Таиланд: фоҳишаликка мажбурланган ўзбекистонлик аёллар эронликни полицияга тутиб берганлар

Image caption Таиланднинг Патайя шаҳри хорижлик сайёҳлар орасида машҳур соҳилбўйи шаҳри

Бир неча ўзбекистонлик аёлларни фоҳишабозликка мажбур этган Эрон фуқароси Таиландда қўлга олинган.

Таиланд оммавий ахборот воситалари хабар қилишича, эронлик 33 ёшли Ёсим Муҳаммад Абдулла Алмазрўи ўзбекистонликларга Таиландда яхши ҳақ тўланадиган иш таклиф этган, бироқ Таиланднинг сайёҳлик ривожланган Патайя денгиз соҳилидаги шаҳрига етиб борганларидан кейин аёлларнинг ихтиёрларига қарши фоҳишалик қилишга мажбур этган.

Эрон фуқароси Ёсим Муҳаммад Абдулла Алмазрўини Таиланд Сайёҳлик полицияси ходимлари Патайя шаҳридаги арзон меҳмонхоналардан бирида қўлга олганлар, бунга уч ўзбекистонлик аёлнинг шикояти сабаб бўлган.

Таиланд матбуоти хабарларига кўра, эронлик аёлларни мижоз овлаш учун кўчага чиқариб юборган пайтида улар полицияга мурожаат қилишган ва 18 декабр куни Ёсим Муҳаммад Абдулла Алмазрўи маҳкамага келтирилган, унга инсон траффиги айблови қўйилган.

Исми-шарифи эълон қилинмаган, бироқ ёшининг 20 да экани айтилган Ўзбекистон фуқароси полицияга сўзлаб беришича, Ёсим Муҳаммад Абдулла Алмазрўи Ўзбекистонда бўлган пайти Таиландда массажчи бўлиб ишлашни, бунинг учун яхши ҳақ тўланишини ваъда қилган.

Эронлик "менга Таиландгача бўлган йўл харажатини кўтаришини айтди ва 10000 Таиланд бахти(317 АҚШ доллари)ни кўрсатди", деб айтган ўзбекистонлик аёл.

Етиб келганидан кейин у фоҳишабозликка мажбурланган бир неча аёлдан бирига айланганини тушунган.

"Агар биз қочиб кетишга ҳаракат қилсак ёки Алмазрўи буюрганини бажаришдан бош тортсак, баданимизни сигарет билан куйдирарди", дея ўзбек аёли сўзларидан иқтибос келтиради Таиланд оммавий ахборот воситалари.

Аёллар полицияга мурожаат қилганидан кейин Сайёҳлик полицияси Патайя жанубида жойлашган арзон меҳмонхонани босган.

Таиланд полициясига кўра, Алмазрўи хорижий сайёҳлар орасида машҳур Таиланд кўрфази қирғоғидаги Патайя шаҳрида чет эллик аёлларни фоҳишабозликка мажбур қилган бир неча кишилик гуруҳнинг аъзоси бўлган.

Алмазрўи шерикларига қидирув эълон қилинган.

Ўзбекистондаги оғир иқтисодий аҳвол миллионлаб сонда деб кўриладиган ўзбекистонликларни хориждан даромад қидиришга мажбур этади, оқибатда кўп инсонлар инсон траффиги қурбонларига айланадилар.

Бу мавзуда батафсилроқ