Британиялик ўқувчилар ўзбекистонлик тенгдошларининг аҳволидан 'ғазабланганлар'

Image caption Британ ўқувчилари Ўзбекистондаги болалар меҳнатига қарши 10000 имзо тўплаганлар

Британия жанубидаги Истборн шаҳридан бўлган бир гуруҳ юқори синф талабалари Ўзбекистонда болалар меҳнатидан ҳамон фойдаланилаётганига эътироз билдириш учун Оврўпо Иттифоқининг пойтахти Брюсселга йўл олганлар.

Бишоп Белл номли ўрта мактабининг беш нафар 10-чи синф ўқувчилари Оврўпо Иттифоқи президентига 10 минг киши имзолаган петицияни топширганлар.

Петицияда Оврўпо Иттифоқидан Ўзбекистон мажбурий болалар меҳнатидан воз кечмагунча, унга нисбатан имтиёзли савдо тарифларини қўлламасликни талаб қилинади.

Бишоб Белл ўрта мактабининг директори Неил Питман Би-би-си билан суҳбатда британиялик болаларнинг ушбу ташаббуси қандай бошланганлиги ҳақида ҳикоя қилиб берди.

Неил Питман: Бизнинг мактабимизда ўқувчилар жамиятшунослик дарсида БМТнинг Болалар ҳуқуқлари конвенциясини ўрганишаётган эди. Улар болалар ҳуқуқларининг турли жиҳатларини ўрганар эканлар, камбағаллик ва болалар меҳнати масалалари ҳам ўрганилди. Ўзбекистонда болалар меҳнати муаммоси ҳақида Антислейвери Интернэшнл ташкилоти веб-саҳифасидан маълумот олдик. Бу ташкилот Оврўпо Иттифоқи парламенти аъзоларига бу муаммога эътибор қаратишларини сўраб петиция тайёрлашаётган экан. Ўқувчилар дастлаб бу муаммони ўрганиб чиқишди, кейин уларга кампания олиб бориш учун мактуб қандай ёзилишини ўргатишди. Лекин уларга мактубни жўнатишингиз керак, деб айтилгани йўқ. Лекин бу муаммо ҳақида қаттиқ қайғурган ўқувчилар бизнинг сайлов участкасидан Оврўпо Парламенти вакили бўлган депутатга ва Ўзбекистондан олинган пахтани ишлатиши айтилган икки дўконга бу масала юзасидан мактуб йўлладилар.

Би-би-си: Антислейвери Интернэшнл сизнинг мактабга келиб, бу ташаббусни илгари сурдими ё сизнинг ўзингиз бу каби ташаббус билан чиқдингизми?

Неил Питман: Биз дастлаб болалар меҳнати ҳақидаги маълумотни уларнинг веб-саҳифасидан топдик. Кейин бу маълумотни бошқа манбалардан ҳам ўргандик. Биз мактуб йўллаган Оврўпо парламенти аъзоси аллақачон болалар меҳнатига қарши кампания иштирокчиси эканлиги айтиб, бизга жавоб йўллади. Петиция ёзилганидан сўнг, Оврўпо парламенти аъзоси биздан бу кампанияга фаолроқ қўшилишни ва агарда мумкин бўлса, Брюсселга бориб петицияни тақдим этишимизни сўради. Шундай қилиб, Ўзбекистонда пахта теримига жалб этилганлар орасида бўлган дея ишонилган болаларнинг ёшига тенг ўқувчилармиз Брюсселга йўл олишди.

Би-би-си: Биз анча кенг тадқиқотлар ўтказдик, дедингиз. Ўзбекистондаги болалар меҳнати ҳақида нималарни билишга қодир бўлдингиз?

Неил Питман: Бизнинг билишимизча, Оврўпо ўзбек пахтасини сотиб олиш учун муайян субсидияларни тақдим қилар экан. Мамлакат иқтисоди пахтага боғлиқ бўлгани учун шундай қилинар экан. Кўплар ўқувчилар пахта терими мавсумида ўқишдан қолиб пахта терар эканлар ва бу мажбурий экан. Улар нафақат ўқишдан қолишар экан, балки пахта териш учун уларнинг бўйнига кундалик мажбурият ҳам юкланар экан.

Би-би-си: Петицияга 10 минг киши имзо чекди, дейилган. Бунча кўп тарафдорни йиғишга қандай муваффақ бўлдингиз?

Неил Питман: Бизнинг мактабимиздан бир неча юз киши петицияга имзо чекди, Антислейвери Интернэшнл ташкилотининг веб-саҳифаси орқали бир неча имзолар йиғилди. Петицияни Брюсселга олиб борган вақтимиз 3000 имзо бор эди, кейин у ерда ҳам имзолар тўпланди ва ниҳоят петиция Оврўпо парламентининг Савдо қўмитаси аъзоларига топширилди. Ишонишимизча, яқин орада Страссбургга Марказий Осиё ва хусусан Ўзбекистон билан савдо алоқаларини ҳам ўз ичига олган масалаларнинг муҳокамаси бўлиб ўтади. Петицияни ана шундан олдин топширишга ҳаракат қилдик.

Брюсселда петицияни тақдим этган Бишоб Белл мактабининг ўқувчиларидан бири - Жасмин Даун. У Ўзбекистондаги болалар меҳнати борасида фикрини шундай изҳор этди:

Мен бу ҳақда маълумот олганимдан кейин жуда ғазабга тушдим ва бошқаларни петицияга имзо чекишга ишонтиришга ҳаракат қилдим, кўплар тайёргарлик билан имзо чекдилар. Мен тасодиф туфайли бу ерда яшаб ўқийман, лекин Ўзбекистонда туғилиб қолсам, пахта даласида ишлаётган мен бўлишим ҳам мумкин эди-ку.

Шанон Харрис, ҳам Брюсселга бориб, ушбу кампанияда фаол қатнашнган ўқувчилардан:

Мен бу ҳақда эшитганимда даҳшатга тушдим. Уларнинг ўнгида танлов йўқ экан, пахта териш мажбурий. Ҳамма болалар мактабга бориш ҳуқуқига эга бўлишлари керак, бу жуда нотўғри.

Бу мавзуда батафсилроқ

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас