Ўзбекистон Тожикистон билан бўлган аксар чегара нуқталарини беркитди

ўзбек чегараси
Image caption Ўзбекистон ва Тожкистон ўртасида 2000-йилда виза тизими жорий этилган

Тожикистон расмийларига кўра, Ўзбекистон Тожикистон билан бўлган аксар чегара ўтиш нуқталарини беркитиб қўйган.

Тожикистон Божхона Қўмитасининг хабар беришича, икки давлат ўртасидаги 16 ўтиш нуқтасидан ҳозирда фақат тўрттаси фаолият кўрсатмоқда.

Тожикистон Хавфсизлик Қўмитаси қошидаги чегара қўшинлари матбуот котиби Хушнуд Раҳматуллоевнинг айтишича, Ўзбекистон томони Тожикистон органларига чегарадаги ўтиш нуқталарининг ёпилиши сабабларини изоҳламаган.

"Ўзбекистон бир томонлама ўтиш нуқталари фаолиятини тўхтатди. 2010 йилда Тожикистонинг Панжакент туманидаги "Саразм" ўтиш нуқтаси номаълум сабаблар билан ёпилди. Шу кунгача биз бундай амаллар сабаларни билмаймиз," - деди жаноб Раҳматуллоев.

Тожикистон Божхона Қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Неъматбой Раҳматов Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган матбуот йиғилишида ўтган август ойида Ўзбекистон томони Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасидаги уч ўтиш нуқтасида тузатиш ишлари бораётгани сабабли уларни беркитганини айтган.

Аммо, расмийга кўра, қолган чегара ўтиш нуқталарининг ёпилиши сабаблари маълум эмас.

2000-йил Тожикистон ва Ўзбекистон ўтасида виза режими ўрнатилиши ортидан икки мамлакат фуқаролари борди-келдиси ўта қийинлашди.

Айни йилда Ўзбекистон террорчи гуруҳларнинг мамлакат ичкарисига сизиб киришини олдини олиш мақсадида Тожикистон билан бўлган чегара минтақаларни миналаштирди.

Шу кунгача мазкур минтақаларда мина портлашидан саксон Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган ва яна саксон олти киши жароҳатланган.

Ўзбекистон томонидан ҳам қурбонлар бор, аммо улар ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Шунингдег ўтган йил ноябр ойидан бошлаб жанубий Тожикистонга борадиган Ғалаба-Амузанг минтақасидаги темир йўл портлаш натижасида беркитилди.

Тожикистон томони темир йӯл қатновининг тўхтаб қолиши натижасида 20 миллион доллардан кўпроқ зарар кўрганини айтади.

Икки мамлакат ўртасида "Абадий дўстлик" шартномаси имзоланган, аммо улар ўртасида на ҳаво ва на қуруқлик қатнови мавжуд.

Икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг бу қадар абгорлигига сабаб нима?

Би-би-си ушбу савол билан Лондондаги Уруш ва Тинчлик Тадқиқотлари Марказидан Марказий Осиё масалалари бўйича таҳлилчи Жон Маклаудга мурожаат қилди.

Жон Маклауд: Ўйлашимча, истеҳзоли ери шундаки, икки ўртадаги таранг муносабатларнинг илдизи уларнинг маданият ва тарихий жиҳатдан ўта яқинлиги туфайлидир. Лекин, ҳайратланарлиси шуки, мустақиликка эришганларидан бери, икки ўртада ўта танглик кузатилмоқда. Бу тангликнинг илдизлари бунданда аввалроққа, Совет Республикалари ташкил этилган пайтга: йирик Ўзбекистон ва кичик Тожикистоннинг пайдо бўлишига бориб тақалади. Ўзбекистон кўпроқ саноат салоҳиятига эга, Тожикитсон табиий ресурсларга. Бу тангликни келтириб чиқараётган сабаблардан биридир. Яна бир сабаб - йиллар мобайнида икки томондан қилинган сиёсий баёнотлар. Тожикистондаги фуқаро уруши даврида мамлакатдаги ўзбек жамоаси тарафкаш сифатида кўрилди. Жорий тангликнинг асосий сабаби эса Тожикистонда Роғун ГЭСи қурилиши режаларидир. Ўзбекистон бунинг оқибатида сув таъминотига зарар етади, деган фикрда. Кўринишича, тарғибот жабҳасида тожик томонининг қўли баланд келмоқда. Ўзбек томонининг даъволарида не қадар жон бўлмасин бу муждани халқаро миқёсда кўтариб чиқишлари мушкул кечяпти. Ана шу вазиятда ўзбек томони ўз қўлидан келадиган босимнинг бошқа турларидан фойдаланмоқда. Тожикистонда муҳим юклар ташийдиган поездлар йўли тўсилмоқда, чегарлардан ўтиш қийинлаштирилмоқда ва ҳаказо. Буларнинг ҳаммаси Советлар давридан кейин минтқа давлатларининг ўзаро муносабатларни йўлга қўйишда юз тутаётган қийинчиликларига яққол мисол бўла олади.

Би-би-си:Марказий Осиё минтақасидаги ҳар бир мамлакатнинг бошқаси билан муайян муаммолари бор, лекин ҳеч бирининг ўртасидаги муносабат Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасида бўлганчалик ёмон эмас, бунга сабаб нима?

Жон Маклауд: Ўша айтганимдек, уларнинг ўта яқинлиги менимча. Иккала мамлакатда ҳам йирик ўзбек ва тожик жамоалари яшайди. Шўролар қулашидан кейин жамият қурилишида бу жамолар эндиликда диаспора сифатида кўрила бошланди, ваҳоланки улар ерлик аҳоли, улар фақатгина чегарлар чизилган вақтдагина, тасодиф туфайли, у ёки бу тарафда бўлиб қолишган. Йиллар мобайнида икки ўртадаги рақобат ва танглик ўсиб, ҳозирга ҳолатга олиб келди. Бундан ташқари икки раҳбар ўртасидаги рисоладагидек бўлмаган муносабатлар ҳам бунда рол ўйнамоқда. Бу икки раҳбар муносабати тенглар мусобақаси эмас. Албатта Президент Крамовнинг мавқеъи кучлироқ. У кучлироқ иқтисод ва транзит йўналишлар устидан назоратга эга. Имомали Раҳмон мавқеъи эса заифроқ.

Би-би-си: Баъзи кузатувчилар икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг танг эканлигига асосий сабаб айнан икки раҳбарнинг бир-бири билан чиқиша омаслиги деб билишади. Сиз бунга қўшиласизми?

Жон Маклауд: Албатта, улар ўртасидаги муносабат рисоладагидек эмас, лекин бу икки мамлакат ўртасидаги муаммолар кўп эканлиги туфайли деб ўйлайман. Чунки, бу икки раҳбар Совет Иттифоқ қулашидан кейин келиб чиққан мушкул муаммоларни ечишда мушкулликларга юз тутмоқдалар. Ўзбек томони табиий газимиз бор уни жаҳон нархларида сотамиз дейди, лекин сувни табиий заҳира ва товар сифатида кўрмаймиз, дея даъво қилади. Тожик томони эса бу каби ёндошувни адолатсиз, дея кўради. Лекин, айтиб ўтганимдек, тарғибот жабҳасида, менимча, тожикларнинг овози баландроқ ва муваффақиятлироқ янграмоқда. Ўзбек томони эса иккала томон учун ҳам фойдали бўлмаган қадамлар билан жавоб бермоқда. Буларнинг ҳаммаси аслида жиддий ёндошиб, ечимини топиш керак бўлган муаммоларнинг мавжудлигини кўрсатади.

Бу мавзуда батафсилроқ