Марказий Осиё темир йўллари бўйлаб саёҳат

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Мен илк бор Тошкентга 2001 йил октябрда боргандим. "Ўзбекистон" тезюрар поезди Москвадаги Қозон станциясидан ярим тунга яқин қўзғолди.

Купеда Тошкентга отасини кўришга кетаётган ўрта ёшлардаги россиялик киши, Намангандаги уйига қайтаётган украиналик онахон ҳамда узун чарм этик кийган кекса татар отахон билан бирга эдик. Отахон Тожикистон шимолидаги Хўжанд шаҳрига кетарди. У Хўжандни шўрочасига "Ленинобод" деб атарди.

Кета-кетиш суҳбатимиз сиёсат ва саёҳат ҳақида бўлди. Бир-биримиз учун вагон охиридаги самовардан поездда берилган оқ ва кўк рангли чойнакчада чой дамладик. "Бабушка"мизнинг халтасидан чиққан тузланган "сало" - чўчқа ёғини бўлишдик.

Унинг дастурхонни тўғирлаб, ахлатларни тозалаб кейин кўнгли жойига тушиб, хўрсиниб қўйгани ва Россияда ҳақиқий меҳмондўстлик йўқолганию, ҳозир уни фақатгина Марказий Осиёдан топиш мумкинлиги ҳақида тинмай сўзлагани ҳамон хотирамда. У Марказий Осиёга бориб қолганида бор-йўғи 20 ёшда бўлган экан. Биз икки кечадан сўнг, Қозоғистон чегарасидан ўтдик. Эрталаб турсам, Ақтубедан ўтиб борардик, қатор тизилган симёғочлар ва ястаниб ётган бепоён кулранг-яшил рангли чўли-биёбонлар бир-бирига уланарди...

Электр симли линия тугаб, поездимизни энди иккита катта қорайган локомотив торта бошлади. Тўхтаган пайтимиз, қўлларида гўшт ва картошкалар солинган оғир қозонларни кўтариб олган аёллар бир қатор бўлиб тизилиб туришарди. Биз Сурхандарёга яқинлашгандик.

Орол денгизига яқин жойда эса, қайнатилган қисқичбақаларни кўтариб олган ўсмир болалар қўшилдилар. Қисқичбақалар купеларда истеъмол қилинаётган "водка" учун зўр газак эди. Хайриятки, бизнинг купеда ичилмади.

Жанубга юрганимиз сари аҳоли уйлари сийраклаша борди. Онда - сонда қозоқларнинг қабристонлари кўриниб қоларди: сариқ ғиштлар ва занглаган темир гумбазлар...Бир тўда қўйни олдига солиб кетаётган отлиқ ва ниҳоят илк икки ўркачли туялар пайдо бўла бошлади...

Сафаримизнинг иккинчи кунидан бошлаб, мен станцияларни пайқай бошладим. Ҳар сафар саккизбурчакли етиб боришимиздан маълум муддат олдин қаерга келаётганимиз эълон қилинарди.

Станциядаги сариқ ғиштдан тикланган биноларга ранглар билан ва темирдан нақшлар солинганди. Кейинроқ мен ғиштларни Марказий Осиёда "Николаевский" деб аталишини билиб олдим. Бу Русиянинг охирги подшоси номидан олинганди. Айрим жойлар, масалан, Туркистонда бу станциялар ниҳоятда бежирим қилиб қайта ишланганди. Баъзи жойлари нураб қолган эса-да, кўп қисми жуда яхши сақланганди. Аксар жойларда эса, темир йўл қуриб битказилган 1906 йилдан бери жуда оз ўзгариш қилинган. Сал кейинроқ, жануб томон эски Транс-Каспий йўлнинг жанубига томон юраркансиз, 1881-1898 йилларда Красноводск, Самарқанд ва Тошкент ўртасида қурилган кичик станциялар Шўролар даврида йирик бетон бинолар билан алмаштирилганди.

Чўл ҳудудлардаги станцияларда эса, худди вақт тўхтаб қолгандек эди. Уларнинг атрофида шаҳарчалар қад кўтармаган. Суғориш ва буғ билан юрадиган локомотивларга ёқилғи қуйиш нуқталари аллақачонлар йўқ бўлиб кетганди.

Оренбург-Тошкент ва ё Транс-Орол темир йўл линияси чўллар бўйлаб қурилган илк йўналиш бўлган. Мақсад бир пайтлар карвонлар ўтган йўлларни биргина пўлат релс билан алмаштириш бўлган. Бу қозоқларга замонавий саноатни таништириш билан бирга олисдаги Туркистон губернаторлигини Россия билан мустаҳкамроқ боғлаш, зарур бўлганда (масалан, 1916 йилда қўзғолон бўлганди) қўшинларни Марказий Осиёга тез йўллаш, шунингдек, Москванинг тўқимачилик корхоналарига пахта хомашёсини етказишга ҳам хизмат қилганди. Шўролар даврида ТуркСиб - Туркистон - Сибир, яъни Тошкентни Олма ота ва Новосибирск билан боғловчи темир йўл қурилиши қайсидир маънода оқсаган эса-да, 1926-1931 йилларда қуриб битказилади. Аслида бу Русия подшолиги лойиҳаси бўлиб, бир қисми 1917 йилда барпо этилган, кейин иш тўхтаб қолганди. Темир йўллар Советча замонавийлик рамзи эди.

Ақмўла, яъни Остонага 50 йилларгача темир йўли келмаган. Аммо, темир йўл тармоғи Хрушчевнинг "Қўриқ ерлар"и лойиҳаси асосига айланаркан, 1998 йилга келиб, Остона Қозоғистон янги пойтахти бўлишга лойиқ дейиш учун замин ташланганди. Транс-Орол темир йўл тармоғи Марказий Осиё давлатларининг барчасини Москвага боғловчи асосий шоҳйўлигича қолган. Ва ҳозирда ҳам ўша битта мақсадга хизмат қилади.

Худди шу темир йўл бўйлаб саёҳатимда ҳамроҳим ўзбек тижратчиси бўлди. У турфа хил - янги ва қуритилган мевалар ортилган вагонларни Россия бозорларига жўнатиши, Ўзбекистондаги оиласи ҳамда Оренбургда ўйнаши ҳақида фахр билан кўпириб гапирарди. Минглаб ахлат тозалаётган, қурилишларда ишлаётган, ҳатто плацкард вагонга чипта олишга қурби етмайдиган ўзбек, тожик ва қирғиз меҳнат муҳожирлари билан солиштирганда ҳамроҳимнинг мисли кўрилмаган даражада омади чопганди. Оренбург-Тошкент темир йўлида бўйлаб саёҳат ва иқтисодий ҳаёт юз йил олдин моҳиятан қандай бўлса, шундай давом этмоқда: Марказий Осиё Россияга маҳкам боғланганича қолган, қисқа муддат тин олганидан сўнг, СССР парчаланганидан бери икки ўртадаги алоқалар ва борди-келди янада кучайган.