Ўзбекистон Тожикистонни "иқтисодий муҳосира" қилишда айбланди

Тожикистон жанубига бораётган поезд Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Тожикистон шимолий ва жанубий ҳудудлари Ўзбекистон билан чегарадош

Тожикистон парламенти аъзолари ўзларининг ўзбекистонлик ҳамкорларига мурожаатнома йўллаб, икки мамлакат жанубини боғлаб турувчи Ғалаба-Амузанг темир йўлини қайта очишни талаб қилганлар.

Жума куни Тожикистон парламенти томонидан тасдиқланган мурожаатномада Ўзбекистон Тожикистоннинг Хатлон ва Бадашхон вилоятларини "иқтисодий муҳосира" қилишда айбланган.

Икки кун муқаддам Жаҳон Озиқ-овқат ташкилоти Ғалаба-Амузанг темир йўл қатновини тўхтатилиши Тожикистонда озиқ-овқат танқислигини келтириб чиқариши мумкинлигини билдирган эди.

Тожикистон парламентининг раиси Шукуржон Зуҳуровнинг айтишича, БМТ Озиқ-овқат дастури ҳам айни темир йўлнинг беркитилишидан ўз хавотирини изҳор этган.

Унинг илова қилишича, Ғалаба-Амузанг темир йўлида БМТ Озиқ-овқат дастурига тегишли 20 вагон Ўзбекистон жанубида ушлаб турилибди.

Шукуржон Зуҳуров БМТ вагонларига ҳаммаси бўлиб 1500 тонна озиқ-овқат, дори-дармон ва кийим-кечак юкланганини айтади.

Буларнинг бари Хатлон ва Бадахшон вилоятларидаги йўқсил аҳолига етказилиши керак эди, дейди Шукуржон Зуҳуров.

Ўтган ой Ғалаба-Амузанг темир йўлида юз берган портлаш ортидан расмий Тошкент айни темир йўлда поездлар қатновини номаълум муддатга тўхтатган эди.

"Тожикистон Темир Йўллари" ширкатига кўра, ҳодиса юз берган пайтдан буён Ўзбекистон айни ширкатга тегишли 320 дан ортиқ вагонни ушлаб турибди.

Мазкур вагонларда озиқ-овқат маҳсулотлари, ёқилғи ва қурилиш моллари билан бирга Афғонистон шимолидаги НАТО кучларига етказилиши лозим бўлган ноҳарбий юклар ҳам бор, дея таъкидлайди "Тожикистон Темир Йўллари" ширкати.

Тожикистон расмийларининг даъво қилишича, Ўзбекистон томони уларга портлаш натижасида вайрон бўлган кўприкни бориб кўришга рухсат бермаган.

Аввалроқ, расмий Душанбе агар Ўзбекистон изн берса, мазкур кўприкни ўз ҳисобига қайта қуришга тайёр эканини айтганди.

Тожикистон ҳукуматига кўра, мамлакат бош вазири Ғалаба-Амузанг темир йўлини очишни сўраб, Ўзбекистон бош вазири номига икки расмий мактуб йўллаган, бироқ жавоб ҳамон берилмади.

Бу мавзуда батафсилроқ