Президент Каримов КХШТнинг норасмий саммитида иштирок этади

КХШТга аъзо мамлакатлар раҳбарларининг 2011 йил августидаги Остона учрашуви Фото муаллифлик ҳуқуқи b
Image caption Ўзбекистон раҳбарияти КХШТнинг сўнгги анжуманларида иштирок этмаган

Ўзбекистон расмий доираларга яқин Узметроном.ком веб саҳифасининг ёзишича, Президент Ислом Каримов шу йилнинг 19-20 декабр кунлари Москва шаҳрида бўлиб ўтадиган КХШТнинг норасмий саммитида қатнашади.

Ушбу ташкилотда жуда эҳтиёткорона ҳаракат қилувчи Ўзбекистон бунгача икки маротаба Беларус Президенти Александр Лукашенко томонидан сусткашликка айбланди ва ташкилотдан чиқариш таклифини ўртага ташлади.

Москвадаги норасмий саммитда ташкилотга аъзо давлатларнинг Кремль томонидан ўртага ташланган ягона иқтисодий гуруҳга кириш таклифига айрим давлатларнинг айнан ушбу саммит доирасида жавоб бериши кутилмоқда.

Узметроном.ком сайти Каримов Москвага ташрифи давомида Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик борасида ўзининг муносабатини билдириши мумкинлигини ёзади.

Бу ўз навбатида Беларус раҳбари Александр Лукашенко томонидан Ўзбекистоннинг иштироки борасида билдирилган танқидларга жавоб бўлиши айтилмоқда.

Матбуотда Ўзбекистоннинг КХШТ таркибидаги бундан кейинги иштироки савол остига олина бошлаган. Ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Москвадаги учрашувда Беларус раҳбарининг Ўзбекистонни ташкилотдан чиқариш таклифи кўтарилиши мумкинлигини айтади. Лекин, ташкилотнинг ташаббускори Россия бу таклифга совуққон муносабатда бўлиши мумкин.

- Ўйлайманки, Москва бу ташаббусга совуққонгина муносабатда бўлади. Яъни, бир томондан Москва мана шундай позиция айтилишининг тарафдори, аммо мақсад Ўзбекистонга информацион сиёсий босим ўтказиш, Ўзбекистонни тезда бу ташкилотдан чиқариб юбориш эмас, - дейди Камолиддин Раббимов.

Сиёсатшуносга кўра, агар Ўзбекистон ушбу ташкилотдан чиқиб кетадиган бўлса, КХШТнинг Марказий Осиёдаги барча лойиҳалари мураккаб аҳволга тушиб қолади.

Қозоғистонлик таҳлилчи Дўсим Сатпаев Ўзбекистонни ушбу ташкилот доирасида қониқтирмайдиган бир неча жиҳатлар борлигини айтади.

Шулардан бири Москва томонидан олдинга сурилган ташкилот аъзолари томонидан ягона сиёсий баёнотлар бериш таклифидир.

Аммо, иккинчи томонидан Афғонистондан АҚШ қуролли кучларининг 2014 йилда олиб чиқиб кетилиши Каримовни ушбу ташкилотдан буткул чиқиб кетишдан сақлаб туради.

"Албатта бу борада Тошкент ҳам ўзига хос эътибор билдирмоқда. Чунки, экстремистик-террорчи ташкилотлар, Толибон радикал қисмининг фаоллашув хавфи бор. Тошкент ўзининг хавфсизлигини таъминлаш борасида турли ҳамкорларни излашга ҳаракат қилади", - дейди Дўсим Сатпаев.

Кузатувчилар Ўзбекистоннинг ушбу ташкилот фаолиятида фаоллашмаслигини ва чиқиб ҳам кетмаслигини башорат қилишмоқда. Дўсим Сатпаевга кўра, Ўзбекистон КХШТдаги иштироки давомида ғарбнинг тиз чўкиб келиши мақсадида бир инструмент сифатида ушлаб турган.

- Ҳозир ғарб Ўзбекистонга нисбатан Афғонистон мавзуси сабаб хайрихоҳ муносабатда бўлмоқда. Шу сабабдан, Ислом Каримов КХШТдаги иштирокини қисқартирди ва саммитларда ҳам қатнашмасликкача бориб етди. Аслида, бу жуда жиддий муаммо, - дейди Дўсим Сатпаев.

Москвада бўлиб ўтадиган саммит давомида Москва томонидан таклиф этилган ягона иқтисодий ҳудудга кириш таклифига ҳам аниқ жавоб айтилиши кутилмоқда.

Озарбайжон, Туркманистон ва Ўзбекистон ушбу келишувни имзолашдан бош тортган ва ўз қарорини йил охиригача билдиришни маълумлаганди.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Камолиддин Раббимов Ўзбекистонинг иқтисоди бундай интеграцияларга тайёр эмаслигини айтади.

"Чегаралар ёпиқлиги сабаб нархлар ушлаб турилибди, нархларнинг пастлиги сабаб ижтимоий барқарорлик ушлаб турилибди. Агар чегаралар очиладиган бўлса, хомашё базаси, валюта оқимлари четга чиқиб кетиши мумкин. Чунки, Қозоғистон ва Россияда нархлар анча юқори. Шу орқали Ўзбекистонда мураккаб бир вазият пайдо бўлиши мумкин. Лекин, интеграцион лойиҳаларда албатта иштирок этиш керак. Бироқ бунга Ўзбекистон тайёрланиши лозим, бунинг учун маълум ислоҳатлар ва йиллар керак бўлади", - дейди Камоллидин Раббимов.