BBC navigation

Татар полицияси махсус амалиёт чоғида Ўзбекистон фуқаросини отиб ўлдирган

Сўнгги янгиланиш 13 январ 2012 - 12:03 GMT

Татарстон ИИВ Бошқармаси Юсуповни ўта жиддий жиноятчи дея қидирувга эълон қилганди

Татаристон Ички Ишлар Вазирлиги Бошқармаси ўз интернет саҳифасида хабар қилишича, 12 январда аёли билан қидирувга эълон қилинган ўзбекистонлик Рустам Юсупов Қозон шаҳрида қўлга олинаётганда ўлдирилган.

Бошқарма хабарига кўра, 38 ёшли Юсупов Қозон шаҳрининг Химики кўчасидаги хонадонлардан бирида топилган.

"Қўлга олиш чоғида у пичоқ билан ички ишлар бошқармасининг тергов бўлими ходимига ташланди. Полициячи бир неча жароҳат олган ва қурол ишлатишга мажбур бўлган. Юсупов воқеа жойида жон берган, полициячи касалхонага ётқизилган", - дейилади расмий хабарда.

Унинг рафиқаси, Нижнекамск шаҳрида туғилган Лениза Юсупова ҳибсга олинган. Охирги пайтда Қозонда яшаб келган бу жуфтлик аниқ нималарда гумон қилинаётганини ИИВ ошкор қилмаяпти.

Лекин, норасмий хабарларда эр-хотин экстремистик ташкилотларга аъзо бўлган бўлиши мумкин дейилади.

Юсупов отиб ўлдирилишидан бироз аввал икковлон Татаристон ИИВ Бошқармаси сайтида "оғир жиноятлар"ни амалга оширишда айбланиб қидирувга эълон қилинган.

Саҳифада калта соқолли эркак ва ҳижоб ўраган ёш аёлнинг суратлари чоп қилинган. Уларнинг тўрт ёшли қизи ва бир ёшли ўғли ҳам борлиги айтилган.

"Интерфакс" хабар агентлигининг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига биноан, жуфтлик экстремистик фаолиятга алоқадорликда гумон қилинган. "Улар Россия Федерацияси ҳудудида ман қилинган Хизбу-Таҳрир экстремистик ташкилотига аъзо бўлгани эҳтимолдан ҳоли эмас", - деб айтган манба.

Манба маълумотига кўра, Рустам ва Лениза Юсуповлар 10 январ куни Татарстоннинг Высокогорский туманидаги Мемдель қишлоғида бир хусусий уйнинг ёниб кетиши билан боғлиқликда қидирувга эълон қилинган.

"Ёнғин ўчирилганда уйдан портловчи жиҳозлар топилган. Ҳеч ким жароҳат олмаган. Бу фактга асосланиб жиноий иш очилган", - деб қўшимча қилган манба.

Маҳаллий оммавий ахборот воситалари айни қишлоқда яна бир уй миналангани борасида хабар тарқатганлар.

"Ўз жиноятини ёпиш"

Россияда марказий осиёлик меҳнат мухожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи "Мемориал" маркази фаоли Баҳром Ҳамроев Рустам Юсуповнинг экстремистик фаолият билан шуғулланганига ишонмаслигини айтади.

Би-би-си билан суҳбатда Ҳамроев айни иш бўйича холисона тергов ўтказилишига чақирди, ва Россия ҳуқуқ-тартибот идораларини "уни отиб ўлдирганларидан кейин ўз жиноятларини ёпиш" учун Юсупов борасида айбларни тўқиб чиқаришда айблади.

Ҳамроев Рустам Юсуповнинг Татаристондаги ўзбек сафдошлари ва яқинлари билан телефон орқали боғлангани ва улар Юсуповнинг жиноий фаолиятга алоқадорлигини буткул рад этишганини билдирди.

"Оддий ўзбек. Ўзбекистон фуқароларини Россия отиб ўлдирса ё террорист деб атаса, Ўзбекистон ҳукумати бу фуқаро учун ҳеч қайғурмайди, бу аниқ. Буни Россия ҳукумати яхши билади. Бемалол, ҳар қандай ўзбекни бугун отиб ўлдириб, "террорист" ё "жиноятчи" дейиши мумкин", - дейди Баҳром Ҳамроев.

Лекин, айни дамда фаол ўзбекистонлик мусулмонлар учун Россия, хусусан Татаристон ва Шимолий Қофқоз республикаларида Ўзбекистондагига қараганда диний эркинликлар кўпроқ эканини урғулайди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.