Тошкентда текширувлар ортидан қатор хусусий клиникалар ёпилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўзбекистондан келаётган хабарларга кўра, январ ойида ўтказилган текширувлардан сўнг бир қатор хусусий клиника ва шифохоналар фаолияти тўхтатилиб, лицензиялари олиб қўйилган.

Тошкентдаги йирик ва таниқли хусусий клиникаларидан бирида ишловчи ходимнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, 11 январ куни тушга яқин Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги, Санитария-Эпидимиология бўлими, Солиқ ва Божхона Қўмитаси вакилларидан иборат текширув гуруҳи қўққисдан клиникага кириб келиб, текширув ўтказа бошлаганлар.

Текширув вақтида клиникадаги жарроҳлик амалиётлари ўтказиладиган хоналардан тортиб ҳар бир хона, ходим, дори-дармонлар, санитария қонун-қоидаларига не қадар риоя қилинганлиги ва ғазнага келиб тушаётган молиялар текширилган.

Клиника ходимининг айтишича, бу каби текширувнинг ўтказилиш услуби кўпларни ҳайратга солган.

Биринчидан, клиниканинг кўп йиллар мобайнидаги фаолияти вақтида ҳеч қачон ўтказилмаган текширувнинг бу каби қўққисдан ўтказилиши, бундан ташқари мижозлар олдида шифохона ходимларининг қўпол равишда сўроққа тутилиши - буларнинг ҳаммаси текширув не қадар оқланган бўлмасин жуда оғриқли таъсир кўрсатган.

Текширув натижасида баъзи йўл қўйилган камчиликлар аниқланган ва бу камчиликларни тузатиш учун бир неча кунга шифохонани ёпиш тавсия этилган.

Лекин шу орада шифохона расмийларига фаолият юритиш учун берилган лицензияларини соғлиқни Сақлаш вазирлигига ўз хоҳишлари билан қайтариб бериб, кейин уни қайта олиш учун ариза беришлари кераклиги ҳақида норасмий равишда маслаҳат берилган.

Биз билан суҳбатда бўлган ходим ишловчи шифохона ҳудди шундай йўл тутган ва мана бир неча ҳафтадан бери лицензияни қайта олиш жараёни давом этмоқда.

Шифохона ходимига кўра, янги лицензия бериш билан шуғулланувчи расмийлар билан вақтида учрашиб, шартларни муҳокама қилиш қандайдир сабаблар билан ортга суриб келинмоқда.

Бу орада эса шифохонада ишловчи юздан ортиқ ходим ишсиз ва маошсиз қолганлар.

Шифохонада кунига ўртача 40қа яқин мижозга хизмат кўрсатилиб келган бўлса, улар ҳам тиббий хизматдан узилиб қолганлар.

Қайта муолажа тайинланиши ёда давом эттириши керак бўлган мижозлар эса қаерга мурожаат қилишни билмай, бошлари қотган.

Би-би-си билан суҳбатда бўлган Тошкентдаги яна бир хусусий шифохона раҳбарининг айтишича, уларда ҳам ҳудди 11 январ куни текширув ўтказилган.

Текширувчилар Вазирлар Маҳкамасининг "Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш" қарори асосида текширув ўтказилаётганлигини маълум қилганлар. Лекин шифохона ходимларига тақдим қилинган ҳужжатлардан дастлабкиси Тошкент шаҳар Солиқ Қўмитаси раҳбари томонидан имзоланган буйруқ бўлган.

Бу клиникадаги текширув натижасида ҳам баъзи камчиликлар, жумладан қайд этилмаган кам миқдордаги маблағ ҳам топилган.

Лекин шифохона ваклининг айтишича, шифохона кундалик эҳтиёжлари учун муайян миқдорда нақд пулга эга бўлиш керакдир, чунки банкдан керак бўлган вақтда нақд пул олиш кўпда муаммо бўлади.

Расмий изоҳ йўқ.

Би-би-си хусусий клиникалар фаолиятининг бу тариқа текширилиши ортида турган сабаб ва омиллар ҳақида расмий томон изоҳини ҳам олишга ҳаракат қилди.

Ўзбекистон Соғлиқни Сақлаш вазирлигининг Лицензиялар бўлимидан бизга айтишларича бу каби текширувлар ўтказилмоқда, лекин тафсилотлар борасида фақатгина бўлим бошлиғи маълумот бера олишини билдиришди.

Бўлим раҳбари Фарҳод Раҳимқулов эса фақатгина кечга томон вазирликда бўлиши айтилди.

Таҳлилчиларга кўра, хусусий клиникалар фаолиятининг расмийлар томонидан текширилиши Ўзбекистон аҳолиснинг охирги йилларда тиббий хизмат ва дори-дармонлар учун тўлов қобилиятининг тушиб кетаётганлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Ҳатто давлат қарамоғидаги шифохонларда ҳам кўплаб муолажалар тўлов эвазига амалга оширилади.

Би-би-си билан суҳбатда бўлган иқтисодий шарҳловчи Жаҳонгир Шосалимовнинг айтишича, ҳозирги вақтда касал бўлган одамнинг 5-10 минг америка долларида маблағи бўлмаса тегишли даражада тиббий хизмат олиши эҳтимоли деярли йўқ.

Ана шу манзарада расмийлар муаммони ҳал этишнинг энг осон ва жўн йўлини, яъни хусусий клиникалар фаолиятини чеклаш услубини қўллаётган бўлишлари мумкин.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, бошқа томондан хусусий клиникалар Ўзбекистондаги банк тизими номукамаллиги туфайли келаётган тушумнинг ҳаммасини ҳам банк ҳисобига ўтказишдан ўзларини тийишлари эҳтимоли ҳам бор. Чунки керак бўлган вақтда банкдан ўзларига тегишли пулни ололмайдилар.

Лекин шундай бўлган тақдирда ҳам, расмийлар рейдлар ўтказиб қайд этилмаган маблағларни аниқлаш ўрнига, хусусий клиникалар раҳбарларига қулоқ тутиб, бундай амалга нималар мажбур қилаётганлигини аниқлаб, омилларини бартараф қилишга ҳаракат қилсалар мақсадга мувофиқ бўларди, дейишади кузатувчилар.