Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон: Электросет мулозими тармоқдаги узилишларда ҳокимиятни айблади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Электр тармоғидаги узилишлар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида кузатилмоқда

Ўзбекистонда сурункали электр энергияси тақчиллиги давом этаркан, "Наманганэлектросет" корхонаси мулозими Абдураҳмон Мамажонов тармоқдаги узилишларда аҳолини эмас, балки ҳокимиятни айблаб чиққан.

Рус тилида чоп этиладиган "Новости Узбекистана" рўзномаси мухбирининг саволларига жавоб бераркан, мулозим хонадонлар иситилмаётган бир шароитда аҳолининг электр жиҳозларидан фойдаланиши табиий эканини айтган.

"Электрнинг ўчирилишида энергетиклар эмас, балки халқни вақтида иссиқлик ва газ билан таъминламаганлар айбдор",деб айтган "Наманганэлектросет" корхонаси бош муҳандисининг ўринбосари Абдураҳмон Мамажонов.

Би-би-си Намангандаги вазият ҳақида Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи нафақахўр Ғуломжон Холматов билан суҳбатлашган.

"Қоронғу кечада кўкка кўз тикиб..."

Расмийлар электр тармоғидаги узилишлар аҳолининг қарзи ва электрдан ноқонуний фойдаланиш ҳоллари сабаб юз бераётганини айтишади.

Айни пайтда электр таъминотидаги сурункали узилишлар пластик карточка терминаллари ҳамда газ қуйиш шахобчалари фаолиятининг фалажланишига олиб келмоқда.

Фарғона вилояти Риштон туманига қарашли қишлоқлардан бирида аҳоли электр таъминотидаги узилишларга норозилик белгиси сифатида марказий йўлни тўсиб қўйишга уринган.

40 чамаси риштонлик аёлларни маҳаллий ҳокимият мулозимлари электр муаммосини ҳал қилиш ваъдаси билан тарқатиб юборганлар.

Айни пайтда электр таъминотидаги сурункали узилишлар пластик карточка терминаллари ҳамда газ қуйиш шахобчалари фаолиятининг фалажланишига олиб келмоқда.

Риштонлик журналист Баҳодир Элибоевнинг айтишича, электр нафақат хонадонлар, балки давлат идоралари, жумладан, ички ишлар бўлимларида ҳам бот-бот ўчиб қолмоқда.

"Давлат ходимлари ҳам ўзаро суҳбатларда "жуда эзворди-ю, а, нималар бўлаяпти" деган гапларни айтишаяпти", - дейди Баҳодир Элибоев.

Риштонлик журналистнинг ўзи "Фэйсбук"даги саҳифасида мана бу сатрларни ёзган:

"Qorong`u kechada ko`kka ko`z tikib, Eng yorug` yulduzdan svet so`rayman... :)))))".