Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Нима учун Ислом Каримов Оврўосиё Иттифоқини тузиш режасига қарши?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Ислом Каримов собиқ Совет Иттифоқ ҳудудида янги бирлашмаларнинг "сиёсий тус олиши"дан хавотирда

Ўзбекистон конституцияси қабул қилинганининг 19 йиллиги муносабати билан Тошкентда чиқиш қилган Президент Ислом Каримов собиқ Совет республикалари ўртасида кучлироқ интеграцияни назарда тутган янги иттифоқни тузиш режасини қоралаб чиқди.

Октябр ойи бошида Россия Бош вазири Владимир Путин собиқ Совет республикалари ўртасида Оврўпо Иттифоқи аъзоларига ўхшаб, Оврўосиё Иттифоқини тузиш режасини эълон қилган эди.

Владимир Путин янги иттифоқ Совет Иттифоқидан ўзгача қадриятларга таянишини билдирган.

У шунингдек, "Оврўосиё Иттифоқи"ни "замонавий дунёнинг қутбларидан бирига" айлантириш ниятида эканини айтган.

Аммо, Ўзбекистон президенти бундай бирлашмаларнинг вақти келганда "сиёсий тус олишидан" хавотир изҳор этди.

"Интеграциялашув жараёнларини кўзлаб, шу мақсадда турли давлатлараро бирлашмаларни ташкил қилиш бўйича сўз юритганда, айтиш керакки, бундай бирлашмалар вақти келганда тобора сиёсий тус олиб бориши ва бундай ҳолат бирлашма аъзоларининг бошқа хорижий мамлакатлар билан алоқалари ва ҳамкорлигига салбий таъсир ўтказиши мумкин," - деди Ислом Каримов.

Янги тузулмалар

Ислом Каримовнинг айтишича, "Совет даврини қўмсаш туйғуси ва кайфиятини уйғотиишга қаратилган уринишлар" бўлмоқда.

Ўзбекистон раҳбари Совет Иттифоқининг қулашини "табиий-қонуний ва мантиқий ҳол" дея баҳолади.

Унинг бу талқини Россия Бош вазири Владимир Путиннинг 1991 йилда юз берган ҳодисаларни "фожеа" деб баҳолашига том терсдир.

Кузатувчиларга кўра, Ислом Каримов ҳар қандай янги тузулмага, хоҳ у минтақавий бўлсин хоҳ халқаро, доимо қарши бўлиб келган.

Тошкентдан таҳлилчи Фарҳод Толиповнинг айтишича, Ўзбекистон президентининг бундай мавқеъда бўлишига "объектив ва субъектив" сабаблар бор.

"Агарда объектив факторларни таҳлил қиладиган бўлсак, айтишимиз керак, ҳақиқатан ҳам, собиқ Совет маконида турлича интеграцион ҳаракатлар, уринишлар, экспериментлар шу пайтгача муваффақиятли бўлмади, самарасини кўрсатмади..." - дейди Фарҳод Толипов. - "Субъектив омилга назар ташласак, ҳозир Ўзбекистон раҳбарияти ва умуман давлати кўпроқ ўзининг ички давлатчилигини мустаҳкамлаш билан овора бўлиб, шунга кўпроқ урғу бераяпти."

Франсадан сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг ишонишича, Ўзбекистоннинг интеграцион лойиҳаларга қўшилмаслигига "сиёсий, геосиёсий, ижтимоий-иқтисодий" асослар мавжуд.

"Агар Ўзбекистон Оврўосиё Иттифоқига қўшиладиган бўлса, Ўзбекистонда шаклланган ижтимоий-иқтисодий вазият бутунлай қайтадан кўриб чиқилишига тўғри келади," - дейди Камолиддин Раббимов.

Франсадан сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ва Тошкентдан таҳлилчи Фарҳод Толипов суҳбатини тингланг.