Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Солиқ имтиёзларини бериш ўзбек матбуоти мустақиллигини таъминлайдими?

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов оммавий ахборот воситаларига солиқ имтиёзлари берувчи фармонга имзо чеккан.

Унга мувофиқ барча ахборот воситалари ва нашриётлар беш йилга даромад солиғидан озод қилинади.

Ушбу фармондан мақсад матбуотнинг мустақиллигини таъминлаш экани урғуланган.

Аммо, журналист Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, Президент фармони, аксинча, матбуотнинг давлатга қарамлигини янада кучайтиради.

"Бутун оммавий ахборот воситаларини йиғиштирадиган бўлсангиз, биронта бир қўшма корхонанинг солиқларини беролмайдиган даражада. Энди бу халқни, оммани кўзига солиқлардан озод қилиш катта бир ислоҳотдек кўринади. Журналистларга эътибордек туюлади", дейди ҳуқуқ фаоли.

Абдураҳмон Ташанов сўнгги фармон матбуот соҳасида жиддий ўзгариш ясай олмаслигини айтади.

"Менинг назаримда, бу матбуотдаги жуда катта ўзгариш ҳам эмас ва яқин ўртада қанақадир систематик ўзгариш бўлмаса, солиқлардан озод қилиш ёки қанақадир молиявий имтиёз бериш матбуотда ўзгариш ясамайди", дейди у.

Бошқа томондан, бу Ўзбекистондаги матбуотнинг молиявий жиҳатдан аянчли аҳволига ҳам урғу бериши айтилади.

Айни пайтда халқаро матбуот ташкилотлари Ўзбекистонни матбуот эркинлигининг аҳволи "энг ёмон" бўлган давлатлар қаторига киритишади.

Президент Ислом Каримов Париждаги "Чегара билмас мухбирлар" ташкилотининг 2011 йилдаги 38 нафар "Интернет душманлари" рўйхатидан ўрин олган.

Ташкилот 10 га яқин журналистларнинг Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётганини айтган.

Шу билан бирга Ўзбекистонда цензура замонга мослашиб бораётгани ҳақида юзасидан ҳам хавотирлар билдирилганди.

Ўзбекистон ҳукумати эса, мамлакатда матбуот устидан цензура ўрнатилганига оид айбловларни доимо рад этиб келади.

Бироқ, Президент Каримов ўзбек матбуотдаги ўз-ўзини цензура қилиш ҳолларини ҳам танқид қилганди.