Ўзбекистон футбол стадионлари учун чорак миллиард доллар сарфламоқчи

Ўзбекистон Футбол Ферерациясининг президенти Мираброр Усмонов 2011 йил якунларига бағишланган йиғинда чиқиш қилиб, 2014 йилга қадар мамлакатда янги футбол стадионларини қуриш ва мавжудларини таъмирлаш учун 250 миллион АҚШ долари сарфланишини айтган.

Мираброр Усмонов сўзларига кўра, 2011 йилда саккизта футбол стадионини қуриш ва таъмирлаш режалаштирилган эди.

"Шу кунларда биз 8 минг томошабинни сиғдира оладиган "Локомотив" стадионини топширамиз. Айни сўзларни 15 минг томошабинга мўлжалланган Бекободдаги янги стадион ҳақида айтиш мумкин," - деб айтган Ўзбекистон Футбол Федерациясининг президенти.

Унинг маълум қилишича, келгуси йил баҳорига қадар Самарқандда 12 минг кишилик ва Бухорода 20 минг кишилик стадион қуриб битказилади.

Мираброр Усмонов, шунингдек, 2012 йил давомида Наманган ва Олмалиқдаги марказий стадионларни таъмирлаш ишлари ниҳоясига етишини айтган.

Шу билан бирга жаноб Усмонов 2013 йилда Фарғона шаҳрида янги стадион ишга туширилиши, Тошкентдаги "Пахтакор" стадионида эса 2012 йил май ойига қадар таъмирлаш ишлари олиб борилишини айтган.

"Ва ниҳоят, 2012 йил июнида "Бунёдкор" футбол стадиони тайёр ҳолга келтирилади," дея маълум қилди Ўзбекистон Футбол Федерациясининг президенти.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда 34 минг томошабинга мўлжалланган ушбу стадионга тенги бўлмайди.

"Мазкур стадионларнинг барчасини қуриш ва таъмирлаш учун 250 миллион доллар сарфланади," - дея таъкидлади Мираброр Усмонов.