Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Сиёсий ва диний маҳбусларга ҳам амнистия тегадими?

Image caption Сенат амнистия инсонпарварлик кўриниши эканини урғулаган

Ўзбекистон сенати Амнистия ҳақидаги қарорни қабул қилган.

Қарорда амнистия инсонпарварлик амали ва мамлакат адлия тизимидаги "давомли ислоҳотларнинг яна бир далили" экани айтилади.

Аммо унинг сиёсий айблар билан маҳкум этилганларга нисбатан қўллаб-қўлланмаслиги номаълум.

Аввалроқ мамлакат мустақиллигининг 20 йиллик санаси муносабати билан йирик авф эълон этилиши, жумладан, сиёсий маҳбусларнинг ҳам озодликка чиқарилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.

Ўзбекистонда ҳар йили амнистия эълон қилинади, аммо диний-сиёсий айблар билан қамалган маҳбусларга нисбатан амнистия оммавий равишда бир марта, 2003 йил декабрида қўлланилган.

Ўшанда 3000 маҳбус, жумладан, 391 нафар диний-сиёсий айблар билан қамалганлар озодликка чиқарилганди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги 2004 йилнинг январида эълон қилган баёнотида бу маҳбусларни "жамоат тартибига таҳдид солувчи ва аксилконституциявий фаолият билан боғлиқ жиноятларни содир этган" шахслар деб атаган.

Расмийлар бу каби даъволарни одатда, сиёсий мухолифат фаоллари ва Хизбу Таҳрир сингари фаолияти тақиқланган диний гуруҳ аъзоларига нисбатан ишлатишади.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари маҳкум этилган диндорларнинг аксарияти ўзгача фикрловчи мусулмонлар экани, ҳукумат уларни ўзининг сиёсий рақиблари сифатида кўришини айтадилар.

Сўнгги амнистия Ўзбекистон ҳукумати ғарб, хусусан, АҚШ билан, жумладан, инсон ҳуқуқлари борасида мулоқотларни қайтадан тиклаган пайтга тўғри келмоқда.

Охирги ҳафталарда самарқандлик инсон ҳуқуқлари фаоли Норбой Ҳолжигитов қамоқдан ва жиззахлик мустақил журналист ва президент Каримовнинг жияни Жамшид Каримов руҳий шифохонадан озод этилган.

Би-би-си билан суҳбатда қатор сиёсий маҳбусларнинг яқинлари амнистиядан умид қилаётганликларини айтишган.

Аммо инсон ҳуқуқлари фаоли Сурат Икромовга кўра, ҳукуматнинг сиёсий ва исломий фаолларга муносабати ўзгаргани йўқ ва уларнинг қамоқдан чиқарилишини кутиш ҳам амримаҳол.