Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистонда қўлга олинган ҳуқуқ фаолининг тақдири номаълум қолмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Гавҳар Бердиева ўзи истиқомат қиладиган минтақадаги ижтимоий муаммолар борасидаги қатор мақолалари билан танилган

Маҳаллий ҳокимиятнинг қонунсизликларига норозилик белгиси сифатида Тошкентдаги Президент девони олдида пикет ўтказишга уринган жиззахлик инсон ҳуқуқлари фаоли Гавҳар Бердиеванинг ҳибсга олингани хабар қилинган.

Норасмий Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари алянси унинг тақдиридан хавотирда эканини айтган.

Би-би-сининг Гавҳар Беридева билан боғланишга уринишлари зое кетди.

Янгийўлилик ҳуқуқ ҳимоячиси Акромхужа Муҳиддиновга кўра, "Бирдамлик" ҳаракати фаоли Гавҳар Бердиева Тошкентга келаётган маҳал Чиноз туманидан ушлаб кетилган.

Акромхўжа Муҳиддиновнинг айтишича, Гавҳар Бердиева 20 январ куни Ўзбекистон Президенти девони олдида пикет ўтказиш учун келиши керак бўлган, аммо белгиланган вақтда манзилга етиб боролмаган.

"У уч кун бурун уйидан чиқиб кетган экан, Чиноз туманига келган экан. 20чи число куни телефонлашиб турди. "Ман 40 минутда етиб бораман", деди. Лекин, етиб келмади. Кейин ман унга алоқага чиқдим. "Ман танишимнинг уйидаман, уйдан чиқа олмаяпман, кузатув остидаман", деди", дейди Акромхўжа Муҳиддинов.

Ҳуқуқ фаолига кўра, Гавҳар Бердиева кўп ўтмай яна қўнғироқ қилган ва қўлга олингани, ортга мажбуран қайтариб олиб кетилаётгани ҳақида маълум қилган.

Акромхўжа Муҳиддиновнинг айтишича, Гавҳар Бердиева "қўллари кўкраган"и, уни қаергадир сўроқ қилиш учун олиб боришгани, уйидан компютири ва телефонлари олиб қўйилгани ҳам маълум қилган.

"Биз хавотирдамиз, уйингизга етиб борамиз", деганимда, "келманглар, келсангиз манга яна тазйиқ бўлади", деб айтди", дейди у.

Акромхўжа Муҳиддиновга кўра, сўнгги марта Бердиева хоним ўз маҳалласидан телефон қилаётганини айтган ва ўзи билан боғлиқ ҳодисани матбуотга чиқармасликни ҳам сўраган.

Ҳозирда Гавҳар Бердиеванинг қаерда экани номаълум қолмоқда, унинг қаердалигини аниқлаш учун қилинган телефон қўнғироқлари ҳам зое кетган.

Жиззахлик инсон ҳуқуқлари фаоли Гавҳар Бердиева ўзи истиқомат қиладиган минтақадаги ижтимоий муаммолар - электр, табиий газ, тоза ичимлик суви таъминотидаги узилишлар ҳамда болалар мажбурий меҳнати борасидаги қатор мақолалари билан танилган.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари алянсига кўра, у 20-январ куни ўзи яшайдиган Ғаллаорол туманидаги қонунбузарликларга қарши норозилик билдиришни режалаган бўлган.