Би-би-си тадқиқоти: ёритилган мавзуга қайтиб...

Олмониядаги ўзбекистонлик талабанинг айтишича, унинг сурати интернет хабарларида Ўзбекистонда ўлдирилган аёл, дея нотўғри ишлатилган.

Шу ой бошларида ўзбек мухолифат намояндасининг блоги ва қатор янгилик веб саҳифаларида Андижонда Гулсумой Абдужалилова экани айтилган аёл ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Хабарларда Гулсумой Абдужалилованинг яқин дугонасига таяниб, унинг Олмонияда ўқигани, ноябр ойида уйига таътилга қайтган пайт махсус хизмат ходимлари томонидан ушланиб, сўроққа тутилгани айтилган.

Айни манбаъ Абдужалиловага таҳдид этилгани ва ундан муҳожиротдаги мухолифат намояндасини ўлдириш сўралгани, бу эса унинг ўзини ўлдиришига олиб келганини айтган.

Хабар юзасидан илк шубҳалар Олмониядаги икки ўзбек талабаси турли янгилик нашрлари билан боғланиб, Гулсумой Абдужалиловага нисбат берилган сурат аслида уларники эканини айтиши ортидан пайдо бўлди.

Талабалар ўз суратларини ижтимоий тармоқ сайтларида чоп этишган ва ўша ердан нусха кўчирилган бўлиши мумкинлигини тахмин этганлар.

Улар Би-би-си билан боғланганларидан сўнг, BBCUzbek.com хабар тафсилотларини янада чуқурроқ ўргана бошлади.

Ўз мавқеъларини исботлаш учун Олмониядаги талабалар ўша сурат олинган жойга бориб, айни кийимларни кийган ҳолатда бошқатдан суратга тушишди.

BBCUzbek.com суратдаги аёлларнинг даъво қилингани каби Абдужалилова ҳамда унинг номи келтирилмаган ҳамроҳи эмас, балки ҳақиқатан ҳам талабалар эканини аниқлаш мақсадида улар билан видео мулоқот уюштирди.

Натижада кўплаб саволлар пайдо бўлди.

Гулсумой Абдужалилова ҳақидаги хабар тафсилотлари икки манбаъдан келган.

Улар ҳозирда Швецияда яшаётган ўзбекистонлик собиқ имом Муҳаммадсолиҳ Абутов ҳамда афтидан, қурбоннинг яқин дугонаси Хуршида Жўрабоева.

Ҳодиса ҳақида биринчи бўлиб жаноб Абутов таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли, Мустақил Инсон Ҳуқуқлари Ҳимоячилари Алянсидан Елена Урлаевага хабар берган.

Жаноб Абутовнинг айтишича, у Абдужалиловани бир неча йил давомида билган, у билан телефон ва интернет орқали мулоқот қилган. Жаноб Абутов Абдужалилованинг оила аъзолари ва дўстлари ҳақида маълумот берган, аммо унинг ўзи билан ҳеч қачон юзма-юз кўришмаганини айтган.

Иккинчи манбаъ - Хуршида Жўрабоева эса янада батафсилроқ маълумот берган.

Ўзининг айтишича, у дугонаси билан бир неча сўроқ жараёнларидан сўнг мулоқот қилган ва Абдужалилова унга Ўзбекистонда ҳужумларни режалаштиргани ҳақида иқрорлик кўрсатмаси беришга мажбурлангани ва ўзига ёмон муомала қилинганини айтган.

Охирги икки йилда дугонаси билан юзма-юз кўришмаган Хуршиданинг даъво қилишича, Абдужалилова муҳожиротдаги ўзбек мухолифати намояндасини ўлдириш сўралганидан сўнг, ўз жонига қасд қилган.

BBCUzbek.com ушбу даъвони тасдиқловчи номани кўрди, аммо унинг ҳаққонийлигини аниқлаш имконсиз.

Айни пайтда Хуршида Жўрабоева кичик ёшдаги қизи билан Ўзбекистонни тарк этган. У бошқа бир МДҲ давлатида туриб, Би-би-сига ўз кўрсатмасини тасдиқлади. Аммо Жўрабоеванинг сўзларига кўра, у Ўзбекистонни тарк этаётган пайт Абдужалилова ҳамда оиласи билан телефон мулоқотлари ёзуви ҳамда SMS ёзишмаларини ўчириб ташлаган.

Сурат атрофидаги чалкашлик хабар билан боғлиқ ягона мавҳумлик эмас.

Гулсумой Абдужалилова таҳсил олгани айтилган Мюнхендаги университет маъмурияти ушбу номдаги ўзбекистонлик талаба ҳақида ҳеч нарса билмаслигини маълум қилди.

Андижонга сафар қилган инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Урлаеванинг қурбоннинг оиласини топишга уринишлари ҳозирга қадар ҳеч қандай натижа бермаган.

Бу зиддиятлар эса баъзиларда Гулсумой Абдужалилова ҳақиқатан бўлганмикан, деган саволни пайдо қилган. Агар унинг қисмати ҳаққоний бўлса, оиланинг фожиасига кўплаб саволларга жавоб топиш мушкулликлари ҳам қўшилади.

Агар ҳикоя тўқиб чиқарилган бўлса, унда бу каби уйдирмани ким ва нима мақсадда ўйлаб чиқарди, деган савол туғилади.

Агар буларнинг иккаласи ҳам бўлмаса, ушбу воқеа расмийлар изоҳ беришдан бош тортадиган Ўзбекистонда энг оддий фактни тасдиқлаш ҳам қанчалик машаққатли эканини кўрсатади.