Диктаторлар, диктатуралар ва уларнинг ўзига хосликлари

Яқинда Британиянинг Essex университети олимаси Наташа Эзроунинг “Диктаторлар ва диктатуралар; Авторитар тузумлар ва уларнинг лидерларини тушуниш” номли китоби нашрдан чиқди.

Олима ўз монографиясида дунё бўйлаб қудратда бўлган диктаторларни турли гуруҳларга ажратиб, уларнинг ўзига хос жиҳатларини кўрсатишга ҳаракат қилган.

Биз муаллифнинг ўзи билан боғланиб, диктаторларни қандай тоифаларга ажратгани ва уларнинг шаклланиш жараёни билан қизиқдик:

Наташа Эзроу: Деярли ҳар бир раҳбар иложи борича кўпроқ ҳокимиятни ўз қўлида жамлашга ҳаракат қилади. Бунинг олдини олиш учун мамлакатда уларнинг фаолиятини текширишга ҳақли ва имконли идоралар мавжуд бўлиши керак. Яъни, хоҳ сиёсий партиялар бўлсин, хоҳ қонунлар ва маҳкамалар ва ёки фуқаровий жамият шаклланган бўлиши лозим. Аммо бу каби ташкилотлар бўлмаса, раҳбарлар аста-секинлик билан қудратни ўз қўлларига олишади. Улар ўзлари чиқарган фармонлари ёки олиб бораётган қатағонлари орқали ҳокимиятни бошқаришади. Бошқа томондан, бундай раҳбарлар атрофидагиларнинг ўзига бўйсунишлари ва уларнинг садоқатини қўлга киритиш учун шаҳсга сиғиниш тизимини шакллантиришади. Буларнинг сирасига ҳамма ерда, ҳаттоки, соатларгача ўз суратлари ва ҳайкалларини ўрнатиш, уларни мадҳ этувчи қўшиқлар яратиш, ҳафта ва ой кунларини уларнинг номларига мослаб, ўзгартириш каби ҳаракатлар киради. Шунингдек, бу каби шахсга сиғиниш уларни бир сирли лидерларга ҳам айлантиради. Бу эса, ўз навбатида, одамларда лаганбардорликни келтириб чиқаради ва бу каби ҳолат бир шахсга асосланган тузумларда кенг тарқалган бўлади. Лаганбардорликни кучайтирувчи яна бир омил – атрофдагиларининг бошини силашдир: Яъни, давлат раҳбарининг шахсан ўзи уларга турли лавозимларни тақсимлаб беради, пул ёки бошқа имтиёзлар бериб, унинг олдида қарздор бўлиб қолган одамларни садоқатларини давлатга эмас, ўзига кўрсатишларига ҳаракат қилади. Бошқа бир йўли эса, бу босимни кучайтириб, репрессиялар кампаниясини авж олдиришдир.

Би-би-си: Диктаторларни қайси кучлар ёки шахслар шу даражагача олиб келади? Атрофидагиларнинг лаганбардорликларими?

Наташа Эзроу: Ён-атрофидаги шотирлари яккаҳокимлик қилаётган раҳбарнинг саъй-ҳаракатларини ҳеч ким назорат этмаётганлигини яхши билишади ва сезишади. Бу каби тузумларда раҳбарлар қудратни ўз қўлларида тутиб қолиш васвасасига йўлиққан бўлишади. Шунинг учун ҳам улар ҳокимиятга жуда ҳам ташна бўлишади. Чунки жамиятда бу каби вазиятни тинч йўл билан ўзгартириш тизими шаклланмаган. Яъни қонуний йўл билан ҳокимиятни ўзгартириш имкони йўқ. Шу боис ҳам, улар ҳар доим қўрқувда яшашади, ўзларини кимдир ўлдирмоқчи ёки унга қарши фитна уюштирмоқчи, деган фикрда яшашади. Бу эса, ўз навбатида, атрофидагиларнинг давлат раҳбарига доимо, “Ҳа, сиз ҳақсиз”, деб туришлари ва фақат раҳбар хоҳлайдиган гапнигина гапиришларига олиб келади.

Би-би-си: "Диктаторлар ва диктатуралар” номли китобингизнинг бобларидан бири “Диктатураларни аниқлаш мезонлари”, деб аталган. Марказий Осиё минтақасининг авторитар раҳбарларига келганда, сиз уларни қандай аниқлаган бўлардингиз?

Наташа Эзроу: Марказий Осиёдаги режимлар моҳиятан кўпроқ шахсиятга асосланган. Минтақада кучли партиялар йўқлиги, қонунлар ожиз бўлгани ва маҳкама тизимининг заифлиги туфайли, бир шахс ҳокимиятни ўз қўлида жамлашга муваффақ бўлади. Қозоғистонга келганда, айрим фарқларни кўриш мумкин. Бу ерда минтақанинг бошқа давлатларига қараганда, ҳукуматнинг фаолиятини назорат этишга қодир бўлган институтлар бор. Аммо қолган Марказий Осиё давлатлари сиёсий нуқтаи назардан жуда ҳам ожиз. Тожикистон ва Қирғизистон бунга яққол мисол. Бутун ҳокимиятнинг бир шахс қўлида тўпланиши жамиятга катта зиён келтиради. Нафақат демократиянинг бўғилиши, балки барқарорлик ва иқтисодий тараққиётнинг йўлига ҳам ғов бўлади.

Би-би-си: Ҳокимиятга янги келган пайтларида аксарият Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ўзларини оддий халққа яқин тутишган, аммо йиллар ўтиши билан одамларни ўзларига яқин йўлатмайдиган авторитар раҳбарларга айланганликларининг далолати бир талай. Сиз уларни диктатор деб айтган бўлардингиз?

Наташа Эзроу: Гапнинг пўсткалласини айтганда, Марказий Осиё раҳбарларининг ҳаммасини “диктатор”, деб аташ мумкин. Чунки улар ҳали-ҳануз қудратдалар. Яқинда ҳокимиятни ўзгартиришга қаратилган айрим хатти-ҳаракатлар ҳам кузатилгандек кўринди. Аммо жамиятда очиқ ва адолатли сайловлар каби бунинг қонуний йўллари бўлмаса, буларнинг ҳаммасини диктатура, деб атаса бўлади. Сўзсиз, сайловларга йўл берилган мамлакатларни демократик йўлдан кетаяпти, деб айтиш мумкиндир. Аммо аслини олиб қарасангиз, бу каби давлатларда ижроий ҳокимиятнинг ўзгаришига умуман йўл қўйилмаган.

Бу мавзуда батафсилроқ