Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Робия Мухторова:"Ўғлим экстремист ташкилот аъзоси эмас"

Image caption "Ўғлим бегуноҳ..."

Америкада исломий экстремист гуруҳга кўмак беришда гумонланиб қўлга олинган Жамшид Мухторовнинг онаси Робия Мухторова Тошкентда ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қўлга олиниб кейинроқ яна озод этилган.

Жиззахдан Тошкентга сафар қилган Мухторова хоним Америка элчихонасига кириб дипломатлар билан ўз фарзандининг тақдири ҳақида суҳбатлашиш ниятида бўлган.

Аммо Робия Мухторова милиция ходимлари уни кўчада тутиб олишгани ва бир неча соат сўроқ қилишиб, кейинроқ Тошкентга қайтмаслик шарти билан пойтахтдан чиқариб юборилгани айтади.

Робия Мухторованинг ўғли Жамшид ўтган ой охирларида Чикагонинг О'Ҳара халқаро ҳаво қўнолғасида Федерал Қидирув бюроси томонидан қўлга олинганди.

Кейинроқ Американинг Денвер маҳкамаси қаршисида ҳозир бўлган ва халқаро террорчи ташкилотга кўмак беришда айбланган ўзбекистонлик қочқин Жамшид Мухторов ўзига қўйилаётган айбларни рад этган эди.

Жамшид Мухторов 2007 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қочқин мақомини олган ва АҚШнинг Колорадо Штатига жойлаштирилган эди.

Жамшид Мухторовни таниган ўзбекистонликлар унинг Қўшма Штатларда бошпана олгунга қадар инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлганини айтишади.

АҚШ Давлат Департаментининг 2005 йилда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид ҳисоботида маълум қилинишича, Жамшид Мухторовнинг синглиси Дилдоро Мухторова қотилликда айбланиб, ҳибсга олинган.

Жамшид Мухторов ҳибсга олингунга қадар оиласи билан Денвер шаҳри яқинидаги Аврора минтақасида яшаган ва юк машинаси ҳайдовчиси бўлган.

Маълумотларга кўра, Колорадо Штатида 2005 йилдан буён 157 нафар Ўзбекистон фуқароси бошпана олган.

Робия Мухторова Би-би-си билан суҳбатда ўз ўғлининг мутлақо айбсизлигини урғулайди.

“Ўғлим ҳеч қачон экстремист гуруҳларга аъзо бўлмаган, уларга маблағ бермаган, чунки бунинг имкони йўқ. У ўзи молиявий ёрдамга муҳтож, “ дейди Мухторова хоним.