Америкада бошпана олган ўзбекистонлик терроризмда айбланмоқда

Федерал Қидирув Бюроси
Image caption Жамшид Мухторов ўтган ҳафта Федерал Қидирув Бюроси томонидан ҳибса олинган эди

Қўшма Штатларда бошпана олган ўзбекистонлик Жамшид Мухторов терроризмда айбланмоқда.

35 ёшли Жамшид Мухторов 21 январда Чикагонинг О'Ҳара халқаро аэропортида Федерал Қидирув Бюроси томонидан ҳибсга олинган эди.

У 2007 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қочқин мақомини олган ва АҚШнинг Колорадо Штатига жойлаштирилган эди.

Федерал Қидирув Бюроси Жамшид Мухторовни Исломий Жиҳод Иттифоқига "моддий дастак кўрсатиш ва моддий дастак кўрсатишга уриниш"да айбламоқда.

Исломий Жиҳод Иттифоқи АҚШ Давлат Департаменти томонидан террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган.

Колорадо Штатида нашр этилувчи Denver Post газетасининг Федерал Қидирув Бюросига иқтибосан хабар беришича, Жамшид Мухторов Исломий Жиҳод Иттифоқи аъзоси билан эмейл орқали алоқага чиққан.

Федерал Қидирув Бюросига кўра, Жамшед Мухторов электр почта ёзишмаларида код сўзларни қўллаган ва Исломий Жиҳод Иттифоқидан уни "тўй"га таклиф қилишни сўраган.

Мухторов хатларидан бирида "ўлим хавфи остида бўлса-да, вазифани бажаришга тайёр" эканини айтгани таъкидланади.

"Исломий Жиҳод Иттифоқи" Ўзбекистон Исломий Ҳаракатидан ажралиб чиққан қуролли гуруҳ ҳисобланади.

Гуруҳ Покистоннинг озод қабилалар яшовчи минтақаларда фаол экани айтилади.

''Исломий Жиҳод Иттифоқи террорчи ташкилотига моддий ёрдам бериш жиноят ҳисобланади,' - дея АҚШ Адолат Департаменти сўзчиси Дин Бойд сўзларидан иқтибос келтиради Denver Post газетаси. - Бизнинг вазифамиз қонун устуворлигини сақлаш.''

Бироқ расмийларнинг қайд этишларича, Жамшид Мухторовнинг Қўшма Штатлар ҳудудида бирор ҳужумни режалаштирганига оид маълумот йўқ.

Жамшид Мухторовни таниган ўзбекистонликлар унинг Қўшма Штатларда бошпана олгунга қадар инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлганини айтишади.

АҚШ Давлат Департаментининг 2005 йилда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид ҳисоботида маълум қилинишича, Жамшид Мухторовнинг синглиси Дилдоро Мухторова қотилликда айбланиб, ҳибсга олинган.

Жамшид Мухторов ҳибсга олингунга қадар оиласи билан Денвер шаҳри яқинидаги Аврора минтақасида яшаган ва юк машинаси ҳайдовчиси бўлган.

Маълумотларга кўра, Колорадо Штатида 2005 йилдан буён 157 нафар Ўзбекистон фуқароси бошпана олган.