BBC navigation

Ўзбек фермер хўжаликларини йириклаштиришдан майдалаштиришга ўтилмоқда

Сўнгги янгиланиш 13 январ 2012 - 14:55 GMT

Ўзбекистонда фермер хўжаликлари давлатнинг қаттиқ назорати остида амал қилади

Хабарларга кўра, ўзбек деҳконлари жойларда ерларни ижарага олишдан бош тортишмоқда. Сабаб ҳукуматнинг фермер хўжаликларини йириклаштириш кампанияси чоғида кўпчиликнинг ерга эгалик ҳуқуқлари поймол этилгани ва фермерларга ўтказилаётган тазйиқлар экани айтилади.

Тошкент вилоятининг Янгийул туманида ҳукуматнинг бу йилдан бошлаб пахта ўрнига сабзавот ва полиз маҳсулотларини етиштириш ҳақидаги қарори ҳам фермерларнинг қизиқишини уйғота олмаган.

Янгийўллик фермер, Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси фаоли Абдуқодир Назаровнинг Би-би-сига айтишича, бу каби ҳолат бутун республика бўйлаб кузатилмоқда.

Фермернинг айтишича, қишлоқ хўжалигидаги камчиликларини яшириш учун маҳаллий ҳокимиятлар деҳқонларга зўравонлик қилишади.

"Масалан, кечқурун чақиришади. Тўрт ё беш киши ўтириб олишади, прокурор, ё ёрдамчиси, ҳоким ва муовини ҳам бўлади, "фалон кунгача пахта режасини бажариб бераман, бўлмаса ерни ўз ихтиёрим билан топшираман" деб аризани ёз дейди. Ёзиб бермаса, олиб бориб қамаб қўйиши ҳам мумкин. Бечора фермер ўзи шундоқ ҳам қўрқиб ётибди, ёзиб беради", - дейди Назаров.

Фермернинг айтишича, 2011 йилда ҳеч кимнинг ериб тортиб олинмаган, чунки бу ерни кейин кимга беришнинг ўзи ҳокимият учун катта муаммо. "Фермерликка талабгорлар йўқ ҳозир", - дейди у.

Янгийўл тумани 2011 йилдан бошлаб пахтадан мева-сабзавот етказиш тизимига ўтказилган. Бироқ, бу фермерлар орасида ер учун талашишга олиб келгани йўқ.

"Пахтага, буғдойга мўлжалланган фермер хўжаликлари жуда йирик - 150-200 гектарлаб ерлари бор. Мева-сабзавотда эса 30-40 гектардан ошиқ ерларни эплаш жуда қийин фермерга. Шунга қараб энди фермер хўжаликларини майдалаштирамиз дейишди. Аввал катталаштиришган эди. Энди майдалаштирамиз деганда, талабгорлар чиқмаяпти. Чунки ишонч йўқ, айниқса маҳаллий ҳокимларга ишонч йўқ", - дейди Абдуқодир Назаров.

Унга кўра, 2008 йилда чиқарилган фермер хўжаликларини катталаштириш борасидаги президент фармони Ўзбекистондаги деҳқончилик шароитларини ҳисобга олмаган.

"Хўжаликларни ҳаддан ташқари кенгайтириб юборишган. Ўзбекистон деҳқончилик шароитига тўғри келмайди бу. Фермер хўжаликларининг қарзлари кўпайиб кетган", - дейди у.

Деҳқонлар йиллар оша пахта ва буғдойнинг ҳарид нархларининг пастлигидан шикоят қилиб келишмоқда.

"Масалан, буғдой республика бўйича ўртача 290-300 сўмдан олинади, лекин яқинда ҳисоб-китоб қилиб чиқдик, буғдойнинг тан нархи бир килограмм учун 600 сўм бўлаяпти. Демак, фермер буғдойни етказиб фойда эмас, зарар кўради", - дейди Абдуқодир Назаров.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.