Араб баҳори ва Патриархнинг кузи

"Осмон мезонлардан йилтирар эди. Йигирма йил аввал эди, куз эди, еру осмон тиниқ эди. Ва ҳавода ўргимчак иплари оҳиста сузардики..."

Мурод Муҳаммад Дўстнинг "Лолазор" романи ибтидосидаги бу жумла худди шеър каби ўқилади. Ўқилиши баробарида муаллиф ўйлаб топган ташбеҳ сингари хотирага муҳрланади. Ўзбек романчилигида хазонрез, ва айниқса, умр кузининг бу каби поэтик тасвирини бошқа биронта насрий асарда учратиш қийин. Умрки, саройларга ошнолик ва ҳукмфармоликда ўтган...

Роман ёзилганига йигирма йилдан ошди. Бу йигирма йил асносида муаллифнинг ўзи ҳам қаҳрамони сингари саройларга ошно бўлди. Бугун саройдан узоқроқда, "оҳиста сузиб юрган ўргимчак иплари"ни мушоҳада қилаётган бўлса ажаб эмас...

1997 йилнинг кузи эди. Президент Ислом Каримов билан суҳбат учун девонга таклиф этилдик. Мурод Муҳаммад Дўст Президентнинг матбуот котиби эди. Каримовнинг қабулига киришдан аввал унинг хонасида бироз суҳбатлашиб ўтирдик. Мен Мурод акага "Лолазор"даги қаҳрамонига ўхшаб кетаётганини айтдим. "Ёзаяпсизми?",- деб сўрадим. "Материал тўплаяпман", - деди Мурод ака юзига қитмирона тус бериб.

Бунга ҳам 15 йил бўпти. Мурод ака тўплаган "материаллар"нинг биронтаси бирон жойда эълон қилингани йўқ. У раҳбарларидан бўлган давлатнинг хабар агентлиги эса 74 ёшни қаршилаётган Президент Каримовнинг расмини "ретуш" қилиш, ёшартириш билан овора.

Аммо бундан 15 йил аввал матбуот котибининг қартайиб қолган давлат раҳбарининг суратларини ёшартириш каби бир ташвиши йўқ эди. Ўша куни гап орасида журналист ҳамкасбларимиздан бири "катта"нинг кайфияти ҳақида сўради. "Кайфияти яхши,- деб бошлади Мурод ака, фақат... "2000 йилда ҳам президентликка номзодингизни қўясизми?" деган савол ёқмабди. "Нима, мен ўлиб кетаяпманми, нимага менга бундай савол беради?", деб жиғибийрон бўлди "катта", - деди Мурод ака ўпкалаган оҳангда. Саволни мен берган эдим. Бир кун аввал ярим тунда қўшнимнинг уйига телефон қилишиб, (мен яшаётган дўстимнинг уйида телефон йўқ эди) "эртага президент билан суҳбат бўлади, саволларни олдиндан берсангиз" дейишди. Бу тўсатдан бўлган таклиф эди ва мен ақлимга келган биринчи саволни айтдим. Телефондаги Ташқи ишлар вазирининг матбуот котиби "бундан бошқа саволингиз йўқми?" деб сўради норози оҳангда. Мен "саволлар кўп, аммо бу муҳим", дедим. Саволни маъқуллашдими ёки таклифларини қайтиб олиш ноқулай бўлдими, ҳар қалай, котиб ярим кечада яна телефон қилиб, "эртасига суҳбатга келаверинг", деб айтди.

Мурод аканинг "катта"нинг жиғибийрон бўлгани ҳақидаги сўзлари менга қаратилган эди. Нозиктаъб адиб ва матбуот котиби "иложи бўлса шу саволни бермагин" демоқчи эди. Аммо мен ўзимни бу дипломатик назокатни тушунмаганга олдим...

