BBC navigation

"Диктаторлар" билан мулоқот қилган яхшими?

Сўнгги янгиланиш 13 феврал 2012 - 15:36 GMT

Мақолада АҚШнинг Ўзбекистон борасидаги сиёсати Суриядаги сиёсат билан солиштирилади.

Британияда чоп қилинувчи Гардиан газетаси Ўзбекистон ва Ғарб алоқаларини танқид қилган. Унда чиқарилган мақола муаллифига кўра, Америка ва Олмония каби Ғарб мамлакатлари Суриядаги тузум ўзгаришига чақириш билан бирга, ундан кўп фарқи бўлмаган Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашда давом этаяпти.

"Ўзбекистонда Вашингтонга муҳим бўлган бир бойлик бор. Бу шимолий Афғонистонга чўзилган темир йўллардир. Айнан шу йўл Американинг Шимолий Таъминот йўли билан ном қозонди. Мана шу "бойлик"ни деб Америка ва Оврўпо Иттифоқи Америка элчихонасининг махфий ёзишмаларида айтилган - мисли кўрилмаган коррупция, уюшган жиноятчилик, мажбурий болалар меҳнати ва қийноқ қўллаш ҳолатларига кўз юммоқда", дейилади мақолада.

Ўтган ой АҚШ Давлат Котиби Ҳиллари Клинтон инсон ҳуқуқлари поймол этилгани учун ўрнатилган ҳарбий ёрдамга таъқиқни бекор қилди. Бироқ, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан бўлган абгор вазият ҳеч ўнгланаётгани йўқ.

"Ўзбекистонда барқарорлик ҳақида гапиришга эрта. Зиддиятлар учун лозим бўлган барча шарт-шароит бу мамлакатда мавжуд. Толиблар сафида курашган ўзбеклар бор... Америка Афғонистонни тарк этар экан, исломий жангарилар бу мамлакат дарвозаларига қадар келиши эҳтимоли бор", деб ёзади Гардиан газетаси.

Гардиан мақоласи, Ғарбнинг Сурия ва Ўзбекистон каби давлатларга нисбатан сиёсати иккиюзламачиликка асосланаётганига ишора қилади.

Ундан келиб чиқадиган яна бир хулоса шуки, Ғарбнинг Президент Каримовни дастаклаш сиёсати Ўзбекистонда йирик нотинчлик юзага келишига сабаб бўлиши мумкин. Бу қараш нақадар асосли?

Би-би-си бу ҳақда Марказий Осиёда фаолият юритган олмониялик журналист ва таҳлилчи Маркус Бенсмандан сўради.

Бенсман: Ислом Каримовнинг ҳукумати Ўзбекистонда келажакда беқарорлик келиб чиқишига сабаб бўлишига менинг ишончим комил. Унинг 20 йилдан ошиқ ҳукмронлиги даврида фуқаролик жамиятининг кўп фаоллари чет мамлакатларга чиқиб кетишди, мамлакат ичида тинч ва қонуний йўл билан ҳукумат ўзгаришини амалга оширадиган одамлар деярли қолмади. Каримов ҳукм суришда давом этар экан, унинг ўзи келгуси беқарорлик учун жавобгар бўлади. Бу беқарорликка нафақат Каримов, балки унинг шериклари, хусусан АҚШ, Олмония ва НАТО давлатлари масъул бўладилар. Олмония ва АҚШ каби йирик шериклар "Ўзбекистон билан диалог олиб бориш билангина ўзгаришга эришиш мумкин" деган жумлани қўллашни ҳуш кўрадилар. Лекин, бу Марказий Осиёда иш бермаяпти, бунинг бир неча бор исботини кўрдик. Аслида, бу йирик шериклар Марказий Осиёдаги ўзгаришлар ҳақида ҳеч қайғуришмайди, уларни кўпроқ ўз манфаатлари қизиқтиради. Бу ҳам бўлса, Ўзбекистон орқали ўтадиган Шимолий Таъминот йўли ва Термездаги ҳарбий қўналға. Мана шу манфаат йўлида улар демократия ва инсон ҳуқуқлари каби тамойилларини қурбон келтиришга тайёрлар.

Би-би-си: Лекин, реалполитикнинг тамойилларидан бири шуки, экстремистлар билан жанг қилгандан кўра, диктаторлар билан мулоқот қилган яхшироқ. Сиз бу тушунчага қўшилмайсизми?

Бенсман: Бу аҳмоқона тушунча. Чунки Каримовга ўхшаган ҳукмдорлар фундаментализмга қарши мавжуд бўлган кафолат эмас, балки ана шу фундаментализмнинг сабабидир! Айнан унинг ҳукмдорлиги ва мамлакат ичидаги ҳар қандай ҳурфикрлиликни буткул йўқ қилгани туфайлигина фундаментализм келиб чиққан. Исломчилар у ёқда турсин, унга қарши фикр билдирадиган ҳеч ким қолмаган. Бу нимани англатади? Бу дегани, Каримов давлатни бошқаришда давом этар экан, у Ўзбекистонни тинч йўл билан ўзгаришларга эмас, балки Эронча русумдаги ҳукумат ўзгариши томон силжитади.

Би-би-си: Туркманистонда президентлик сайловларида 97% аҳоли яна Президент Гурбангули Бердимуҳаммедовга овоз бергани эълон қилинди. Нодемократик дея танқид қилинадиган ҳукмдор яна ўз ўрнида қолди. Ғарб манфаатларига келсак, Туркманистон борасидаги сиёсат қандай?

Бенсман: Улар бундан ҳам ёмон. Ўзбекистон ҳозир АҚШ, Олмония ва НАТО учун Шимолий Таъминот йўли учун керак, лекин Туркманистонга бўлган қизиқиш иқтисодий сабабларга тақалади. Ғарб учун Каспий денгизи остидан ўтадиган газ қувури муҳим, шунинг учун бу диктатор атрофида рақсга тушишаяпти. Туркманистонда ҳам Ғарб мулоқот орқали ўзгаришга эришишга қизиқмайди, уларга фақат энергия заҳиралари керак. Яъни, бу ерда ҳам гап Ғарбнинг ўз манфаати ҳақида кетаяпти.

Би-би-си: Аммо, Қозоғистон мисолига келсак, у ерда мухолифат нисбатан эркин амал қилади, лекин айнан мухолифат ижтимоий норозиликларни келтириб чиқаришда айбланаяпти.

Бенсман: Қозоғистонда бир нарса аниқ бўлдики, бу каби диктатуралар ўз жамиятларида келиб чиқадиган норозиликларни ечишга ва бу каби муаммоларни ҳал қилишга бутунлай қодир эмаслар. Нефтчилар маоши каби муаммо ҳал қилиниши мумкин бўлган кичик муаммо эди ўзи. Лекин, авторитар тузумнинг қўлидан келмади бу иш. Бу яна бир исбот бўлди, яъни ҳукуматнинг ўзи ўша муаммонинг йирик нотинчликка айланиб кетишига сабабчидир. Жанаўзен мисолини таҳлил қиладиган бўлсангиз, Марказий Осиёдаги авторитар тузумларнинг ожизлигини кўрасиз. Қозоғистон Ўзбекистон ё Туркманистонга солиштирганда анча очиқроқ ва эркинроқ, лекин шунга қарамай, ҳамма муаммо фақат президент томонидан ҳал қилиниши керак деган қараш пайдо бўлган, жамиятнинг ўзи қандайдир муаммони ҳал қилишга қодир эмас. Ва бу бора-бора, Жанаўзен ва Андижон каби ҳолларни келтириб чиқараверади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.