Ҳюман Райтс Уотч янги ҳисоботи: 'Гувоҳлик берадиганлар қолмаган'

БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар "мунтазам" қўлланиши ва бу ҳоллар "кенг ёйилган" деган хулосага келганди Фото муаллифлик ҳуқуқи HRW
Image caption БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар 'мунтазам' қўлланиши ва бу ҳоллар 'кенг ёйилган' деган хулосага келганди

Ҳюман Райтс Уотч чиқарган янги ҳисоботга кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарда қийноқ ҳолларини тўхтатишга оид ваъдаларининг устидан чиқмаган.

Таъкидланишича, электр токи билан қийнаш, нафасни бўғиш каби қийноқ усулларини тўхтатиш борасида айтилган сўзлар амалга тадбиқ қилинмаган.

"Ўзбекистон билан стратегик ҳамкорлик илинжида бўлган Ғарб ҳукуматлари эса, бу ҳолатларга кўз юммоқдалар", дейилади ташкилот ҳисоботида.

107 саҳифадан иборат ҳисобот "Гувоҳлик берадиганлар қолмаган", дея номланган ва охирги 2 йил мобайнида 100дан ортиқ ўзбекистонлик билан ўтказилган суҳбат асосида тайёрланган.

Ташкилот Ғарб давлатларини Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни ўнглаш учун расмий Тошкентга кўпроқ досим ўтказишга ундайди. Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳукуматига қатор тавсиялар берган.

Ўзбекистон бугун қайси жиҳати билан танилган?

"Асрлар давомида Ўзбекистон Хитой ва Ғарбий Оврўпони бир-бирига боғловчи Ипак йўлидаги тижорат ва бой маданиятга эга мамлакат сифатида машҳур бўлган. Яқин-яқиндан бери эса, Марказий Осиёнинг ушбу давлати анчайин қоронғуроқ муаммо: қийноқлар билан танила бошлади", дейилади Ҳюман Райтс Уотч ҳисоботида.

Ташкилот шу ўринда 2002 йилда қийноқлар туфайли оламдан ўтгани даъво қилинган Музаффар Авазовни эслатади. Диний айбловлар билан қамалган Музаффар Авазов қайнаган сув билан қийнаш натижасида нобуд бўлгани айтилганди.

"Унинг жасадини кўрганлар боши орқасида катта, қонталаш жароҳат бўлгани, пешонаси ва бўйнининг бир томони кўкарганини кўришгани ҳамда бармоқларида тирноқлари бўлмаганини айтишган", дейди Ҳюман Райтс Уотч.

2003 йил БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар "мунтазам" қўлланиши ва бу ҳоллар "кенг ёйилган" деган хулосага келганди.

Ҳисоботда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ абгор вазият билан маҳкамалардан олдин тергов ҳибсхоналарда кенг тарқалган қийноқ ҳолларини тенг бир шаклда халқаро кун тартибга қўйилади. Шу билан бирга, Ҳюман Райтс Уотч Қўшма Штатлар, Оврўпо Иттифоқи ва Оврўпо қайта қуриш ва тараққиёт банки каби бошқа қатор муассасаларни ўзбек ҳукуматига қатъий талаблар қўйишга ундаган.

Ташкилотнинг урғулашича, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият 2005 йил 13 май Андижон ҳодисалари ортидан ёмонлашган.

Ўзбек ҳукуматининг ушбу воқеалар юзасидан мустақил текширувларга изн бермагани ва фуқаролик жамиятларига қарши тазйиқлари Ғарб давлатлари томонидан қораланган ва ОИнинг жазо чораларига етаклаганди.

"Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилашга оид халқаро босимлар ортидан вазиятни ўнглаш йўлида қандайдир қадам қўйилаётган қилиб кўрсатса-да, ўзгаришлар ҳаминқадар", дейди Ҳюман Райтс Уотч.