... Аъёнлари қуршовида ҳашаматли қабулхонага ўқдай учиб кирган Президент бизни илиқ қаршилади ва суҳбатни протоколда кўрсатилган қабулхонасининг бир бурчагидан хорижий ҳайъатлар билан музокаралар олиб борадиган муҳташам столига кўчирди. Мен унга ўзига аввалдан маълум бўлган ўша саволимни бердим: "2000 йилда ҳам президентликка номзодингизни қўясизми?"..

Президент жавобини бошлашдан аввал менга, кейин матбуот котиби ўтирган томонга қаради. Сўнг томоғини қириб, "энди, ука..." деб бошлаганича, узоқ гапирди. Эсимда қолгани аввалдан номзодини қўйиш-қўймаслигини эълон қилса, қандайдир "қора кучлар" ҳушёр тортиб қолиши ва барқарорликка путур етиши ҳақидаги сўзлар эди. Аммо у қанчалик узоқ гапиргани сайин жавобдан ҳам шунчалик узоқлашиб борарди. Гапи-маърузасини тугатаркан, мен томонга юзланиб, "агар рухсат берсангиз,- дея яна томоғини қирди ва заҳарханда жилмайиш билан атрофидагиларга қаради. Президентнинг киноясини англаган ҳушёр аъёнларидан баъзилари хахолаб кулиб юборишди. "Рухсат берсангиз, дея яна бир марта такрорлади ҲЕЧ КИМДАН РУХСАТ СЎРАМАЙДИГАН Ҳокими Мутлақ, сизга яна бир-бир ярим йилдан кейин жавоб берсам...". Мен нимага рухсат беришим кераклигини тушунмаганим учун, Президентнинг киноясини ҳам тушунмаганга олдим ва атрофдагиларнинг ўринсиз кулгисидан мулзам бўлмасликка тиришдим. Тўғридан-тўғри жавобдан қочган Президент саволнинг устидан, ундан ҳам кўра кўпроқ менинг устимдан кулишга ҳаракат қилаётган эди. Ваҳоланки жавоб аниқ эди. У нафақат 2000 йил, балки 2007 да ҳам номзодини қўйиш, устига, 2002 йилда ҳеч қандай сайловсиз муддатини узайтириб олишни режалаган эди. Эҳтимолки, шуни ҳам билмаган мухбирнинг соддалигидан кулаётган эди.

Аммо бугун орадан 15 йил ўтган бўлса ҳамки, яна ўша савол кун тартибида. Ва нафақат соддадил мухбирлар, балки бутун дунё ҳануз фол очиб ўтирибди: "2014 да номзодини қўядими, қўймайдими?"..

Каримов учун сайловда номзодини қўйиш-қўймаслик деган конституциявий бир дилемма йўқ эди. Бундай дилемма орадан 15 йил ўтганидан сўнг ҳам пайдо бўлгани йўқ.

Аммо бугун бошқа бир нарса бор. Бу-қартайиб бораётган Президентнинг ёши ёки колумбиялик атоқли ёзувчи Габриел Гарсиа Маркес айтмоқчи, "Патриархнинг кузи".

