Ўзбекистон ва Каримовлар хонадони яна Британия матбуоти диққат марказида

Британ рўзномалари
Image caption Ўзбекистон Британия матбуоти томонидан давомли ёритилиб туради

Ўзбекистон бу ой Британия матбуотида анча кенг ёритилди.

Ўзбекистонга алоқадор энг шов-шувли хабар эса "Индепендент" газетасида нашр этилди.

Ушбу мақола Британиядаги йирик пиар ширкатлари фаолияти юзасидан олиб борилган махфий текширувга бағишланган.

Лондон Сити Университетида жойлашган Журналистлик Тадқиқот Бюроси томонидан олиб борилган текширув хулосаларига кўра, Британия ўз обрўсини яхшилашга ҳаракат қилаётган авторитар мамлакатлар учун "оҳанрабога айланган".

Бюро мухбирлари ўзларини "Азимов Гуруҳи" номли сохта ширкат вакиллари сифатида тақдим этганлар.

Улар Лондондаги пиар ширкатларига ўзларини расмий Тошкентга ва Ўзбекистон пахта саноатига яқин бизнесменлар сифатида танитганлар.

"Азим Гуруҳи" номи остида фаолият олиб борган журналистлар Ўзбекистон ва Британия муносабатларини яхшилаш масаласида Лондондаги ўнта йирик пиар ширкатига алоқага чиққанлар.

Британиядаги энг йирик "Белл Поттингер" пиар ширкатининг юқори вакиллари махфий йўллар билан ёзиб олинган учрашувлар чоғида журналистларга Ўзбекистон имижини яхшилашга қаратилган турли хил амалий хизматларни таклиф қилишган.

"Индепендент" газетасида чиққан мақолага кўра, "Белл Поттингер" ходимлари "бизнесменлар"га Ўзбекистонда номига бўлса ҳам ислоҳотлар ўтказиш зарурлигини билдиришган.

Ширкатнинг етакчи вакилларидан бири журналистларга гўёки: "Ҳеч ким муаммо эртага йўқолади деб айта олмайди, аммо биз тўғри йўлдан борилаётганини кўрсатиш учун суякка озгина эт қўшишимиз керак," - деб айтган.

Сохта "ўзбек бизнесменлари" учун тайёрланган стратегияда, пиар ширкати Ўзбекистон болалар меҳнатидан яна камида 20 йил фойдаланиши мумкинлиги таъкидлаган. Аммо, унга кўра, ислоҳотлар олиб борилса, Ўзбекистоннинг халқаро саҳнадаги обрўси яхшиланаверади.

"Диктатор қизи"

"Дэйли Телеграф" рўзномаси эса Совет раҳбари Иосиф Сталиннинг қизи Светлана Сталин ўлими муносабати билан таҳлилий мақола чоп этган. Унда Светлана Сталин ҳаёти Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳаётига таққосланган.

"Дэйли Мейл"да нашр этилган мақолада эса Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Тиллаева-Каримова фаолиятига тўхталган.

Унда Британия Лейбористлар партиясининг молиявий ҳомийси Эндрю Розенфилд ва Каримовнинг кенжа қизи ўртасидаги ҳамкорликка эътибор қаратилади.

"Дэйли Мейл"нинг хабар беришича, Эндрю Розенфилд Женевадаги уйини Лола хоним ва унинг турмуш ўртоғига сотиш билан катта даромад кўрган.

Газетанинг Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Грейг Маррейга иқтибосан ёзишича, мазкур олди-сотди битимидан "бадбўй ҳид" анқиб туради чунки пул авторитар давлатдан келган.

"Дэйли Мейл"нинг ёзишича, ушбу олди-сотди битими Лейбористлар партияси ва жаноб Розенфелддан йирик молиявий ёрдам олинганини тасдиқлаган партия раҳбари Эд Миллибанд обрўйига салбий таъсир кўрсатади.

Бу мавзуда батафсилроқ