'Ўзбекистонда бахтсизлардан кўра, бахтиёрлар кўп'

Image caption Сўнгги сўров натижаларидан аён бўлишича, Ўзбекистонда аҳолининг бор-йўғи 2 фоизи ўзини "бахтсиз", деб ҳис этаркан

Американинг Gallup халқаро омма фикрини ўрганиш маркази томонидан олиб борилган янги сўров натижаларидан аён бўлишича, Ўзбекистонда ўзини бахтли ҳисобловчи инсонларнинг сони "бахтсизман", деганларидан бир неча ўн баробар кўп экан.

Яъни, сўровда хулоса қилинишича, Ўзбекистонда "бахтлилар"нинг сони 65 фоизни ташкил этган бир пайтда, "бахтсизлари" бор-йўғи 2 фоиз экан.

Бу сўровда иштирок этган собиқ МДҲ давлатлари орасидаги энг яхши кўрсаткичдир.

Янги сўров дунёнинг 58 давлатида 45 минг киши орасида олиб борилган.

Gallup олиб борган тадқиқотларга қаралса, дунёдаги бахтли одамларнинг сони ҳам бахтсизлариникидан камида тўрт баробар кўпроқ экан.

Аён бўлишича, Ер юзи аҳолисининг ярмидан ортиқроғи ўзларини бахтиёр ҳисоблашган бир пайтда, бор-йўғи 13 фоизи "бахтсиз" экан.

Қўшни Қозоғистонда эса, ўз ҳаётидан мамнун бўлган инсонлар сони 40 фоизга етар-етмас, умидсизлариники эса, 8 фоиз бўлиб чиқибди.

Шунча табиий захираларнинг устида ўтирганига қарамай, аҳолисининг бахтиёрлиги бўйича Россия 58 та давлат ичида 40-ўринда экан.

Ўзларининг бахтсиз ёки бахтли эканликларини билмаган инсонлар (42 фоиз) сони бўйича ҳам, Россия сўров иштирокчилари орасида юқори ўнликка кирган.

Марказнинг "Дунёдаги умид ва умидсизлик даражаси"ни аниқлашга қаратилган сўнгги сўрови ўтган йилнинг октябр-декабр ойлари оралиғида ўтказилган.

Бахтиёр одамлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Агар сўров натижаларига қаралса, Нигерия аҳолисининг 90 фоизга яқини бахтли экан

Уни, буни қўйинг-ку, Ер юзидаги энг бахтли одамларнинг яшаш жўғрофияси ҳаммадан ҳам қизиқ бўлиб чиқибди.

Дунёнинг энг бахтли давлатлари бешлигини Фижи бошлаб берган бир пайтда, ундан кейинги ўринларни Нигерия, Голландия, Швейцария ва Гана эгаллашган.

Дейлик, Фижи ва Нигерияда одамларнинг қарийб 90 фоизи ўзларининг бахтиёр эканликларини айтишган.

Бу эса, бахт фақат одамларнинг ҳаёт даражаси, даромади ёки шахсий ютуқларига боғлиқ эмаслигини кўрсатган.

Социологларнинг хулоса қилишларича, бахтлилик даражаси - у ёки бу халқнинг маданий ўзига хослигига боғлиқ экан.

Улар шунча тадқиқотлари ортидан ҳам, одамларни нима бахтли қилишини англаб етмаганликларини ҳам тан олишибди.

Аён бўлишича, сўров юзма-юз ёки телефон орқали олиб борилган суҳбатлар ва онлайн-сўров натижаларига асосланган.

Аммо

Image caption Аммо сўров натижалари борасида айрим социологлар бошқача фикрда

Янги сўров натижаларига муносабат билдираркан, ўзбекистонлик социолог Алишер Илҳомов уларни ишончга лойиқ, деб билмаслигини айтади.

Унга кўра, Ўзбекистонда экани чоғида 10 йил давомида бу каби социологик сўровлар олиб бориш билан шуғулланган ва турли халқаро ширкатлар, ташкилотларнинг буюртмасини бажарган.

Социолог ўз тажрибасидан келиб чиқиб, соф методологик нуқтаи назардан бу каби миқдорий сўровларни мутлақ ҳақиқат деб қабул қилиб бўлмаслигини таъкидлайди.

"Дейлик, Америка ва Оврўпода ҳамма учун бирдек қилиб ишлаб чиқилган сўровнома Ўзбекистонда бошқача янграйди", дейди у.

"Миллий ўзига хосликлар, маҳаллий ижтимоий шароит ва миллий руҳият бу каби стандарт саволларнинг жавобларига жудаям катта таъсир кўрсатади".

"Шунинг учун ҳам, мен ўз иш тажрибамдан келиб чиқиб, бу каби миқдорий сўров натижаларига доимо шубҳа билан қараганман", дейди ўзбекистонлик социолог. - "Чунки бу каби тадқиқот усули фақат камдан-кам ҳоллардагина ҳақиқий вазиятни акс этдиради".

Унга кўра, масаланинг иккинчи томони - бу каби сўровнинг Ўзбекистонда қай тариқа олиб борилгани билан боғлиқ:

"Норинж инқилоблари ва Андижон воқесидан кейин, Ўзбекистонда бунга ўхшаш сўровлар устидан кескин назорат ўрнатилган. Кичик масштабда ва кам сонли одамлар орасида сўровлар ўтказиш мумкиндир, аммо бутун мамлакат бўйлаб бу ишни қилиш амалда жуда қийин. Шу сабабдан ҳам, халқаро агентликлар буткул давлат назорати остида бўлган омма фикрини ўрганиш марказларига мурожаат этишади. Улар эса, одатда ижобий маълумотларни тақдим этишади", дейди у.

Ўзбекистонлик социологга кўра, сўровлар қай бир марказ томонидан ўтказилган бўлмасин, уларнинг маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларининг кузатуви остига тушишлари эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Учинчи жиҳати эса, Ўзбекистонда сўз эркинлиги йўқлиги боис, одамлар кўчада бошқа, уйда бошқа гапни айтишади, деб давом этади социолог.

"Сўровлар уйма-уй юриб ўтказилгани боис, одамлар биров эшитиб қолмасмикан, деган хавотирда бўлишади. Шунинг учун ҳам, саволларга жавоб бераркан, улар тарғибот-ташвиқот гапларига асосланишади. Тарғибот ва ташвиқотларда эса, одамларнинг мамнун ва бахтиёр эканликлари айтилади. Бир оғиз сўз билан айтганда, одамлар мавжуд шароитга мослашишади".

Ўзбекистонлик социологнинг ўз ўрнида қўшимча қилишича, оила деярли барча ўзбекларнинг ҳаётида муҳим ўрин тутгани боис, ҳамма нарсага шундан келиб чиқиб баҳо беришади.

"Агар улар оилада бахтли бўлишса, бахтлиман деб айтишади. Яна ўзларининг оилавий муҳитларини жамиятдан айри тутишади...".

Бу мавзуда батафсилроқ