Одил Аҳмедов зўрларнинг зўри эканликда Самуэль Это'Они ҳам ортда қолдирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи anzhi

Доғистондан олинган хабарларга кўра, икки карра "Ўзбекистоннинг энг қойилмақом футболчиси" Одил Аҳмедов ўзи тўп сураётган "Анжи" клубида ҳам ўтган мавсумда "зўрларнинг зўри", деб топилган.

Одил клуб ишқибозлари, мураббийлари ва раҳбарияти томонидан берилган овоз бериш натижаси бўйича, жаҳон футболи юлдузлари бўлган жамоадошлари Самуэль Это'О ва Роберто Карлосларни ҳам ортда қолдирган.

Унга овоз берганлар деярли барчаси "Одил майдонда ҳақиқий жангчи" эканлигини бирдек эътироф этишган.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сара ўйинчиси яқинда иккинчи бор Ўзбекистонда йилнинг энг яхши футболчиси, деб ҳам топилганди.

Терма жамоа сардори, икки карра "Осиёнинг энг зўр ўйинчиси" бўлган Сервер Жеппаров ҳам тўплаган очколари бўйича Одилга бас келолмаганди.

Бошқа томондан, зўрларнинг зўри бўлишда Одил Аҳмедов илк бор дунёнинг манаман, деган ўйинчиларини ортда қолдираётгани йўқ.

У 2009 йилда ўша пайтда Тошкентнинг "Бунёдкор" клубида тўп сурган ва ўз вақтида кимсан Бразилия футболининг тўрттадан биттаси бўлган Ривальдони ҳам доғда қолдириб, илк бор "Ўзбекистоннинг энг қойилмақом футболчиси", деб топилганди.

Сўнгги янгилик ҳақида Россиянинг бойвачча "Анжи"(Махачқалъа) клуби расмий веб саҳифасида хабар қилинади.

Овоз бериш натижалари бўйича, клубнинг Одил Аҳмедовдан кейин иккинчи яхши футболчиси деб Россия терма жамоаси аъзоси Юрий Жирков топилган.

Марокашлик ярим ҳимоячи жамоадоши Муборак Буссуфага эса, учинчи ўрин насиб этган.

"Анжи" (Махачқалъа) клубига доғистонлик миллиардер Сулейман Керимов соҳиблик қилади.

Сўнгги йилларда жаҳоннинг олд футболчиларини сотиб олишга зўр бераётган клуб ўтган йил сентябр ойида Ўзбекистон миллий терма жамоаси юлдузи Одил Аҳмедов билан ҳам расман тўрт йилга шартнома имзолаганди.

Мен аввалроқ Одил Аҳмедовни суҳбатга чорлаб, "Анжи" сафларида ўтказган сўнгги футбол мавсумидан олган таассуротлари билан қизиққандим.

Суҳбатни тўлиқ ҳолда тинглаш учун плейерни ўйнанг:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