Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбек аёли "Гулсумой иши" МХХ томонидан уюштирилганини даъво қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи you tube
Image caption Хуршида Жўрабоева "Гулсумой иши" МХХ томонидан ўйлаб топилганини даъво қилди

Ўзбекистонлик 28 ёшли Хуршида Жўрабоева Андижонда тергов пайтида ўз жонига қасд қилгани айтилган Гулсумой Абдужалилова аслида бўлмагани ва у Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) томонидан ўйлаб топилганини даъво қилган.

Аммо, Хуршида Жўрабоева бир неча кун аввал Би-би-си билан суҳбатда Гулсумой Абдужалилова унинг дугонаси бўлгани, уларни МХХ бир неча бор сўроқ қилишгани айтганди.

Хуршида Жўрабоевага кўра, Гулсумой Абдужалилова унга тергов пайтида Ўзбекистонда ҳужумларни режалаштиргани ҳақида иқрорлик кўрсатмаси беришга мажбурлангани ва ўзига ёмон муомала қилинганини айтган.

Хуршида Жўрабоева, шунингдек, Гулсумой Абдужалилова муҳожиротдаги ўзбек мухолифати лидерини ўлдириш сўралганидан сўнг, ўз жонига қасд қилганини даъво қилганди.

Лекин, душанба куни Истанбулда бўлиб ўтган матбуот анжумани чоғида Хуршида Жўрабоева "бу ёлғонни сўзлашга" уни Ўзбекистон МХХ ходимлари мажбурлаганини билдирган.

Хуршиданинг қўшимча қилишича, МХХнинг уч ходими уни Ангрен шаҳридан узоқ бўлмаган бир овлоқ жойда икки ойча уй қамоғида сақлаганлар ва ўша ерда унга тўқиб чиқарилган Гулсумой Абдужалилова ҳикояси ҳамда мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати (ЎХҲ) раҳбари Муҳаммад Солиҳга қарши суиқасд режасини сингдирганлар.

5-декабрда ЎХҲ унга алоқадорликда гумон қилиниб, сўроққа тутилган Гулсумой Абдужалилова ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар тарқатган эди.

Бироқ, мазкур хабар юзасидан илк шубҳалар Олмониядаги икки ўзбек талабаси турли янгилик нашрлари билан боғланиб, Гулсумой Абдужалиловага нисбат берилган сурат аслида уларники эканини маълум қилишлари ортидан пайдо бўлди.

Талабалар уларнинг ижтимоий тармоқ сайтларида чоп этилган суратларидан нусха кўчирилган бўлиши мумкинлигини тахмин этганлар.

Улар Би-би-си билан боғланишгач, BBCUzbek.com хабар тафсилотини янада чуқурроқ ўргана бошлади.

Би-би-си тадқиқотини ўқиш учун бу ерга босинг

Хуршида Жўрабоева ҳикояси ва у илгари сурган даъволар жуда чигал ва бир-бирига улаб бўлмайдиган жиҳатларнинг кўплиги билан ажралиб туради.

Унинг Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматига даъволари ўта жиддий бўлгани сабаб Би-би-си МХХ матбуот хизматига боғланди.

МХХ Матбуот хизмати ходими Би-би-сининг Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлигида рўйхатдан ўтмагани важидан бу борада маълумот беришдан бош тортди.

Би-би-си Хуршида Жўрабоевани суҳбатга чорлаб, аввалига "Гулсумой Абдужалиловани ким ўйлаб чиқарди?" - деб сўради.

Хуршида Жўрабоева билан суҳбатни тингланг.