Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Хориждаги ўзбек фаоллари Жамшид Каримов тақдиридан хавотирда

Image caption Жамшид Каримов ўтган йил ноябрида махсус руҳий шифохонадан озод этилган эди

Хорижда паноҳ топган бир гуруҳ журналистлар Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат билан чиқиб, 10-январдан буён дўстлари билан алоқага чиқмаётган мустақил журналист Жамшид Каримовни тинч қўйишга чақирганлар.

Йигирма журналист имзоси билан тарқатилган мурожаатда Жамшид Каримов билан бир неча кундан умуман алоқа йўқлиги таъкидланган.

Журналистлар унинг "тўсатдан" ғойиб бўлишидан ташвишда эканликларини билдирганлар.

43-ёшли Жамшид Каримов Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг жиянидир.

У 2006 йилда амакиси Ислом Каримовни очиқча танқид қилиши ортидан Самарқанддаги махсус руҳий шифохонага мажбуран ётқизилган эди.

Ҳибсга олинишидан аввал Жамшид Каримов интернетда маҳаллий ва марказий ҳокимият идораларини танқид қилувчи қатор мақолалар эълон қилган.

Жамшид Каримов ўтган ноябрда шифохонадан озодликка чиққан ва сўнгги пайтларда Жиззах шаҳрида яшаётган эди.

Онаси Маргарита Каримованинг ўлимидан бир неча йил аввал Би-би-си мухбирига айтишича, Жамшид Каримов президентнинг жияни эканидан "уялган ва сўраганларга шунчаки, фамилиядошмиз, деб айтган".

Ғарблик айрим таҳлилчиларга кўра, Жамшид Каримовнинг тақдири Ислом Каримов тузумининг ўзгача фикрга нақадар тоқатсизлигининг ёрқин мисолидир.

Канададан у билан охирги марта телефонда гаплашган журналист Улуғбек Ҳайдаровнинг айтишича, беш йил Самарқанддаги мажбурий руҳий муолажа сўнггида ўтган йил ноябрида озодликка чиққан Жамшид Каримов қудратли амакиси ҳақида китоб ёзаётган эди.