"Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларига оид кўрсаткичлари қўрқинчли даражада"

Human Rights Watch
Image caption Ўзбекистон ҳукумати Human Rights Watch ташкилотига мамлакат ичкарисида фаолият юритишга изн бермайди.

"Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларига оид кўрсаткичлари қўрқинчли даражада ва 2011 йилда жўяли илгарилаш бўлгани йўқ."

Human Rights Watch халқаро ташкилотининг янги ҳисоботи Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид вазият ҳақида ана шундай хулоса билдиради.

Якшанба куни эълон қилинган ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистон жиноий адлия тизимида қийноқлар мунтазам қўлланади.

"Расмийлар фуқаровий жамият фаоллари, мухолифат аъзолари ва журналистларни нишонга олишда ва давлатнинг кучли назоратидан ташқарида ибодат қилувчи диндорларни таъқиб этишда давом этмоқда," - дейди Human Rights Watch.

Унга кўра, мамлакатда сўз эркинлиги ўта чекланганлигича қомлмоқда.

Ҳисоботда шунингдек, Ўзбекистонда пахта йиғим-терими пайтида мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланиш давом этаётгани қайд этилган.

Human Rights Watch ҳукуматни 2005 йил Андижон шаҳрида содир этилган "қирғин" юзасидан адолатни тикламаганликда айблаган.

Ташкилот ҳисоботида қайд этилишича, Ўзбекистон ҳукумати "Араб Баҳори" номини олган ҳаракатларга жавобан мамлакат бўйлаб хавфсизлик чораларини ва интернет устидан назоратни янада кучайтирган.

Шунингдек, ҳисоботда Қўшма Штатлар ва Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистон билан яқин алоқаларни ўрнатишга интилгани таъкидланган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мустақил журналистлар

"Ўзбек расмийлари ҳуқуқбонлар ва бошқа жамият фаолларини давомли қўрқитишади, қамоққа олишади, ёмон муносабатда бўлишади ва қийноққа солишади," - дейилади ҳисоботда.

Айни ҳолат, ташкилотга кўра, 2011 йилда ҳам давом этган.

Унга кўра, ҳозирда Ўзбекистонда камида 13 ҳуқуқбон, жумладан Солижон Абдураҳмонов, Аъзам Фармонов, Ғайбулло Исҳоқов, Алишер Кароматов, Норбой Холжигитов ва Дилмурод Саидов қамоқда сақланмоқда.

Ҳисоботда мазкур ҳуқуқбонлардан бир нечтасининг соғлиги яхши эмаслиги ва уларнинг камида етти нафари қийноққа солингани қайд этилган.

Ташкилот ҳуқуқбон Ғайбулло Жалилов яқинларига иқтибосан унинг 2011 йилда давомли қийноққа солиниши натижасида икки қулоғи деярли кар бўлиб қолганини билдирган.

"Бошқа фаоллар, жумладан мустақил журналистлар ва мухолифат аъзолари, сиёсий важларга асосланган айбловлар билан қамоқларда қолишмоқда. Шоир Юсуф Жума ва яна уч фаол - Фарҳод Мухторов, Норбой Холжигитов ва Максим Попов озод этилган эсалар-да, ҳукумат ўз танқидчиларига босимлар ўтказиш сиёсатини юмшатгани йўқ," - дейилади Human Rights Watch янги ҳисоботида.

"Андижон қирғини"

Ташкилотга кўра, Ўзбекистон ҳукумати, Андижон воқеаларидан олти йил ўтган бўлса ҳамки, мустақил текширув ўтказишга розилик бидиргани йўқ.

Ҳисоботда илова қилинишича, Ўзбекистон ҳукумати Андижон воқеаларига гувоҳ бўлганларни ҳамон таъқиб этмоқда.

"Ўзбек ҳукмати хориждан бошпана олганларнинг оилаларига босим ўтказишда давом этмоқда. Полиция уларни давомли кузатувга олади, терговга чақиради ва уларга нисбатан жиноий иш очиш ёки уйларини тортиб олиш билан қўрқитади," - дея қайд этилади ҳисоботда.

Унда, шунингдек, ўтган йил давомида Ўзбекистонда диний экстремизмга алоқадорликда айбланиб, 100 дан ошиқ одам ё ҳибсга олингани ёда жазога тортилгани таъкидланган.

Бу мавзуда батафсилроқ