Ўзбекистон: газ экспорти ва совуқ қотаётган одамлар

Газ олови
Image caption Ўзбекистонликлар ҳали ёз ойларидан қишда газ тақчил бўлишидан огоҳлантирилганлар

Ўзбекистон газини Хитойга етказадиган янги қувур қурилиши бошлангани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлган бир пайтда Андижон шаҳри аҳолиси табиий газ таъминотидаги тақчилликдан азият чекмоқдалар.

Андижонликларнинг айтишича, бир неча кун давомида ҳаво ҳарорати пасайиб кетган, шу кунларда нисбатан илиган эса-да, тунлари -2, кундузи эса +4, +5 даража бўлиб турипти.

Ўзбекистоннинг асосий газ конлари жойлашган жануби-ғарбий, ғарбий қисмидан шарққа тортилган магистрал газ қувурининг охирида жойлашган Андижон шаҳрида қиш ойларидаги газ тақчиллиги муттасил кузатилади, бу йилги қишнинг олдинги йиллардагидан фарқи маҳаллий ҳокимият аҳолини ҳали ёз ойлариданоқ ўтин ва кўмир ғамлашга чақирган.

Аҳолига арзон нархда кўмир тарқатиш ташкиллаштирилган, бироқ бу "арзон кўмир"нинг сифати паст, шу кеча-кундузда бозорда сифатли кўмирнинг 1 тоннаси нархи 600 минг сўмга кўтарилган.

Андижонда республиканинг бошқа ҳудудларидаги сингари электр таъминотида ҳам узилишлар кузатилмоқда, маълум бир соатларда электр узатилиб, қолган пайт одамлар электр қувватисиз ҳам қолмоқдалар.

Айни пайтда 15 декабр куни Ўзбекистондан Хитойга газ етказадиган газ қувурининг учинчи шохасини қуриш бошлангани ҳақида хабарлар тарқатилган, айрим кузатувчиларга кўра, газ йўқлигидан қийналаётган оддий ўзбекистонликлар норозилигини уйғотмаслик учун ҳам ушбу қурилиш бошлангани ва шу йил октябр ойида Хитой ширкати билан Ўзбекистон шартнома имзолагани матбуотда кенг ёритилмаган.

Тарқатилган хабарларда эса газ нархи, қанча газ Хитойга етказиб берилиши ва экспорт шартлари маълум қилинмаган.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларига кўра, газ қувури қурилишида 3000 киши иш билан таъминланади.

Асли Туркманистон газини Хитойга етказадиган қувур 2009 йил декабрида ишга туширилган, "Марказий Осиё-Хитой" транснационал газ қувурининг тантанали очилиш маросимида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Хитой Президенти Ху Жинтао, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевлар қатнашганлар.

Туркманистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Хитой ҳудудларидан ўтган қувурнинг узунлиги 6000 километр экани хабар қилинган.

Ушбу газ қувурининг Ўзбекистондан бошланадиган иккинчи тармоғи 2010 йил октябрида ишга туширилган.

Бу мавзуда батафсилроқ