Ўзбекистондан Тожикистонга газ таъминоти тикланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Ўзбекистон икки кун олдин ҳеч бир огоҳлантиришсиз Тожикистонга газ таъминотини узиб қўйганди

Бугун жума куни Ӯзбекистондан Тожикистонга газ таъминоти қайта тикланган.

Икки кун олдин Ӯзбекистон томони ҳеч бир огоҳлантиришсиз Тожикистонга газ таъминотини тўхтатиб қўйганди.

Бунга жорий йил учун давлатлараро газ етказишга оид битим имзоланмаганлиги сабаб экани айтилганди.

Бунинг ортидан Тожикистон президенти Имомали Раҳмон президент Ислом Каримовга мурожаат қилиб, ушбу муаамони ҳал этишда ёрдам кӯрсатишни сӯраган эди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Давлатали Назриевнинг айтишича, ӯша куни Ӯзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси вазирликка чақирилиб, унга президент Раҳмоннинг ўзбекистонлик ҳамкасбига йўлланган мактуби топширилган.

Жаноб Назриевга кӯра, ушбу мактубда президент Ислом Каримовдан газ муаммосининг ечимида ёрдам бериши сўралган.

"Бундан аввал Тожикистон томони, жумладан, Бош вазир ӯринбосари бир неча бор мазкур масала тӯғрисида Ӯзбекистон расмийларига мурожаат қилган эди. Аммо улар самара бермади. Шу сабабдан ҳам, Ўзбекистон томонига олий даражада мурожаат қилишга тӯғри келди", - деб айтган Назриев жаноблари.

Сўнгги хабарлардан аён бўлишича, кеча Тожикистон ҳукумат ҳайъати Тошкент шаҳрида Ӯзбекистон томони билан газ импортига оид янги битим изолаган.

“Узтрансгаз” ва “Тожиктрансгаз” ширкатлари орасида имзоланган келишув жорий йилда Ӯзбекистондан Тожикистонга 200 миллион кубометр миқдорида газ етказиб беришни кўзда тутади.

“Тожиктрансгаз” ширкати раиси биринчи ӯринбосари Шавкат Шоимовнинг айтишича, газ баҳоси ӯтган йил билан қиёслаганда бир қадар арзонлаган.

"Минг кубометр газнинг баҳоси уч юз долларни ташкил этади. Бу нарх ӯтган йил декабр ойига қараганда 11 доллар камдир. Аммо ӯтган йил январ ойи билан қиёслаганда ӯзбек гази 70 доллар миқдорида қимматлашган", - дейди Шоимов жаноблари.

Тожикистонда йилига 50 миллион кубометрга яқин газ ишлаб чиқарилиб, мамлакат эҳтиёжлари учун газ асосан қӯшни Ӯзбекистондан сотиб олинади.

Ӯтган йил Ӯзбекистон Тожикистонга 160 миллион кубометр миқдорида газ етказган эди.

Ӯзбек газидан, асосан, Тожикистондаги алюминий ва цемент корхоналари фойдаланишади.

Охирги йилларда Ӯзбекистондаги турли экологик ташкилотлар ва Сурхондарё вилояти фаоллари Тожикистон алюминий заводини атроф-муҳитни ифлослантиришда айблаб, бу борада халқаро ташкилотларга шикоят қилган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