Андижондаги кўп қаватли уйлардан бирида портлаш

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Андижон шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг бирида портлаш содир бўлган. Натижада 3 киши жароҳатланган ва яна бир ўсмир қаттиқ қўрқиш оқибатида шифокорга мурожаат қилган.

Ҳалок бўлганлар борасида бирор маълумот йўқ.

Портлашга сабаб газ таъминотидаги узилишлар эканлиги айтилмоқда.

Андижон шаҳридаги 2 микротумандаги 16 – уй учинчи қаватда содир бўлган портлаш натижасида хонадоннинг бир томони ўпирилиб тушган. Ҳодисани ўрганган андижонлик ҳуқуқбон Саиджаҳон Зайнобиддинов ҳодиса рўй берган уй айвонининг роми учиб кетганини айтади.

“Балконнинг роми буткул 15-20 метрга учиб тушган. Кўрпалари учиб чиққан”, - дейди Саиджаҳон Занобиддинов.

Портлаш туш маҳали содир бўлган. Портлаш натижасида 4 киши шифокорга мурожаат қилган.

Исмини ошкор қилишни истамаган Андижон шошилинч тиббий маркази масъули 3 киши касалхонага ётқизилганини айтди.

“Тўртта одам олиб келинди, биттаси ўсмир йигит қўрқиб кетган учун амбулатор муолажа олиб кетди”, - дейди шифохона масъули.

Портлаш натижасида 15 фоиз бадани куйгани айтилаётган Анвар Режеповнинг соғлиги яхши эканлиги, лекин ҳозирча юролмаслиги маълум бўлди.

Қолган икки киши ўт ўчирувчилар бўлиб улар шифохонага кечга томон олиб келинган ва аҳволи оғир бўлгани учун жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Шифокорлар уларнинг айни дамда травматалогия бўлимига ўтказилганини ва аҳволлари ўрта оғир эканлигини айтишмоқда.

Ўт ўчирувчилар портлашдан бироз вақт ўтиб вужудга келган ёнғинни ўчириш маҳали нарвондан тушиб йиқилган.

Портлаш содир бўлганидан кейин воқеа жойини миршаблар ўраб олгани ва тўпланганларни тарқатгани айтилмоқда.

Ўзбекистонда газдан нотўғри фойдаланиш натижасида портлаш ва ёнғинлар содир бўлиб турадиган ҳодисадир.

Газ йўқлиги оқибатида уйларнинг музлаб қолаётгани ва одамлар қўлбола иситиш скуналаридан фойдаланаётганини айтишади.

Мустақил ахборот нашрлари уйларнинг меъёрида исимаслиги оқибатида совуқдан ўлим ҳолатларининг учрашини ёзмоқда.