўра, жаҳон бўйлаб ВИЧ юқтириш ҳоллари камайган, бироқ Шарқий Оврўпо ва Марказий Осиёда ОИТСга боғлиқ касалликлар билан оғриб ўлаётганлар сони ўтган ўн йиллик ичида кескин ошган.

2001 йилда ОИТС билан оғриб ҳаётдан кўз юмганлар сони бу минтақаларда умумий ҳисобда 7800 бўлган бўлса, 2010 йили 89500га етган.

Бу йил Жаҳон ОИТС кунининг шиори "Нолга етиш" деб номланади. Унга биноан юқиш ҳоллари, камситиш ва ўлим ҳолларининг нолга туширилиши режаланган.

Жаҳон бўйлаб ВИЧ юқтирган инсонлар сони ўтган йили 34 миллион экани қайд қилинган.

ВИЧнинг ОИТСга айланмаслиги учун илм-фан соҳасида кўплаб ижобий қадамларга эришилган.

Ўзбекистонда мазкур касаллик жамият орасида очиқча муҳокама қилинмайдиган "табу" мавзулардан бўлиб қолмоқда.

ВИЧ билан оғриган инсондан оиласи ва яқинлари воз кечиши, ишидан қувилиши, ҳамда яккаланаши ва камситилиши ҳоллари кўп учрайди.

"Касаллик ҳоллари ўсмаяпти"

Тошкентдаги ОИТС маркази директори муовини Ғуломжон Ражабовнинг Би-би-сига айтишича, Ўзбекистонда ҳукумат ВИЧ ҳолларини озайтиришга бел боғлаган. У касалланганлар сони ўсаётганини рад қилади.

Image caption Ўзбекистонда Максим Поповнинг ВИЧга қарши курашиши туфайли қамоққа олиниши кескин халқаро танқидларга сабаб бўлган

"Охирги икки йилда Ўзбекистонда (ВИЧни юқтиришга оид) вазият барқарорлашган. 2010 йилда 2009 йилга қараганда бу касалликни юқтириш 12%га камайган. Бу йил эса ўтган йилгига қараганда 15%га камайган", дейди у.

Жаноб Ражабовга кўра, жамиятдаги камситиш ҳолларини йўқотишнинг ягона йўли одамлар орасида бу касалликдан огоҳликни оширишдир.

"Бу касалликка дучор бўлган одамлар билан мулоқотда бўлганда, бу касаллик оддий мулоқот йўли билан юқмаслигини аҳоли қанча яхши билса, дискриминация ва стигма каби муаммоларнинг олди олинади", дейди у.

Бироқ, Ўзбекистонда талабалар ва мактаб ўқувчилари орасида жинсий тарбия олиб борилмайди. Ғарбда жинсий тарбия таълимлари доирасида юқумли касалликлар ҳақида ҳам бериладиган маълумотдан ўзбек ёшлари баҳраманд эмаслар.

Жаноб Ражабов Ўзбекистонда ёшларга ота-оналари орқали маълумот берилишини айтади.

"Ўзбек менталитетини биладиган бўлсангиз, ёшларга ота-оналарга бериладиган материал, улар билан ишлаш орқали таъсир қиламиз. Тиббий ходимлар фаол равишда уйларга юриб, ота-оналарга тушунтиришмоқда, қадриятларимизни ҳисобга олган ҳолда мактабларда ўқув материаллари орқали болаларга билим ва ахборот етказилмоқда", дейди мутахассис.

2009 йилда Тошкентда психолог ва "Изис" нодавлати ташкилоти раҳбари Максим Попов бошқа қатор айбловлар орасида "вояга етмаганларни антисоциал йўлга жалб қилган"ликда айбланиб 7 йилга қамалганди.

Бу айбловга унинг ВИЧни олдини олиш, хусусан контрацепция турларидан фойдаланишни изоҳлаб берувчи варақаларни тарқатгани сабаб бўлган.