Бундан уч - тўрт йил бурун Маркеснинг романи таниқли мунаққид ва яқин-яқингача Ўзбекистондаги қўғирчоқ "мухолифат" партияларидан бирининг раҳбари бўлган Иброҳим Ғафуров таржимасида "Бузрукнинг кузи" номи билан Тошкентда нашр этилди. Ношир дўстларимиздан бирининг айтишича, нашрдан хабар топган президент девонидагилар бундан "адабий воқеа" ясамасликни маслаҳат беришган. Ҳойнаҳой, қўлида мутлақ ҳокимият бўла туриб, ундан яхшилик йўлида фойдалана олмагани боис бахтсиз бўлган, чор тарафдан тинимсиз мақталгани ҳолда, битмас-туганмас нафратга сазовор кўрилган диктаторнинг ўз "катта"ларига жуда ҳам ўхшашидан бўлса керак. Маркес 20 йил ҳокимиятда бўлган қаҳрамони-диктаторнинг кимлигини ҳанузгача айтмаган. Нима фарқи бор? Зотан унинг кимлигини бугун оддий ўзбек ўқувчиси ҳам билади. Шунинг учун ҳам "Патриархнинг кузи", то патриарх ҳаёт экан ва Ўзбекистондаги эркакларнинг ўртача умр кўриш нисбати расмий статистикада худди патриархнинг ёшига мос равишда ҳар йили бир йилга узайиб борар экан, (бу йил 74 деб эълон қилинди) бошқа чоп этилмайди. Аммо ҳокимият қанчалик мутлақ бўлмасин, унинг ҳам инсон умри каби поёни бор. Раҳматли шоир Рауф Парфи, ўзининг айтишича, 60-70 йилларда шоир дўстлари даврасида "сиёсий башоратлар"ни қилиб юрар экан. "СССР деган салтанат қулайди, Ўзбекистон мустақил бўлади" қабилида. Дўстлари ундан "Бунинг учун нима қилиш керак?" деб сўрашса, Рауф ака фақат елка қисар экан. "Мен билмайман, нима қилиш кераклигини, аммо ТАБИИЙ шундай бўлиши керак!" дер экан у. Шоир ўз табиати билан сиёсий жараёнларнинг ҳам табиий ўзани бор, деб ишонган ва хато қилмаган. Бугун араб дунёсида ўзанларни бузиб оқаётган жараёнлар ҳам шоир айтган табиийликнинг ҳосиласи бўлса, не ажаб. Зотан, бу табиийликда ҳамма нарсанинг ибтидоси ва интиҳоси бор. Худди "Патриархнинг кузи" сингари:

"Лекин у ахир биларди бошданоқ: унга хушомад қилгувчилар уни алдайдилар, у биларди, хушомад учун нақдина оладилар, у биларди, уни шодумон шарафлаган ва унга мангу бахтиёр ҳаёт тилаган издиҳомлар ҳарбийларнинг қурол кучи билан ҳайдаб келтирилади; у буларнинг барини билар ва ўзини шу ёлғонга, шон-шуҳратнинг шу тубан ўлпонига суяниб яшашга ўргатганди... Умр кузининг хазонгарчилиги бошланганда, у шунга ишонч ҳосил қилдики, ўз ҳокимиятига ҳеч қачон тўла эга бўлолмайди, бутун ҳаётни ҳеч қачон тўлалигича қамраб ололмайди, зеро, бу ҳаётнинг ёлғиз орқа томонинигина билишга маҳкум, чокларинигина кўздан кечиришга маҳкум... лекин биз бу ҳаётни бутунлай бошқа томондан кўрардик, жаноб генерал, биз уни хўрланган, маҳрум этилганлар томонида туриб кўрардик, биз уни қайғу-ғамларимизнинг битмас-туганмас йиллари оша ичкаридан туриб кўрардик, сизнинг туганмас сарғайган хазонгарчилигингиз йиллари, йиллар оша кўрардик уни, ва шунга қарамай биз яна барибир яшардик ва ҳар ҳолда бизнинг дардимиз дард эди... У эса бизни ҳам, ўзини ҳам яхши билмай мажҳулликда ўтди, бузрук тушмагур, мудом ўзининг чуриллаган даббасига андармон бўлди, тақдир меҳмонининг ногаҳон бир зарбаси билан омонсиз қулади, илдиз-пилдизи билан қўпорилиб йитди... у энди ҳаётга бегона, кўчаларга гурас-гурас ёпирилиб чиққан ва хуррам қўшиқлар куйлаган одамлар издиҳомининг еру осмонларни тўлдирган қувончларини эшитмасди, у энди байрам оташбозликларию эрк ноғораларини эшитмасди, у энди одамлар ва дунёга эзгу хабар тарқатаётган бонг садоларини эшитмасди, мангуликнинг беҳад-беҳисоб вақти ниҳоят тугаган эди"...