Оврўпо Ўзбекистон билан ўзаро савдо-сотиқ ҳажмини кенгайтирмайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Оврўпо парламенти болалар мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани боис Ўзбекистон билан савдо-сотиқ ҳажмини кенгайтирмаслигини айтган.

Оврўпо Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликка оид келишувни қайта кўриб чиқиш ва ўзгартиришлар киритиш масаласи парламент йиғини кун тартибида бўлган.

Ўзгартиришларга биноан Оврўпо давлатларига ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари импорти оширилиши кўзланган. Аммо, айни масала овозга қўйиларкан, парламент аъзоларининг аксари бунга қаршилик билдиришган.

Улар Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланилаётганини қоралашган ва Халқаро меҳнат ташкилотига болалар меҳнатидан фойдаланилаётгани ҳақидаги маълумотлар юзасидан текширувга изн беришга чақиришган.

'Роғунга нисбатан 'номувофиқ' сўзини ишлатмаганман'

Бундан олдин Оврўпо парламенти Оврўпо Иттифоқидан молиявий маблағлар ажратиш ва минтақадаги инсон ҳуқуқлари вазиятига эътибор қаратиш билан Марказий Осиёдаги мавқеини кучайтиришни талаб қилганди.

Олмония парламентининг консерваторлар партиясидан Марказий Осиё бўйича маърузачиси Элизабет Йегглега кўра, аъзо давлатлар ва Марказий Осиёлик ҳамкорлар билан, айниқса, атроф-муҳитни сақлаш ва сув заҳираларини тақсимлаш масаласида бирга ишлашлари мумкин.

Жорий ҳафта бошларида Оврўпо Иттифоқининг минтақа бўйича сиёсати мубоҳаса этилган ва ўзбек матбуоти Тожикистоннинг Роғун гидроэлектр станцияси қуриш лойиҳаси "номувофиқ"лиги хусусида Йеггле хонимдан иқтибос келтирган.

Роғун ГЭСи Тожикистон тараққиёт стратегиясидаги асосий масала бўлиб, бунга Ўзбекистон қатъиян қарши. Аммо, Йеггле аслида нима деган? Биз унга шу савол билан мурожаат қилдик:

Элизабет Йеггле: Бу гапнинг қандай келиб чиққани ҳақида гапирадиган бўлсак, кўп ҳолларда бу таржима ва хабарни тарқатиш билан боғлиқ бўлади. Мазкур масалада менинг мавқеим ҳар доим жуда аниқ бўлган: ҳозир Жаҳон Банки тадқиқот олиб боришга сўз берган ва бу тадқиқот натижа билан якун топади. Брюсселда ўтган қўмитамиз йиғинида эса, мен Ўзбекистондаги атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва сув тақсимоти хусусида гапирдим. Унда Ўзбекистон қонун палатаси воизи ўринбосари ҳам иштирок этганди. Мен тадқиқот натижаси бутун Марказий Осий минтақаси, Марказий Осиё давлатлари тарафидан ҳурмат қилинишини кутаётганимни айтдим. Бугунда эслаш ноўриндир, аммо бир пайтлар бу сув омборни қуриш Ўзбекистоннинг ташаббуси бўлган. Ва Жаҳон Банки "биз буни яқиндан ўрганим чиқамиз", деб айтаётган экан, мамлакатлар буни ҳурмат қилишларига умид қиламан ва шуни кутаман. Шундан сўнг, биз бу борада музокара олиб боришимиз мумкин. Ўзбек матбуоти менинг тилимдан "номувофиқ" деган сўзни ишлатишини, таржима билан боғлиқ деб кўраман. Бироқ, мен Роғун тўғонига нисбатан "номувофиқ" деган сўзни ишлатмаганман, ишлатмайман ҳам, чунки мен тадқиқот натижасини кўришни истайман. Ва биз бу ҳақда яна кейин гаплашишимиз мумкин. Би-би-си: Оврўпо Иттифоқининг Марказий Осиёга қаратилган сиёсати Марказий Осиё билан ҳамкорлик муҳимлигини урғулайди. Аммо, сув тақсимотига келганда, ушбу ҳамкорлик буткул муваффақиятсиз экани аён бўлади. Мазкур ҳолат қачондир ўзгаришига бирон умидингиз борми? Элизабет Йеггле: Агар барчамиз умидсиз бўлсак, минтақада йирик муаммоларга дуч келамиз. Ҳа, менда бу умид бор ва 1999 йил минтақа бўйича фаолликни бошлаганимдан бери бир нуқтани қайта-қайта таъкидлаганман: сув тақсимоти минтақа бўйича биргаликда, манфаатдор томонларнинг ҳар бири иштирокида ҳал этилиши керак. Мен баҳорда Ўзбекистонда бўлгандим ва Самарқанд яқинидаги лойиҳани бориб кўрдим. Тақсимлаш тизимини замонавийлаштиришга қаратилган ушбу лойиҳа Олмония ёрдами билан дастакланади. Бу ишлар албатта кўп маблағ талаб қилади, аммо бу ердаги одамлар учун ўта муҳим. Марказий Осиё стратегиясида менга муҳим бўлгани шуки: албатта, саммитлар ўтказилмоқда, лекин айнан сув борасида гапирарканмиз, бундан фойда ёки зарар кўрадиганлар маҳаллий аҳоли. Шунинг учун, биз юқорида қандай қарор олингани ва мубоҳаса этилгани энг қуйи босқичгача етказилиши керак. Ва шу нуқтада биз Марказий Осиёлик ҳамкор давлатлар парламентлари аъзолари билан музокаралар олиб боришимиз ва стратегияларни ривожлантиришимиз мумкин.