Ҳюман Райтс Уотчга кўра, БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Ўзбекистонда қийноқлар "мунтазам" ва "кенг тарқалган"и ҳақида айтганидан қарийб ўн йил ўтиб ҳам, Андижондаги қирғиндан 6 йилдан кўпроқ вақтдан сўнг ҳам мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари бўйича рекорди ва ҳукуматнинг мустақил фуқаровий жамият фаолларига нисбатан мавқеи ёмонлашишда давом этмоқда. Ташкилот вазиятнинг абгорлашувига олиб келаётган муҳим жиҳатларни санаб ўтади: "Ҳукумат мустақил ҳуқуқшуносларни синдиришга ўтган ва мустақил кузатув ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича фаолият учун эшикларини ёпган. Сиёсий ва инсон ҳуқуқлари фаолларини қамоққа ташлаш ва таъқиб қилиш кучайган. Асоссиз ҳибслар ва маҳбусларни қийноққа тутиш, жумладан, қамоқхоналарда шубҳали ўлим ҳоллари давом этаётгани юзасидан ишончли маълумотлар мавжуд".

Шу билан бирга ҳисоботда мустақил диндорларга қарши босимлар давом этаётгани, ҳукумат маҳаллий ва халқаро ноҳукумат ташкилотлари, жумладан, Ҳюман Райтс Уотч эркин фаолият юритишига изн бермай келаётгани таъкидланади.

Ташкилот вазиятни тошкентлик ҳимоячилардан бирининг инқироз чуқурлашаётгани борасидаги изоҳлари билан таърифлайди.

'Ғарб вазиятига кўз юммоқда'

Ташкилот Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни ўта абгор дея таърифлаётган бўлса-да, бу яқиндан бери Ғарб давлатлари билан дипломатик алоқаларни яхшилашга тўсқинлик қилаётгани йўқ.

Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари бузилишига оид тафсилотлар жамланган ҳисоботи билан хорижлик қудратли давлатларни Тошкентга босимларни кучайтиришга ундайди.

Ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича директори Стив Свердлов Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегарадошлиги ва Афғонистон шимолини жанубини билан боғловчи ягона темир йўл тизимига эга экани боис, Қўшма Штатлар ва бошқа Ғарб давлатлари инсон ҳуқуқлари бўйича вазиятни танқид қилишдан чекиниб, ҳамкорлик томон боришганини айтади.

Ҳюман Райтс Уотч етакчи ғарб давлатларининг яқиндан бошлаб Ўзбекистон билан муносабатларини қайта тиклаётганини танқид қиларкан, уларни дипломатик алоқалар, Афғонистон урушидаги стратегик ҳамкорлик учун муаммолардан кўз юмаётганликда айблайди.

Америка томонининг ўзи бунга нима дейди?

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича муовини Роберт Блейк бундай иш тутиш АҚШ учун муҳимлигини инкор қилмайди.

"Бизга бу истисно жуда зарур - Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистонга мудофаа учун лозим ёрдамни берар экан бу мамлакатнинг чегарадаги ҳимоясини кучайтиради. Бизнинг юклар айнан шу чегаралардан Афғонистонга ўтади. Биз Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари даражасини ошириш йўлида қаттиқ ишлашда давом этамиз, албатта, шу билан бирга ўз қўшинларимизни ҳам дастаклашни истаймиз. Аммо, биз Ўзбекистон билан ҳар бир мулоқотларимизда инсон ҳуқуқлари мавзусини кўтарамиз. Давлат котибаси Клинтон октябр ойи Тошкентда бўлди ва инсон ҳуқуқлари масалаларини ҳам кўтарди. Шундай экан, бу кун тартибидаги кўплаб муҳим масалалар қаторида қолмоқда", деб айтган Блейк жаноблари. Унинг қўшимча қилишича, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни ўнглаш Ўзбекистоннинг манфаатларига хизмат қилади.

"Инсон ҳуқуқлари мавзусидаги мулоқотларимиз даражаси яхшиланган. Биз анчайин очиқ гапиришга ва Ўзбекистондаги қатор масалалар юзасидан ошкора сўзлашишга қодир бўлганмиз. Айтиб ўтганимдек, бу борада баъзи илгарилашлар мавжуд. Инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ўзгаради, чунки Ўзбекистон ушбу ўзгаришлар ўз манфаатида эканини билади. Шунинг учун ҳам, биз сабр билан ишлашга ҳаракат қилишимиз керак ва янада илдинроққа қадам ташланиши учун қўлдан келганини қилиш лозим", дейди АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича муовини Роберт Блейк.